Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз!

Баҳо:
+2 | -

«Диққат, диққат! Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз. Камера ва микрафонларимиз марказий «Пахтакор» стадионига ўрнатилган!» Ушбу сўзлар кимга тегишли эканини тажрибали футбол мухлислари яхши билишади. Бир пайталар мазкур жумлалар билан бошланувчи шарҳ ҳар қандай футбол мухлисини камида тўқсон дақиқа «сеҳрлаб» кўя олган.

Кўпдан кўнглимга тугиб юрганим — футбол шарҳловчилари ҳақида нимадир ёзишга киришар эканман, бу касбнинг қанчалар қизиқарли, ўз навбатида оғир ва мураккаблигини ҳис қилмоқдаман. Бир томондан менинг журналистикадан анча йироқ эканлигим, иккинчи томондан футбол ҳақидаги билимларимнинг камдек туюлавериши ҳам ушбу мақолани ёзишимга тўсик бўлолмади. Шундай экан, келинг, сиз билан биргаликда ушбу касб эгаларининг фаолиятига қисқача тўхталиб, ўзбек футболига қушган муносиб ҳиссалари ҳақида мухлисона мулоҳаза юритсак.

Аввало, бу мураккаб соҳа вакиллари бўлмиш шарҳловчилардан истеъдод, билим ва кўникмалардан ташқари яна қандай сифатлар талаб қилиниши ҳақида сўз очсак. Футбол шарҳловчилари ўз она тилининг қонуниятларини мукаммал билиши ва шу тилда равон гапира олиши, фикрларини аниқ ва равшан етказиб бера олиши лозим. Ўз ҳиссиётларини бошқара олиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари шарҳловчининг «экрандан ташқари» ҳолатда бўлишини инобатга олсак, унинг овози ҳам муҳим ўрин тутади. Камида ана шундай умумий сифатлар талаб қилинади. Юртимизда бу соҳа вакилларидан кўплаб чинакам истеъдодлар етишиб чиққанидан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Зеро, Ўзбекистонда «футбол тилини» яратган биргина Ахбор Имомхўжаевнинг ўзбек футболи ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида соатлаб ёзиш ва минглаб фактлар келтириш мумкинлигини мазкур мақолани ёзаётганимда англаб етдим. Ахбор Имомхўжаев ҳақида сўз борганда, ўзбек футболининг шонли тарихи, хусусан «Пахтакор» жамоасининг ғалабалари кўз ўнгимизда намоён бўлаверади. Чунки ўз даврининг енгилмас жамоаси «самога сочилган юлдузлардан» иборат «Пахтакор-79» ўйинларини айнан Ахбор ака шарҳлаб борганлар. Бугунги кунда ўша давр футболига тегишли турли экспонатлар, жумладан значоклар, вимпеллар, расмлар, шеърлар ва бошқа турдаги ижод намуналарини йиғиб бориши «Пахтакор-79» жамоасига содиқлигини англатибгина қолмай, ўз касбига бўлган меҳр-муҳаббатининг ҳам яққол тимсолидир. Ўз даврида оригинал услуб соҳиби бўлган Ахбор Имомхўжаев телевидениедаги шарҳларидан ташқари, радиойўқламалари, кейинчалик Ўзбекистон телеканалида эфир юзини кўрган «Футбол чорраҳаларида» кўрсатуви орқали халқимиз меҳрини қозона олган инсондир. Бундан ташқари, «Футбол — кувончим, дардим, фахрим», «Мафтунингман, футбол», «Қанотлар хотираси» номли китобларга муаллифлик қилгани Ахбор аканинг серқирра ижодкор эканини яна бир бор исботлайди. Бугунги кунда Ахбор аканинг фарзанди Зафар Имомхўжаев ва невараси Диёрбекларни ушбу соҳада фаолият олиб бораётгани кўпчиликка сир эмас. Тўғри, фарзандларнинг шарҳлари устоз-ота даражасида эмасдир, аммо улар ҳам ўз мухлисларга эга эканлиги,ота касбига бўлган ҳурмати ҳар қандай таҳсинга лойиқдир.

Шарҳловчилик орқали мухлислар кунглини забт эта олиш бўйича Ахбор акадан эстафета таёқчасини қабул қилиб олган Давлат Турдалиевни «Интерфутбол» дастури орқали жаҳон футболи билан бизни «юзлаштирган» мутахассис сифатида эътироф этиш мумкин. Давлат Турдалиев футбол ҳақидаги билимлари, тушунчалари, шарҳлари давомида вазиятни тўғри баҳолай олиши ва кўплаб бошқа ижобий жиҳатлари билан мухлислар ҳурматига сазовор бўлди. Бу мутахассисни бугунги кунда “Спорт” телеканалида фаолият олиб бораётганини ҳисобга олсак, айтиш мумкинки, Давлат аканинг ҳали футбол шарҳларида айтадиган гаплари тугагани йўқ.

Шу ўринда футбол ихлосмандларининг севимли шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг шарҳлари ҳақида тўхталиб ўтмаслик мантиқсизлик бўларди. Зеро, Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳар қандай ўйинга ҳиссиёт бера олиши билан бир қаторда шарҳ давомида келтирадиган турли иборалари орқали ўз усубига эга бўлди. Майдондаги футболчиларнинг фикрларини ўқий олиши ва мулисларга маъқул бўладиган тарзда талқин этиши Мирзаҳаким аканинг ютуғидир.

Якиндагина «Ўзбекистон белгиси» кукрак нишони билан тақдирланган Даврон Файзиев шубҳасиз бугунги кун шарҳловчилари орасида яққол етакчиси ҳисобланади. Давроннинг бошқа ҳамкасбларидан устун томони бошқа спорт турларини ҳам моҳирона шарҳлай олишидир. Шу сабабли бўлса керак жамоаларимизнинг муҳим ўйинларини айнан Даврон шарҳлашини мухлисларимиз хоҳлашади.

Шунингдек, Мурод Ризаев, “Машъал” радиосидаги радиойўқламалари ва «Арена» дастури орқали мухлисларга таниш бўлиб улгурган Норбек Ниёзовнинг меҳнатларига ижобий баҳо бериш мумкин.

Тўғри бу соҳада камчиликларимиз ҳам етарли. Айниқса, айрим ёш шарҳловчиларимизнинг тажрибасизлиги, футбол ҳақидаги қарашларининг савиясизлиги мухлис руҳиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Футбол инсонларга завк бағишлайдиган оддий бир ўйин, шарҳловчи эса ана шу ўйиннинг асосий бир қисми ва бевосита иштирокчисидир. Шарҳловчилик касбини танлаб, халқ орасида ҳурмат қозонишни истаган ёш журналистларимиз юқоридаги фикрларимизни таҳлил қилиб кўради, деб умид билдиргимиз келади.

Дилшодбек Жуманиёзов
Элликқалъа тиббиёт коллежи ўқитувчиси
(VIQOR никли мухлис)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:38, 10.12.2012.
Ўқилди: 10072 марта.
Фикрлар: 51 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.