“Насаф”да ҳам ҳамма нарса ўз ўрнига, секин-аста тушиб бормоқда. Хабарингиз бор, жамоамиз Кубок финалига чиқди, биз эса шу “Бухоро” билан бўладиган ўйинга Бухорога сафар уюштирдик, “Насаф”га ишонганимиз учун. Бизни Қаршидан Бухорогача қизиқарли саргузаштлар кутиб турган экан, шу ўринда шуларни сиз азизлар билан баҳам кўрмоқчиман.
Бошидан бошласак. Ўзи “план” бўйича Бухорога соат 09:30, 10:00 оралиғида Қаршидан чиқиб кетмоқчи эдик, насиб қилмаган экан, киракаш акамиз бироз кеч келдилар, кечикиброқ қолдик. Ҳа-я, "делегациямиз" уч кишидан иборат эди, “Насаф”нинг икки мухлиси, камина ва “Насаф” ПФК матбуот котиби Азиз Нурий. Азиз Нурий қанақадир иши чиқибми, клуб билан кета олмагандилар, қолаверса биз ҳам келишган эдик, бирга борайлик деб. Киракаш акамиз ҳам “Насаф”нинг энг ашаддий мухлисларидан экан, йўлда бизни умуман зериктирмадилар. Ўзи айтганимдек, йўлга вақтида чиқа олмадик, шошилиб ҳамма бир машинада йиғилиб йўлга ҳам отландик.
Косон ўтди, Муборак шаҳарчаси ҳам, ундан кейинги саҳролар ҳам ўтди. Когондан ўтиб, Бухорога яқинроқ жойдами, темирйўл бор экан, у ерга энди бориб, ўтмоқчи бўлсак, “шлагбаум” туширилди, йўл вақтинча ёпилди, сабаби поезд яқинлашиб қолган экан, ўзи кечикиброқ кетаётган эдик, яна бу нарса “ўлганни устига тепгандек” бўлди. Кутдик, Поезд кети ҳеч узилмасди, адашмасам 100тача вагон эди, поезд ўтди, биз ҳам. Кейин аста-секин Бухорога кириб бордик, шаҳарда футбол ҳавоси эсарди, ҳамма одамларни “направленияси” стадионга қаратилгани сезилиб турарди, ўша пайт ҳеч эсимга келмаган ўйловлар мени боса бошлади: “Наҳот, “Насаф” учун салбий натижа бўлса? Жамоа финалга чиқа олмасая?”, каби.
Йўлга вақтида чиқа олмаган бўлсакда, яна устига вақт йўқотган бўлсакда, 13:28да “Бухоро” аренага яқинлашдик, бу аренага биринчи бора келишим эди, тассуротлар ижобий.
Тўғри, стадиондаги шароитлар “Насаф”дагидек эмас, лекин ёмон ҳам дея олмайман, пресс ложа бор, розетка битта бўлса ҳам. Адашмасам, стадионга кириш бепул эди. Лекин, ўрганиб қолганмизки, мавсум охирланаверса, мухлислар оқими ҳам тушиб бораверади, Бухорода ҳам шуни кўрдик, зеро 9 ёки 10минг мухлис “Бухоро” ва “Насаф” ўйини учун кўп эмас, ахир бу қўшнилар дербиси! Яна, ярим финал!.
Стадионга кирар эканмиз, ичидаги муҳит ажойиб, Қаршидан ташриф буюрган мухлислар ҳам туришар эди “12 рақам” билан. Стадионда келганимизда одам кам эди, чамаси 2 минг ёки 3 минг, билсак, Бухорога мухлислар ташрифи ўйин давомида ҳам тўхтамас экан. Пресс ложага ҳам чиқдик, ўйин бошланишини кутар эдик, "Бердиола"дан чиройли ўйинни кутганча, ўтирдик.
