Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

"Навбаҳор"нинг аутсайдерлар сафига тушиб қолиш сабаблари

Баҳо:
+ | -
Бугунги кунда Наманганнинг "Навбаҳор" жамоасининг аҳволи кўнгилдагидек эмаслиги барчага маълум. ўзбекистон футболида ўзига хос ўринга эга ва кўплаб совринларни қўлга киритган клуб XXI чемпионатни 12-ўринда якунлади. Айнан шу жиҳат, наманганлик минглаб ишқибозларни ташвишга солаётганлиги ҳам бор гап. Негаки Ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлаган дастлабки ўн йиллик давомида фақат совринли ўринлар учун курашиб келган жамоа йилдан-йилга ўз мавқеини бой бермоқда. Йиллар давомида ката-катта ғалабаларга кўникиб қолган "Навбаҳор" мухлислари ҳозирда қора кунларни бошларидан ўтказишмоқда десак хато бўлмайди.

Яқинда таҳририятимизга бир гуруҳ наманганлик ишқибозлар имзоси билан мактуб етказилди. Ушбу мактубнинг бир нусхаси Наманган вилоят ҳокими Баҳодир Юсупов номига ёзилганлиги ҳам эътиборга молик. Мухлислар томонидан ёзилган мактубда уларни жамоанинг бугунги кундаги ҳолати умуман қониқтирмаётганлиги келтирилган. Шунингдек, ишқибозлар ўтган йилги мавсум иккинчи ярмида "Навбаҳор"да катта мураббий сифатида иш бошлаб, иккинчи даврада ижобий натижаларни қайд этган Усмон Асқаралиевни асоссиз равишда ишдан бўшатилганлигини куюниш билан баён этишган. Таҳририятимиз ана шу хатдан келиб чиққан ҳолда "Навбаҳор"нинг иштирокини таҳлил қилиб чиқишга қарор қилди. Зеро айнан шу тарзда жамоанинг бугунги кундаги ҳолатига холисона баҳо бериш мумкин.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, "Навбаҳор" ўзбекистон чемпионатлари ўтказила бошлаган дастлабки йилларда совринли ўринлар учун курашиб, ўзбек футболида ўзига хос ном қозонишга эришганди. Жамоанинг ҳужумкор ва шиддаткор ўйинлари эса наманганлик мухлисларни албатта бефарқ қолдирмасди. Айнан шу сабабдан жамоа ишқибозлари бир неча йиллар давомида мухлис тўплаш борасидаги пешқадамликни ҳеч кимга бермай келишди. Собиқ иттифоқ парчаланиши арафасида иттифоқ биринчи лигасида иштирок этган "Навбаҳор"нинг таърифи кўплаб республикаларга ёйилганди. Ёши катта мухлислар ҳали-ҳануз Наманганга "Ротор", "Тилигул" ва бошқа номдор клублар ташриф буюрганида ўйингоҳ барча истовчиларни ўз бағрига қабул қила олмаганлигини эслашса керак. Ўша пайтларда одамларни ўйингоҳ рўпарасидаги тепалик ёки ёритиш тизимларининг асосига чиқиб олиб ўйинларни томоша қилганликларини ҳақиқий фидоийлик десак хато бўлмайди. ўша йили "Навбаҳор" иттифоқ бўйича мухлис тўплаш борасида Москванинг "Спартак" клубидан кейин иккинчи ўринни эгаллаганлигининг ўзиёқ кўп нарсани англатарди. Биринчи лиганинг оддий жамоасини кучлилар сафида қатнашган клублардан ҳам кўп мухлис тўплашидан вилоятда футболни чин дилдан севишларини пайқаш қийин эмасди. Хуллас, мустақил чемпионатимиз ўтказила бошлагач наманганлик ишқибозларнинг кайфияти янада кўтарилганди. Негаки энди, жамоа юқори лигаларга чиқиш учун эмас, аксинча чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашиш имкониятига эга бўлганди.

