Кириш Регистрация
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия 0-4 Япония

Виталий Денисов: «Днепр» совринли ўринни қўлга киритса, жамоага ўз қўлим билан ўзбекча ош пишириб бераман»

Баҳо:
+1 | -

"Днепр"нинг ўзбекистонлик футболчиси Виталий Денисов "Спорт-Экспресс в Украине" газетасига интервью бериб, Украина чемпионатида ўтказган энг яхши даврларини ёдга олди.

— Сизнинг фамилиянгиз сўнгги пайтларда кўп марта трансфер бозорида тилга олинмоқда. "Днепр" билан шартномангиз якунланаётганидан хабаримиз бор. Нима қилиш ҳақида бош қотирмоқдасиз?
— Бу мавзуни муҳокама қилишни истамайман. Айни пайтда "Днепр" ўйинчисиман. Бошқа бу мавзуда айтар гапим йўқ.

— Мавсум сўнггида чарчоқ сезилмоқдами?
— Шахсан мен ўзимни яхши ҳис қиляпман. Таркибдаги ротация туфайли вақти-вақти билан ўйинларни ўтказиб юбордим. Шунинг учун ҳали кучим кўп. Кейинги мавсумга танаффуссиз киришишга тайёрман.

— Жамоангизнинг миллий чемпионат ва халқаро ўйинлардаги иштирокига қандай баҳо берасиз?
— Европа лигасида гуруҳ босқичидан чиқиб, олдимизга қўйилган дастлабки мақсадга эришдик. Лекин хотиржамликка берилдик ва плей-офф ўйинларии кутяпмиз, деб айта олмайман. Олдимизда АИКга қарши яна бир учрашув бор ва биз уни яхши ўтказишимиз лозим. Ҳар ҳолда бу ўз стадионимиздаги мавсумнинг сўнгги баҳси бўлади.

Якунланаётган йилда нафақат бизда, балки мухлисларда ҳам яхши кайфият қолиши учун ҳаракат қилишимиз лозим. Миллий чемпионат эса биз учун оғир ўтди. Баъзи ўйинларда ўзимизнинг аҳволимизни ўзимиз қийинлаштириб қўйдик. Энг аввало, бу "Динамо" ва "Металлист" билан орадаги фарқни ошириш мумкин бўлган ўйинларга тегишли. Ҳозир бу жамоалар билан орадаги фарқ 3 ва 4 очкони ташкил қилмоқда. Аслида бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин эди. Келаси йили ўйинлар пайтида янада эътиборлироқ бўлишимизни истардим.

— Яъни, концентрациянинг йўқолиши ҳамон долзарб бўлиб турибди?
— Демак, шундай. Масалан, "Ворскла"га қарши ўйинни оладиган бўлсак, 2:0 ҳисобида олдинда бориб, якунда 2:2 ўйнадик. Бу яхши эмас. Шунингдек, "Шахтёр" билан ҳам янада яхшироқ ўйнашимиз мумкин эди. Лекин ушбу мавсумда донецкликлар билан курашиш оғир. Агар ўша ўйинда ҳакам диққатлироқ бўлганида, дуранг ўйнашимиз ҳам мумкин эди. Кўп саволлар жавобсиз қолди. Лекин энди бу ўтиб кетган мавзу.

— Днепропетровск шаҳри жамоасида ўтказган 5 йиллик фаолиятингиздан қанчалик қаноат ҳосил қилдингиз?
— Турли ҳолатлар бўлди. Аммо асосан ижобий ҳолатлар ёдда қолади. Ҳамиша кучли учликка киришга даъвогарлик қилиб, ҳар сафар совриндорлар сафидан четда қолганимиз бироз аламли. "Днепр"нинг медаллари ҳали олдинда эканига ишончим комил.

— Илк марта "Днепр" формасини кийганингиз ёдингиздами?
— Днепропетровскка учиб келганимни жуда яхши эслайман. Ўшанда 15 январь эди. Мендан бир кун аввал Сергей Самодин ҳам учиб келганди. Майдонга тушган илк ўйиним санасини аниқ эслай олмайман. "Метеор" стадионда "Ильичевец" билан ўйнагандик. Ютишимиз мумкин бўлган ўйинда дуранг қайд этилганди. Олег Шелаев пенальтидан гол ура олмаганди.

— Муҳитни ўзгартириш учун хоҳиш пайдо бўлган пайтлар бўлганми?
— Нима десам экан... Мегаполис шаҳардан кичик шаҳарчага келганингда янги ҳаётга мослашиш учун вақт керак бўлади. Бошида осон бўлмаганди, Москвани соғинган пайтларим бўлган. Лекин кейинчалик мен Днепропетровскни севиб қолдим. Бу ерда жуда яхши йилларни ўтказдим. Бу ерда кўп дўстлар орттирдим, шу ерда уйландим. Кейинчалик қаерда бўлсам ҳам, энг аввало, бу шаҳар мен учун жонажон бўлиб қолади.

— Турмуш ўртоғингиз украинми?
— Йўқ, у Мосвкадан.

