Ўзбекистон ва Иордания ёшлар терма жамоалари ўртасидаги ўйин Рас ал-Хайма шаҳридаги "Эмирейтс" стадионида бугун соат 18:00да бошланади. Кеча ҳар иккала жамоа футболчилари машғулотларда иштирок этишди. Иорданиялик футболчилар хатолар устида ишлашди, Ўзбекистонга қарши ўйин тактикасига қаратилган машғулотларни олиб боришди.
Иордания терма жамоаси бош мураббийи Жамол Абу Обид жамоанинг тайёргарлиги ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди: "Ўзбекистонннинг гуруҳ босқичидаги биринчи ўйини ва аввалроқ Саудия Арабистонига қарши ўтказган ўртоқлик ўйинларини кўриб чиқдим. Унинг кучли ва кучсиз жиҳатларини ўргандим. Шундан келиб чиқиб, ўйин услубини танлаймиз. Бу ўйинда Аҳмад Исраваҳ иштирок эта олади. Шунингдек, Ўзбекистонга қарши ўйинда бир неча янги номларни кўришингиз ҳам мумкин".
"Ҳар икки кунда битта ўйин ўтказиш футболчиларни чарчатади. Шунинг учун плей-оффга чиқиш учун маълум дастур асосида ҳаракатланишимиз керак. Шунда яхши натижага умид қилсак бўлади", дейди мураббий.
"Бугунги ўйин муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ўйинда жамоаларнинг имкониятлари тенг, деб ҳисоблайман. Ўзбекистонга қарши ўйинда ижобий натижага эришиб, Вьетнам билан кечадиган 3-тур олдидан чорак финалга чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилишни ўйлаяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз мағлубиятга учрамаслигимиз керак. Ўзбекистон эса ўйинга босим остида чиқади. Боиси, улар сўнгги турда КХДР билан куч синашади ва ўша ўйин рақибларимиз учун муҳим ҳисобланади. Демак, бугунги ўйинда ғалаба ёки дуранг биз учун фойдали бўлади", дейди Абу Обид.
Иордания ёшлар терма жамоасининг бугунги ўйинга тахминий таркиби: 1. Нуриддин Атея, 14. Мунзир Ража, 4. Амир Абуҳудиаб, 6. Асим ал-Қуда, 18. Умар Халил ал-Ҳасаний, 17. Ражоий Айед Ҳасан (С), Самир Ража Сулаймон, 7. Фади Авад ал-Иссавий, 8. Лаит ал-Биштавий, 23. Билол Али Куайдир.