Футболдаги ҳакамлик ўлмас мавзулардан бири. Нафақат ўзбек футболи, балки жаҳоннинг исталган лигасида ҳам ҳакамлар фаолияти кескин танқид, баҳс ва мунозараларга бой бўлади.
Аслида ҳакамлик энг масъулиятли ва оғир касб эканлигини ҳамма ҳам ҳис қила олмайди. Каттагина босим, икки жамоа футболчилари, мураббийлари, расмийлари, бутун стадиондан ташқари ҳакам ўз шерикларининг 90 дақиқа давомидаги фикрларини ҳам эшитиб бориши лозим. Бундай ҳолатга ҳар ким ҳам дош бера олмайди. Психологик жиҳатдан замонавий футбол ҳаками катта босимга дош бера олиши керак.
Лига, ассоциация ҳамда марказ ўзаро келишиб, 2022 йилги Ўзбекистон кубогининг финал учрашуви ҳакамлигини алоҳида суратга тушириб борганди. Тақдим этилаётган кадрлар ҳакамлик машаққатларини қисман бўлсада кўрсатиб беради. Биз бунда икки жамоа футболчилари, расмийлари ва мураббийларининг ноҳақ эътирозларию, куракда турмайдиган фикрларини очиқламасликка қарор қилдик ва шундай ўринларда микрофонни ўчириб қўйдик. Ваҳоланки, ўйин сўнгида финал ҳакамлиги борасида бирор нашр, мухлис ёки жамоа салбий фикр билдирмаган.
Босим, ҳақли ёки ноҳақ эътирозлар футболнинг ажралмас бир қисми. Бундан қочиб қутилишнинг иложи йўқ. Ишонамизки, холис фикр юрита оладиган ҳар қандай шахс ҳакамлар ҳам ўзимиз каби оддий инсон эканлигини ва доим ҳам уларга бўлаётган эътироз ўзини оқлайвермаслигини тушуна олади. Адашиш барчамизга хос. Шунга қарамай, ўзбек футболи ҳакамлиги ассоциация ҳамда марказ томонидан тинимсиз ислоҳ қилиб борилади, камчиликлар ўрганилади ва уларни такрорламаслик борасида ишланади.