— Биринчи навбатда Москва ҳаёти билан боғлиқ нималарни қўмсадингиз?
— Бошида ҳаммаси жойида эди. Кейинчалик кичик муаммолар пайдо бўла бошлади. Украин тили туфайли ҳаттоки кинога ҳам туша олмадим. Нима бўлганда ҳам Москва — бу Москва. Лекин "Днепр"га киришиб кетдим, албатта.

— Илк ўйинингиздаги "Днепр" билан ҳозирги жамоани таққослай оласизми?
— Таққослашни истамайман. Аввалги "Днепр" мен учун қалбимда энг яхши жамоа бўлиб қолади.

— "Днепр"даги фаолиятингиз давомида қайси ўйинчилар сиз учун энг қадрли бўлишди?
— Уларни бажонидил тилга оламан... Демак, ўшанда дарвозада менинг яқин дўстим Вячеслав Сергеевич Карнезенко турганди. Мен унга исталган пайтда қўнғироқ қилишим, маслаҳатлашишим ва суҳбатлашишим мумкин. Давом этамиз: Русол ҳам менинг яқин дўстим. Шершун, Андриенко, Грицай, Шелаев, Давидсон, Бартулович, Назаренко, Самодин, Корниленко, Сердюк, Максим Пашаев ва унинг укаси Пашка. Жойи жаннатда бўлсин... (ўйланиб қолади).

Женя Шахов ҳамиша биз билан эди. Рикун, Костишин, Куслий, Лисицкий. Зўр даврлар эди! "Днепр" ҳамиша ўзининг аҳил жамоаси билан ажралиб турарди. Бундайин жипслашган жамоани бошқа жойда учратмаганман.

— Жамоага хорижлик футболчилар келганидан кейин ҳам аҳилликка путур етмаганми?
— Йўқ. Бизда авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъаналар бор. Жамоага янги қўшиладиганлар ҳам жамоанинг ички тартибига амал қилишга ва бунга мослашишга ҳаракат қилади. Самодин иккимизни жамоада жуда яхши қабул қилишганди. Жамоадошларнинг бир-бирига бундай муносабати — жамоанинг ўзига хос хусусияти эканини кейинчалик сездим. Янги мураббийлар ва легионерларнинг келиши билан муҳит ўзгармайди.

Кимнингдир ҳаётида қувончли воқеа юз берадиган бўлса, жамоани кечга овқатга ёки табиат қўйнида дам олишга таклиф қилади. Бир ўйинда иккита гол урдингми — дастурхон ёз. Кимдир янги шартнома имзоласа, уйланса, фарзандли бўлса, янги машина харид қилса — буни жамоа билан бирга байрам қилиши лозим.

— Сиз терма жамоа ўйини туфайли "Днепр"нинг битта ўйинини ўтказиб юбордингиз. Ўшанда нима бўлганди?
— ФИФА регламенти бўйича футболчи терма жамоа сафига ўйиндан 4 кун аввал етиб келиши лозим. Терма жамоа 14 ноябрь куни ўйнаган бўлса, "Ильичевец" билан ўйин 11 ноябрга белгиланганди. Ҳаттоки Мируполдаги ўйиндан кейин дарҳол учиб кетганимда ҳам белгиланган муддатда терма жамоа сафига етиб бора олмасдим.

Терма жамоа мураббийлари эртароқ етиб келишимни сўрашди. Клубда эса ўйинга қолишимни талаб қилишди. Агар мен терма жамоага учиб бормаганимда, клубга нисбатан жазо чораси қўлланилиши мумкин эди. Шунинг учун терма жамоага кетдим. Лекин "Ильичевец"га қарши баҳсда жамоамга ёрдам беришни истагандим. Кўриб турганингиздек, клуб ва миллий терма жамоалари манфаатлари ҳар доим ҳам тўғри келавермайди.

— Олдинда Донецкда ўйин кутиб турибди. "Металлург" жамоаси ҳақида фикрларингиз қандай?
— Донецк жамоаси доимо пас орқали ўйнаб, тўпни назорат қилишни маъқул кўради... Донецкдаги ўйин ёдимга тушди. Ўшанда бизни Олег Протасов шуғуллантирарди. Дарвоқе, ўшанда ҳам йилнинг сўнгги ўйини эди. "Металлург"ни 3:0 ҳисобида енгиб, танаффусга биринчи ўринда чиқиб кетгандик.

— Агар "Днепр" совринли ўринларга қўлга киритса, бутун жамоани ўзингиз тайёрлайдиган ош билан меҳмон қилишга ваъда бергандингиз. Ёдингиздами?
— Тилим — душманим. Мен бу ҳақда эртаю кеч ўйлайман (кулади). Медаллардан бирини қўлга киритсак, бажонудил қозон топаман ва фартук тақаман.

— Ўзбекча ош тайёрлаш анъаналарига тўлиқ амал қилиш учун Ватанингиздан қўй олиб келишингизга тўғри келади.
— Албатта. Энг катта муаммо ҳам мана шундан иборат.

Манба: www.sport-express.ua
Киритилди: 18:39, 01.12.2012.
Ўқилди: 6492 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.