Наманган аҳлининг футболга чанқоқлигини ҳис қилган ўша пайтдаги вилоят раҳбарлари "Навбаҳор"га жиддий тарзда эътибор бериб клубда ўз ишининг ҳақиқий мутахассисларини ишлашига замин яратишганди. Бунинг самараси ўлароқ эса қатор ютуқлар қўлга киритилди. 1992 йили "Навбаҳор" ўзбекистон кубогининг дастлабки соҳибига айланган бўлса 1996 йили ўзбекистон чемпионлиги қўлга киритилди. Икки йил ўтиб эса жамоа мамлакат кубогига учинчи бор эга чиқиб, биллур совринни умрбодга ўзида сақлаш ҳуқуқига эга бўлганди. Айни пайтгача, ягона бўлиб турган ўзбекистон суперкубоги ҳам айнан "Навбаҳор"га тегишли эканлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Хўш бу журналист, нима сабабдан тарихни ёдга олиб бизни чалғитмоқчими деган ҳаёлга боришга шошилманг. Яқин ўтмишни эсга олишимизни ўзига хос сабаблари бор ва бу ушбу мақола билан бевосита боғлиқ. Эътибор берган бўлсангиз, юқорида ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларга эътибор қаратилганлигини айтиб ўтдик. Назаримизда, "Навбаҳор"ни сўнгги йилларда аввалгидек ижобий натижаларга эришмаётганлигига клубда тажрибали мутахассис ва мураббийларни фаолият юритмаётганлигини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. Агарда ушбу фикрларимизни нотўғри дейишга чоғланган бўлсангиз, фикрингиздан қайтганингиз маъқул. Чунки, бу ҳолатни бир нечта мисоллар билан исботлашимиз мумкин. Бунинг учун жамоа совриндор бўлган мавсумларда клубда кимларни ишлаганлигига назар ташлашни ўзи кифоя қилади.

XXI асрнинг дастлабки йилларида "Навбаҳор" мавқеини бой беришни бошлади. Бунга эса қайсидир маънода жамоага эътиборни пасайиб борганлиги ҳам сабаб бўлганди. Молиявий ҳолатнинг яхши бўлмаслиги оқибатида футболчилар майдонга тушишдан бош тортишгача боришганди. Юзага келган ишларда эса бош мураббий Виктор Жалилов ва бир қатор етакчи ўйинчилар айбдор деб топилиб, Жалилов билан биргаликда Константин Гальченко ва Шуҳрат Раҳмонқуловлар "Навбаҳор"дан четлаштирилганди. Айнан 2000 йили "Навбаҳор" илк маротаба мавсумни совринсиз якунлади. Бу ҳолат 2003 йилга қадар давом этди. Шундан кейин амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ "Навбаҳор" 2003 ва 2004 йилларда мамлакат чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди. Бу ютуқларда 2003 йилги мавсум иккинчи даврасида бош мураббийликка қайтарилган Виктор Жалиловни ҳиссасини катта бўлганлиги ҳам эътиборга молик. Бироқ, Жалиловнинг Намангандаги бу галги фаолияти узоқ давом этмади. Клуб раҳбарларининг ёлғон ваъдаси туфайли мураббий "Навбаҳор"дан кетишга мажбур бўлганди. 2004 йилги чемпионат якунига бориб, жамоа ўз ҳолига ташлаб қўйилгани боис Тошкентда "Трактор"га қарши ўтган учрашувга бир амаллаб бориб келганди. Акс ҳолда ўша йили "Навбаҳор" ўз тарихида биринчи бор кумуш медалларни қўлга киритиши ҳам мумкин эди. Лекин, моддий таъминотнинг кўнгилдагидек бўлмаганлиги сабаб "бронза" билан чекланилганди.

2004 йилги мавсумдан кейин эса "Навбаҳор"нинг натижалари йилдан-йилга пасайиб кетаверди. Агарда шу пайтга қадар клубда раҳбар сифатида иш юритганларнинг фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг аксариятини футболга бевосита "Навбаҳор" орқали кириб келганликларига гувоҳ бўламиз. Ахир, клуб директори сифатида иш юритишни бошлаган инсонларни, "футболни унчалик тушунмайман" ёки бўлмаса ўринбосарлар мураббийига "сенинг ўйинчиларингга арзонроқ бўлган резина тўплар олиб берсак бўлаверади" дейишини қандай тушуниш мумкин. Хуллас, бир неча йиллар давомида клубда тадбиркор, ички ишлар тизимида ва бошқа соҳаларда ишлаган инсонлар раҳбарлик қилишди. Айнан шу жиҳат ҳам жамоанинг иштирокига ҳам салбий таъсир кўрсатди. 2009 йилги мавсум сўнггида эса "Навбаҳор"га футбол жонкуяри Ҳакимжон Ҳошимов қайтди. Натижада Анвар Сулаймонов, кейинчалик эса тажрибали мураббий Виктор Жалиловлар ҳам Наманганга қайтишди. Ўз ишининг мутахассисларининг саъйи-ҳаракатлари туфайли 2010 йилги чемпионат арафасида "Навбаҳор" кучли жамоа сифатида яна бир бор шаклланди. Лекин, моддий таъминотнинг яхши эмаслиги боис клубда дарз кетиш ҳолати кузатилди. Оқибатда, жамоа мавқеини тиклаш йўлида бошланган иш охирига етмай тўхтаб қолди.

