Бугун "Насаф" жамоаси Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Кубоги ярим финали жавоб учрашувида "Бухоро" жамоасига қарши майдонга тушади. Ана шу ўйинда жамоани бевосита стадионда қизғин қўллаб-қувватлаш учун Қарши шаҳридан кўплаб ишқибозлар Бухорога қараб йўлга чиқишмоқда. Шу жумладан, "Насаф" ПФК ишқибозлар клуби етакчиси Ўктам Узоқов бошчилигидаги клуб аъзолари ҳам, ўзларига ажратилган автобусда сафарга отланишмоқда.
Биз фурсатдан фойдаланиб, "Насаф" ПФК ишқибозлар клуби етакчисининг бугунги ўйин ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
— Бугун "Насаф" жамоаси олдида ва севимли мураббийимиз Рўзиқул Бердиев олдида, қолаверса, ишқибозлар учун ҳам муҳим учрашув бўлади. Сизнингча, ўйин қандай кечиши мумкин?
— Биз ҳозир "Насаф" Марказий стадиони олдида ишқибозлар-клуби аъзоларини йиғяпмиз. Бироздан сўнг Бухоро шаҳрига қараб йўлга чиқамиз. Ҳа, тўғри айтдингиз, бугун биз учун жуда муҳим учрашув бўлади. Бугунги ўйин яна шуниси билан қизиқки, энди жамоамизга биз мухлислар ёқтирган мураббий — Рўзиқул Бердиев жамоамизни майдонга бошлаб тушади. Биз ва Қарши шаҳридан ташриф буюрадиган кўплаб мухлислар, бугун жамоамизни ва Рўзиқул Бердиевни ҳар доимгидан кўпроқ қўллаб-қувватлашни мақсад қилганмиз. Энди бевосита ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, ушбу жамоалар ўртасидаги учрашув, унинг аҳамияти қандай бўлишидан қатъий назар ҳар доим муросасиз бўлган, бугун ҳам ана шундай қизиқ ўйинни кузатсак ажаб эмас. Албатта "Бухоро" жамоаси ҳам ўз мухлислари олдида ўзларининг нималарга қодир эканлигини исботлашга ҳаракат қилишади.
— Учрашув қандай натижа билан тугаши мумкин?
— Ўйин натижаси биз учун ижобий бўлишига шубҳа қилмайман. Ўзингизга маълум, бугун Рўзиқул Бердиев чемпионатимизда ва кубок учрашувларида ҳали мағлубиятга учрамаган мураббий ҳисобланади, ишонаманки, бугун ҳам у кишининг анъанаси давом эттирилади. Жамоа аъзолари ҳам буни уддалайдилар. Шунингдек, биз дастлабки учрашувда "Бухоро"ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратганмиз. Аммо, ишонаманки, бу жамоамизга ҳеч қандай тасалли бермайди, мураббийимизни ҳужумкор ўйин услуби, бугунги учрашувда ҳам ижобий натижага эришишимизга замин яратади. Ҳозир жамоамизда руҳият ҳам ижобий томонга ўзгарган, биз мухлислар эса, ҳар доимгидан кўра ғалабага чанқоқмиз!
— Аммо бугун жамоамизда айрим йўқотишлар бор, бу жамоа ўйинига таъсир ўтказмайдими?
— Футболда бу вазиятлар доим бўлиб туради, шунингдек, рақиблармиз ҳам бундан ҳоли эмас. Лекин "Насаф"да ушбу ўйинчиларни ўрнини қоплаш учун имконият жуда катта, ўтган ўйинда биз яна ўринбосарлар таркибида ўйнаётган ўйинчиларимизни ҳам асосий таркибда кўрдик, улар бизда ёмон таассурот қолдиришмади. Умид қиламизки, бугунги учрашувда мураббийимиз жамоа таркибини тўғри танлайди. Ахир у киши ўйинчиларнинг нимага қодирлигини жуда яхши билади. Биз бунга ишонамиз.
— Биз сайтмиз номидан ва барча "Насаф"нинг мухлислари номидан бугунги ўйинда жамоамизни ижобий натижага эришиб, Ўзбекистон Кубоги финали йўлланмасини қўлга киритишини тилаб қоламиз ҳамда "Насаф" ПФК ишқибозлар-клуби аъзоларига жамоамизга далда бўлишда ҳеч қачон чарчамасин деймиз.
— Раҳмат, менинг ҳам тилакларим жамоамиз ушбу учрашувда ҳам ғалабани қўлга киритишини чин юракдан хоҳлайман. ОЛҒА "АЖДАРЛАР", ОЛҒА "НАСАФ"ИМ!