Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Ориоль Ромеу: «Энг ёмон ва хавфли рақибим – Давид Сильва»

Баҳо:
+ | -

Ориоль Ромеу - «Ла Масия»­да 7 йил таҳсил олган, аммо бир уринишда «Барселона» асосий таркибига ўрнашолмаган ярим ҳимоячи.

 30 ёшли футболчи 2015 йилдан буён «Челси», «Валенсия», «Штутгарт» ва «Саутгемптон» клублари либосида кўриниш берди. Ромеу жорий ёз «Менинг ҳаётим мавсуми, футболчининг ички саёҳати» номли автобиографик асарини нашр­дан чиқарди. Янги мавсум олдидан Каталония клубига қайтган испаниялик футболчи шу баҳона журналистлар билан алоҳида мулоқот уюштиришга қарор қилди.

- Ориоль, футбол оламининг заиф томонларини кўрсатиш одатий ҳол эмас. Китобингизда ўз шахсиятингизни тўлиқ очиб беришда қийналмадингизми?

- Йўқ, ўзим учун таниш манзаралар ҳақида ёздим. Шахсий фикримча, автобиография ёзишда қандайдир шубҳа-гумонлар эмас, балки фақат реал воқеликларни баён этиш керак. Футболда шундай ўйинлар бўладики, сиз жуда жўн ҳаракатланасиз ёки бирор янгича услубни синаб кўришда қийналасиз. Дейлик, рақиб сизга нисбатан босим даражасини оширса, ўз-ўзидан таваккал иш тутишдан чўчийсиз, креативликдан тийиласиз. Бироқ бутун ҳаракатлар занжирининг муайян қолипга тушиб қолиши ёқимсиз якунга олиб келиши ҳеч гап эмас.

- Китобингиздан кичик иқтибос келтирамиз: «Футболчида ишонч ҳисси пасайган паллада у ўзини кучли ҳис қилиш учун маълум ўйин вазиятини қидиради».  Шунга алоҳида изоҳ берсангиз...

- Ўз тажрибамдан айтсам, жисмоний ҳолат ва салоҳиятим менга камдан-кам ҳолатларда панд берди. Бордию, ўйиндан четга чиқиб қолганимни сезсам, дарҳол тўпни рақибдан олиб қўйиш ёки иккинчи қаватдаги дуэлларга киришиш асносида ўз салоҳиятимга нисбатан ишончни қайтаришга уринаман. Дейлик, кичик яккакурашлардаги устунлик ҳам футболчига ижобий таъсир кўрсатади. Агар мини-дуэлларда қайта-қайта ғалаба қозонсангиз, ўз-ўзидан руҳиятингиз кўтарилади ва янги чорловларга тайёр бўлганингизга ишонч ҳосил қиласиз.

- Баскетболчи Рики Рубио ўйин давомида вазиятлардан фойдаланиш масаласида муаммоларга дуч келгач, Рауль Лопес билан бирга ҳужумга тўғри нуқта қўйиш эмас, балки вазият яратиш устида қаттиқ ишлаган экан...

- Ҳа, одатда теннисчилар ҳам бу ҳақда кўп гапиришади. Оддий мисол, адашмасам, Рафа Надаль рақибнинг энг мураккаб зарбасига реакция билдирмаслигини айтганди, ҳаттоки, ҳал қилувчи дақиқаларда ҳам. Чунки бундай зарбани олиш эҳтимоли жуда паст. Бунга беҳуда уринишдан кўра, рақибга босим ўтказиш учун аниқ, ишончли ва механизациялашган ҳаракатларга эътибор қаратиш маъқул. Демоқчиманки, спортчи ўзининг энг кучли томонларидан максимал даражада фойдаланиш йўлида баъзи кескин дақиқаларни ўтказиб юбориши мумкин. Футболда ҳам худди шундай. Ахир 90 дақиқа давомида тинмай интенсив ҳаракатланишнинг иложи йўқ.

- Яна ишонч ҳисси ҳақида. Қизиқ, «Барселона»нинг асосий жамоаси сафидаги биринчи машғулотни қандай эслайсиз?

- Очиғи, тўп назоратига қаратилган машқлар тўплами бажарилган паллада унга 1-2 марта зўрға тегинганим ёдимда. Ўшанда ўзимча ҳайратланганим ҳам эсимда: «О-о, бу тамоман бошқа даража-ку!» Айниқса, футболчиларнинг бирор узатмада хатога йўл қўйишмаганидан чинакамига ҳайратланган эдим. Ҳаммаси аниқ-тиниқ ва доимий тажовузкор босим... Бундай ҳолатда янги футболчининг четга чиқиб қолиши эҳтимоли катта. Машғулотдан сўнг Хави олдига бориб, ҳайратимни яширмадим: «Мана, бугун сени бевосита амалда кўрдим. Фантастика...». Энг таажжублантирган томони, у хотиржам ва бепарвогина кулимсираб, жавоб берди: «Тўғриси, бугун ўзим истаган даражада яхши ҳаракатланолмадим». Шунда беихтиёр ўйладим: «О, агар Хави ўз даражасида яхши ишлаганида, мен нима қилардим?»