Бевосита мухлислар томонидан ёзилган хатнинг асосий қисмига тўхталсак, ишқибозлар 2011 йилги мавсум ярмида жамоани ғалабалар сари етаклай олган мутахассис Усмон Асқаралиевни ишдан олинишидан норози эканликларини очиқ-ойдин изҳор қилишган. Шу пайтга қадар газетамиз саҳифаларида ва бошқа нашрларда ҳам клуб директори Дилмурод Мамаджанов ҳамда мураббий Усмон Асқаралиевларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари ўқувчилар хукмига ҳавола этилди. Эътиборли жиҳати, ҳар иккиси ҳам ўзини оқлашга ҳаракат қилди. Яъни Мамаджанов мураббийни ишдан бўшатилишига сабаблар бисёрлигини билдирган бўлса Асқаралиев эса нима сабабдан ишдан кетганлигини билмаганлигини эътироф этди. Мана орадан бир неча ой ўтиб, кимни ҳақ ёки ноҳақлиги ойдинлашгандек бўлди. Умуман олганда яхши натижаларни қайд этаётган мураббийни ишдан бўшатилиши камдан-кам ҳоллардагина кузатилади. "Навбаҳор"да эса ана шундай ҳолат юзага келганди. Юқоридаги фикрлар орқали кимнидир тарафини олиш ёки бошқасини ёмонлаш ниятидан йироқмиз. Зеро қайд этилган натижаларнинг ўзиёқ барчасига аниқлик киритмоқда. Яъни "Навбаҳор" мухлислар эътироф этганидек, Асқаралиев давридаги натижаларни қайд эта олгани йўқ. Клубда олиб борилаётган селекция ишларини ҳам юқори даражада деб айта олмаймиз. Аслини олганда, таркибни кучайтириш учун 2011 йилги таркиб ўзагини сақлаб қолган ҳолда бир-икки нафар маҳоратли футболчини қўшиш кифоя қиларди. Амалда эса бундай бўлиб чиқмади. Оқибатда таркиб яна қайтадан шакллантирилди. ҳар мавсум бошида таркибни янгиланиши эса ижобий натижаларни қўлга киритилишига тўсқинлик қилиши айни ҳақиқат.

Ишқибозлар жамоада тартиб-интизомни бўшашиб кетганлигини ҳам хатда кўрсатишган. Ваҳоланки, улар раҳбарият Асқаралиевни жамоада интизомни бўшаштириб юборганлиги учун ишдан бўшатилганлигини келтиришган. Аслида ҳам шундаймиди? Негаки, Асқаралиев тартиб-интизомни биринчи ўринга қўядиган мутахассислар сирасига киради. Буни жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири Алишер Маҳмудов ҳам ўз интервьюсида таъкидлаган. Асқаралиевнинг асосий ютуқларидан бири ҳам шунда эди. Барчага тартибга амал қилишни уқтириб келган мураббийнинг яна бир ижобий ҳислатларидан бири ҳужумкор тактикага амал қилиши эди. 2011 йилги мавсум бошида "Навбаҳор" таркибини Элдор Сакаев шакллантирганди. Гарчи Элдор Усмонович ихтиёрида маҳоратли ўйинчилар жамланган бўлсада, асосан ҳимоявий тактикани танлаши боис ижобий натижаларга эриша олмаганди. Давралар оралиғида жамоага ота-бола Асқаралиевлар келгач, "Навбаҳор" ҳужумкор ўйин кўрсатиш баробарида барчани ортидан эргаштира оладиган етакчига ҳам эга бўлди. Табиийки, бу вазифани Санжар Асқаралиев бажарганди. ўша пайтдаги жамоанинг ягона устунлик жиҳати шу эди.