Жамоалар чиқиб футболни бошлашди, майдон чимининг ҳолати талаб даражасида эмасди, Бахтиёр Асадовнинг айтишича, чим ҳолати бир иккки ҳафта олдин яхши бўлган экан, совуқ тушиб, шунақа аҳволга тушиб қолибди, наилож, буни биз танламаймиз. Шунинг учунми, “Насаф” ўйинни яхши бошлай олмади, “Бухоро” эса “газни босарди”, шу-шу “Бухоро” “Насаф” ўзига келмасдан туриб битта гол уриб олди, Шаҳзод Сулаймонов. Кейин кўринг, стадиондаги ҳолатни, “Бухоро” олдинга ташланаверар эди, бизни, шахсан ўзимни “мурашки” босиб олди, хаёлимга “Бунёдкор” ва “Бухоро” финалда ўйнаётгандек эди, аста секин “Насаф” майдонга ўргана бошлади, ўйин чиқа бошлаб, биринчи бўлим сўнгларида бурчак тўпидан сўнг Мақсуд Каримов гол уришга эришди, стадион жим, бошқача бўлиб кетдим, Қаршида голдан кейин ҳамма хурсанд бўлардида, биз меҳмонда ўйнаётганимизни эсдан чиқариб қўйибман. Яна бир диққатга сазовор жиҳати, “Насаф” 3-5-2 тактикасида майдонга чикди. Бу Бердиевдан янгича тактика эди. У қўрқмай, 2та хужумчи ва 3та ҳимоячи билан ўйинга чиқарди, қойил.
Биринчи бўлим тугади, кайфиятлар аъло, бўлди, “Бухоро” “синди”, деб ўйладим, ўзимча, кейин адашган эканман, иккинчи бўлим бошландию, “Бухоро” яна гол уриб олдинга чиқиб олди, кейин яна “газни босди”, олдинга ташланаверди, орқани бироз унутдию, "Бердиола" шогирдлари ҳимоячилар хатосидан фойдаланиб, Кенжа Тўраев ўз ҳисобига ажойиб гол ёзиб қўйди. Стадион яна жим. Эээ, бўларда, энди “Бухоро” “синиб”, “Насаф” эркинроқ ўйнарда, дедим, адашибман, “Бухоро” яна бир жонини бериб олдинга ўтди, яна битта гол уриб, яна олдинга чиқиб олди, 3:2. Кейин ўйин темпи саал тушди, чунки “Насаф” майдонга тўлалигича ўрганиб олганди, яна олдинга ўтиб, орқада хато қилгандан кўра, ўйинни марказга олди, Бердиев. Переплеткинс 3-голда хато қилган эди, кейин хатосини ювмоқчи бўлди, шекилли, жуда фаоллашиб кетди, қанотлардан Переплеткинс ва Гадоевларни “Бухоро” ҳимоячилари ҳеч уринишмасин, тўхтата олишмасди. Ана мана, бўлди, Переплеткинс дарвозабон билан деярли яккама-якка чиқиб кетди, ҳимоячи эса унга нисбатан қоидани бузди, пенальти. Неъматов шу пайт захирадан энди тушаман, деб турганди, майдонга тушгандан пенальтига чопиб борди, тепди, гол, ёхуд, 3:3.
Бу ўйинда Бошкович ва Кенжа жуда фаол ўйнашди, Иван ҳавода анча яхши ўйнади, Ония уни ҳар иккинчи “моментда” йиқитаверган бўлсада. Ўйиндан кейин Ивандан “Онияни сендан нима алами бор?” деб кулиб сўраганимизда, “У менга нисбатан фақат шундай ўйнайди”, деб кулганча жавоб берди. Айтганча, ўйиндан сўнг ечиниш хонасидан чиқишда футболчиларда ҳам, раҳбариятда ҳам кайфият аъло эканлигига гувоҳ бўлдим, “ижобий натижа, финал, ажойиб ўйин”.
Бир қараганда, Бердиев жамоани ўз қўлига тўлалигича шакллантириб олгандек, лекин мен сизга бундай кўринмасин, унга ҳали вақт керак. Бердиевни жамоалари ҳар доим томошабоп ўйнайди, бунга жавобан ўйиндан сўнг бухоролик айрим мухлислар “Насаф” деб ҳам бақиришди. Умуман ЎзПФЛдаги энг чиройли ўйинлардан бири бўлган эди, Ғузордаги “Шўртан” ва “Насаф” ўртасидаги ўйинда ҳам, “Насаф”да мураббий Бердиев эди. Ана шунақа саргузаштлар... биз Қаршига эсон-омон ва хотиржам қайтиб келдик.
“Насаф”нинг Бердиевидан ташқари, “Локомотив”ни на “Пахтакор”, на “Бунёдкор” юта олмадией!
Олға “Насаф”! Олға Беридев Кубок сари!
Дадажон Маматқулов