- Умуман, қайси футболчининг ҳаракатидан очиқчасига ёқа ушлагансиз?

- Мессининг тўп билан ишлаш бобида ҳаммадан бир бош устун эканлиги яққол кўзга ташланган эди. Дейлик, у деярли тезлик олмай туриб, 3-4 нафар футболчидан енгилгина ўтиб кетар, энг зич ҳимояни ҳам тарқанганча осонгина гол урарди. Умуман, ўша пайт «Барса» ярим ҳимояси Хавидан ташқари, Иньеста ва Бускетс бор эди, мудофаада эса Алвеш, Пике ва Пуйоль. Бундай истеъдодли йигитлар бир жойга тўпланишганида, бир-бирларини қўшимча озиқлантирадилар...

- «Барса»дан кейин «Челси»да бўлдингиз. Дрогба ва Терри каби катта юлдузлар билан битта кийиниш хонасида бўлиш қандай хотиралар қолдирди?

- Ҳар иккисини буюк ва етук етакчи, асосийси, ўта меҳнатсевар футболчи сифатида эслаб қолганман. Лекин «Челси» кийиниш хонасида бошқа юлдузлар ҳам ўз сўзларига эга эдилар - Чех, Лэмпард, Коул, Иванович, Торрес... Қайтараман, 1та жамоада кўплаб муҳим ижрочиларнинг тўпланишлари - кундалик мастер-сабоқ. 

- Лондондан ижара келишуви асосида «Валенсия»га ўтдингиз. Бир қарашда, ўз жойингизни топишда нисбатан кўпроқ вақт сарфладингиз...

- «Валенсия»да «Челси» футболчиси сифатида ўйнадим ва маълум мақомга яраша муносиб амалиёт олишим шарт эди. Ҳаттоки, ўзимни «Барса»дан ўтган баъзи собиқ клубдошларим билан таққосладим ва нима бўлишидан қатъий назар, етарлича ўйнаш ҳақида ўйладим. Бироқ охир-оқибат, мураббий нима учун бошқача фикрда эканлигини тушунолмайсиз. Нақ 3 ой давомида ўйнамаганимдан кейингина хулоса чиқардим: «Эҳтимол, ўзим ўйлаганчалик кучли эмасдирман...». Тўғриси, «Валенсия»га бошимда турли бемаъни хаёллар билан келгандим.

- Dolce&Gabbana либосларини сотиб олганингизда, Мата сизга яна бир ҳаётий сабоқ берганди...

- Ўша пайт Dolce&Gabbana «Челси»га ҳомийлик қиларди ва биз - футболчилар баъзи чегирмаларга эга эдик. Кўплаб йигитлар шу брендни танлашганидан келиб чиқиб, ўйлаб қолдим: «Яхши, «Челси»нинг асосий футболчилари харид қилишяптими, демак, мен ҳам қатордан қолмаслигим керак». Дўкондан қайтганимда эса Матага дуч келдим: «Нега? Буни ҳеч қачон киймагансан, сен учун эмас, сенинг услубинг бош­қа...». Бироз ўйлаб кўргач, унинг ҳақ эканлигини тушундим. Умуман, Dolce&Gabbana либосларини кийганимда ўзимни ноқулай ҳис қилдим ва улардан воз кечганман. Турмуш ўртоғимга раҳмат, ҳаммасини бошқа одамларга тарқатганди.

- Китобингизда «Ижтимоий тармоқларни жин урсин!» номли боб бор...

- Ҳаётда интернетдан унча кўп фойдаланмайман. Ўйиндан кейин фотосуратларни жойлаштириш, уларни кимдир билан баҳам кўриш... Сиз ижтимоий тармоқларда ёлғон сотасиз. Қисқаси, шу ёлғон домига тушишни истамайман.

- Қайси клубдош билан вақтни чоғ ўтказардингиз? Аксинча, қайси рақибни кўрарга кўзингиз йўқ?

- «Саутгемптон»да Жеймс Уорд-Проуз, «Валенсия»да эса Парехо билан яхши чиқишардик. Энг ёқимсиз рақиб? Бу - Давид Сильва! Чунки у сизни жуда қийин вазиятларга солиб қўядиган ақлли футболчи. Йўқ, Давид кучли ёки  тезкор эмас, лекин шундай ўйинчилардан анча хавфли.

- Футболда энг ёқимсиз ҳолат нима?

- Сиздан ўз манфаати йўлида фойдаланмоқчи бўлган одамни учратганингизда, ўзингизни қўярга жой тополмайсиз. Қисқаси, футбол ичида кўплаб паразитлар ҳам бор. Бу нафақат инвестиция масаласи, балки дўстона ва романтик муносабатларда ҳам сезилади...

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 20:55, 08.08.2023.
Ўқилди: 1562 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.