2012 йилнинг охири – 2013 йилнинг бошида футбол бўйича МДҲ чемпионати лойиҳасини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган махсус қўмита иш бошлайди. Бу ҳақда футбол бўйича Россия Премьер-лигаси (РФПЛ) президенти Сергей Прядкин матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости» ахборот агентлиги. Прядкиннинг сўзларига кўра, лойиҳанинг якуний кўриниши тасдиқлаш учун УЕФАга тақдим этилади.
МДҲ чемпионатини ташкил этиш имконияти муҳокамаси, «Динамо» дарвозабони Антон Шунинга томошабинлар томонидан отилган петарда портлаши натижасида тўхтаб қолган «Динамо» – «Зенит» ўйинидан кейин бошланди. Ушбу ўйин учун «Зенит»га техник мағлубият ёзилди. Санкт-Петербург клуби вакиллари, агар жамоага нисбатан шундай жазо чоралари кўрилишида давом этаверилса, клуб Россия чемпионатидан чиқиб кетиши мумкинлиги ҳақида гапиришди.
«Зенит» президенти Александр Дюковнинг айтишича, МДҲ чемпионати лойиҳаси устида ишлаётган ташаббус гуруҳидан «Зенит», Махачқалъанинг «Анжи» ва Москванинг ЦСКА клуби вакиллари ўрин олган, бироқ бу муҳокамага бошқа клублар ҳам қўшилишлари мумкин.
МДҲ чемпионати ғоясига бағишланган матбуот анжуманида иштирок этган ЦСКА президенти Евгений Гинернинг сўзларига кўра, ушбу чемпионатнинг ташкил этиш ғояси «Динамо» – «Зенит» ўйини билан боғлиқ эмас. Гинернинг қайд этишича, бирлашган мусобақага бошқача муносабатда бўлишни бошлаган УЕФАдаги ўзгаришлар лойиҳа устида ишлашга туртки бўлган.
Гинернинг айтишича, янги лигага «бетараф одам» бош бўлиши керак ва Прядкин айнан шундай шахс бўлиши мумкин. Премьер-лига раҳбарининг ўзи янги лойиҳа унинг учун қизиқарли эканлигини қайд этиб ўтди, бироқ МДҲ чемпионатини ташкил этишга ўзи раҳбарлик қилиши имконияти ҳақида фикр билдирмади.