"Навбаҳор"нинг иккинчи даврада ижобий натижаларни қўлга кирита олмай аутсайдерлар сафига тушиб қолишига яна бир бор селекция ишларидаги хатоликлар сабаб бўлди. Негаки, давралар оралиғида жамоага таклиф этилган аксарият ўйинчилар ишончни оқлай олишмади. Катта ниятлар ила Беларусдан жалб этилган Николай Риндюкни ҳозирда (балки умуман) олий лига савиясидаги футболчи эмаслиги амалда намоён бўлишга улгурди. Балки, Риндюк жароҳат олиб Наманганга келгани боис ўзини кўрсата олмагандир. Жароҳат олган легионернинг таркибга жалб этилишининг ўзи хато ҳисобланади. Бундан ташқари маълум вақт давомида катта футболда "йўқолиб" қолган Ринат Байрамовни нима сабабдан "Навбаҳор"га таклиф этилганлиги ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда. Шунингдек, "Машъал"дан ижарага олинган Соҳиб Абдуллаев ҳам ярим мавсумни бекорчилик билан ўтказди десак хато бўлмайди. Наманганга жароҳати билан келган маҳаллий ҳужумчи ҳанузгача жароҳатини даволатиш билан банд. Янги келганлардан Акрам Баҳриддиновни тўла ишончни оқлаганлигини эътироф этиш мумкин. Ўзининг чаққон ҳаракатлари ва майдонни кўра олиши билан ажралиб турган Баҳриддиновга мураббийлар кўпроқ имконият беришмагани ҳам тушунарсиз. Хориждан таклиф этилган Виталий Панасюк Андижонда ёрқин ўйин кўрсатгач, кейинчалик "йўқолиб" қолди. Рустам Боқиев ҳамда Абдураззоқ Жўраевлар эса жамоанинг барча ўйинларида майдонга туша олишмади. Шунга қарамай, уларнинг иштирокини ўртача баҳолаш мумкин. Қолаверса, иккинчи давра давомида футболчиларнинг ҳаракатларида қандайдир ишончсизлик ҳам кузатилди. Юқоридаги жиҳатларни барчаси эса "Навбаҳор"ни аутсайдерлар сафига тушириб қўйди.

Бундан ташқари "Навбаҳор"ни шу ҳолга тушиб қолишига, жамоадаги қўнимсизлик, раҳбарлик лавозимларига футбол мутахассисларини жалб этилмаганлиги деб ҳисоблаймиз. Мутасаддилар назаримизда футболи ривожланган жаҳон клублари, уларнинг тажрибалари, танлаган услуб ва йўллари ҳақида кўпроқ маълумотларга эга эмаслар. Изланиш, келажакка бугундан замин яратиш ҳақида қайғурмайдилар. "Навбаҳор" мактаби тарбияланувчилари ўзбек футболининг таянчлари бўлиб келишган. Етакчи клубларимизнинг асосини ҳам улар ташкил қилишади. Кейинги йилларда эса бу соҳада ҳам етарли ишлар қилинмаяпти. Мавжудларидан фойдаланишда ҳам мураббийларимиз нўноқлиқ қилишяпти. ҳеч бўлмаса "Нефтчи" клубининг фаолиятига бир назар ташлаш кифоя қилади. Малакали мутахассис ҳамда футбол жонкуяри Юрий Саркисяннинг тажриба мактаби наҳотки наманганликларга ўрнак бўлолмаса?! Бир мураббийга ишонч билдириб, у жамоанинг селекция ишларидан тортиб, таркибни тўла шакллантиришига имкон ва вақт бериш керак. Чунки жамоа деганда бир-бирини тушуна оладиган, қўллаб-қувватлайдиган, ҳамжиҳат, ҳамфикр, аҳил ўйинчиларнинг бирикмасига айтилади. Ана шундай ҳислатларни футболчиларда шакллантиришдек машаққатли вазифа бош мураббйининг жонкуярлиги, тажрибаси ва меҳнаткашлигига боғлиқдир.

Яна бир муҳим масала, ўйинчилар ва мутасаддилар ўртасидаги ҳалол муносабат, ўзаро ҳурмат, қадр қиммат, жамоа манфаатини ҳар қандай шароитда биринчи ўринга қўя олиш ҳиссини ўйинчиларда шакллантира олиш жуда муҳим. ўзингиз бир ўйлаб кўринг, юқоридагидек жамоани шакллантириш учун қанча вақт, машаққатли меҳнат ва тажриба керак бўлади. Шундай экан, клуб раҳбаридан тортиб энг кичик ходимгача бир мақсад йўлида ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши лозим. Футболчининг ўз вазифасини тўлақонли бажармаслиги ёки бажара олмаслиги мураббийнинг камчилиги. Мураббийнинг камчилиги эса клуб раҳбарининг камчилиги дея ҳисобланиши керак. Шунда ҳар бир бўғим мутасаддисида унга юклатилган вазифани тўлақонлик бажаришга масъуллик ҳисси ортади. Шундагина "Навбаҳор" аввалги мақеини тиклаб, мухлислар ишончини оқлайди.


«Аср футболи» газетасидан олинди
Манба: www.lochinlar.uz
Киритилди: 08:13, 09.12.2012.
Ўқилди: 4609 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.