Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қирол (ҳикоя)

Баҳо:
+3 | -

Самолётдан чиққанида жуда иссиқ, нафас олиш қийин эди. Трапдан пастга тушишини кутиб турган ҳарбийларга ҳам эътибор бермай, қора кўзойнагини тақиб олди. У яна ўз ватанида. Юраги ҳар доим интиладиган тупроқ. Нақадар азиз! У энтикди.
Трапдан тушганида ёшгина зобит йигит уни қарши олди.

— Жаноб Агого, хуш келибсиз ватанга! Аммо, кечаги ўйинда урган голингиз жуда зўр чиқди, -деди у жилмайиб.
— Раҳмат, — Дидье жилмайиб қўйди.
— Жаноб Агого, агар малол келмаса дастҳат қолдирсангиз, — зобит зиммасидаги вазифани ҳам унутиб, Дидьенинг “Барселона” либосида тушган расмини чўнтагидан чаққонлик билан олиб, узатди.

Дидье яна жилмайди. Зобит узатган расм ва қалам билан шарт-шурт имзо қўйиб ташлади.
— Раҳмат, жаноб Агого, — шундан сўнг зобит юзига жиддий ифода бериб, тушунтира кетди. — Жаноб Агого, ҳозирча меҳмонхонада туриб турасиз. Жаноб президент сизни кечки овқатга таклиф қилган.

Дидье индамай бош ирғаб қўйди. Зобит айтмасада барчаси кечаги оқшом ҳал қилинганди. Кечаги “эл классико”дан сўнг шахсан президентнинг ўзи қўнғироқ қилиб, ғалаба ва гол билан табриклаб, энг муҳим нарсадан сўз очганди:
— Жаноб Агого, мамлакатга келмасангиз бўлмайди, жуда зарур! Сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз.
Мамлакат президенти ўз оғзи билан “ёрдамингизга муҳтожмиз”, деганидан у анча ўнғайсизланганди.
— Жаноб президент, имкон қадар тезроқ пойтахтга етиб боришга ҳаракат қиламан, — деди Дидье. — Барчаси ҳал қилиб қўйилган.
— Раҳмат, жаноб Агого, катта раҳмат...

Ўйиндан кейиноқ унга клуб президенти қўнғироқ қилиб, офисида кутаётганини айтганди. Дидье жамоадошлари билан овқатланишга эмас, клуб президенти офисига йўл олганди.

Лапорта бу оқшом ўйиндан сўнг дарров офисига кириб кетганди. Азалий рақиб “Реал” мағлуб этилган, ўйин арафасида интерьвю берган Моуриньога муносиб жавоб берилганидан унинг кайфияти аъло эди. У ўйин масаласини ҳал қилган Дидьени остонада қаршилаб, иш столига эмас, ҳордиқ олинадиган узун диванга ўтиришди.

— Президент қўнғироқ қилди, — деди у.
— Менга ҳам.
— Мамлакатга боришингиз кераклигини сездим. Бусиз илож йўқ.
— Тушунганингиз учун катта раҳмат, жаноб Лапорта.
— Сизга бир ҳафтага рухсат бераман. Умид қиламанки, Барселонадан қандай кетган бўлсангиз, шундай қайтиб келасиз...

Унинг нима демоқчилигини Дидье тушунди. Ўзингни асра, ўққа-чўққа ураверма! Мамлакатинг ва миллатинг олдидаги бурчингни бажаргину ортингга қайт.
— Ҳаракат қиламан, жаноб Лапорта...

Шу билан хайрлашишди. Дидье тонгни ҳам кутмай, Барселона аэропортидан рухсат тегишини икки соатлар кутгач, шахсий самолётида Африка томон юзланди.

Зобитнинг сўзларидан сўнг унинг хаёлидан кеча оқшомдаги учрашувлар ўтганди. Дидье ҳарбийлар ихотасида аэропортнинг бошқа томонига юрди. Кетишаркан, сўради:
— Полковник ҳали талабларини қўймадими?
— Йўқ. Улар ҳали алоқага чиқишгани йўқ.
— Ўйиндан олдин янгиликларни кўрдим. Ҳукумат қўшинлари жанубда катта талафот берибди.
— Ҳа, шундай... афсуски.
— Исёнчилар қўшини кўпми? — ҳайрон бўлиб сўради Дидье.
— Жуда кўп, жаноб Агого. Ҳаммаси полковник Нгуенинг ваъдаларига учган.

Дидьенинг юраги эзилди. Исёнчи полковниклар қачон бу мамлакатини тинч қўяди? Ҳукумат даъвосида мамлакатни жар ёқасига олиб қўйишди-ку. Минглаб болалар етим қолган, аёлу қизлар зўрланган, эркаклар қатли ом қилинган. Қачон бунга чек қўйилади? Эй меҳрибон Худо, ўзинг ёрдам бер. У мижжаларида ёш ҳалқаланиб, юзига томганини ҳам сезмай қолди.

Аэропортдан ташқарига чиқишиб, ҳукумат машиналарида меҳмонхонага йўл олишди. Кўчаларда танклар, бошдан оёқ қуролланган аскарлар кўринади. Пойтахт урушга тайёрланмоқда. Жанубни эгаллаган исёнчи полковник бугун-эрта жангарилари билан пойтахтга келиб қолса ажаб эмас...

Меҳмонхона фойесида одамлар уни ўраб олишди. Миллат фахрини кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди-ку. Кимдир уни сўроққа тутган, кимдир унинг қўлтиғига тиқилиб, расмга тушган. Ҳамма хурсанд, бундан бир неча сониялар аввал уруш хабари соя ташлаган чеҳралар анча очилганди. Ўйиндан кейиноқ сафарга чиқишганидан роса чарчаган бўлишига қарамай, одамларни хафа қилмаслик учун Дидье улар билан суҳбатлашишга рози бўлди. Хатто уни ўраб олган одамлардан тарқалишни талаб қилган ҳарбийларни ҳам тинчлантирди. Кеча оқшом “эл классико”да қаҳрамон бўлган ўйинчи ҳозир пойтахт отелида эди. Бу одамлар учун мўъжизадек гап эди...

Президент Никумбуа қўриқчилари билан кириб келганида Дидье ёлғиз ўзи ўтирарди. У президентни кўриб, дарров ўрнидан туриб кетди. Аксарият Африка давлатлари президентлари каби Никумбуа ҳам футболнинг ашаддий мухлиси эди. Миллий терма жамоа қандай ўйинларда ўйнамасин — хоҳ у расмий, хоҳ ўртоқлик —  албатта ўйингоҳга ташриф буюрар, кейинги вақтда одатга айланганидек, майдонга саф тортган иккала жамоа аъзолари билан бирма-бир қўл беришиб чиқарди. Албатта, миллий терма жамоани Дидье Агогосиз тасаввур қилиб бўлмасди. Нафақат миллий терма жамоа, балки мамлакат футболини усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган бўлиб қолганди. Хатто, президент Никумбуанинг ён телефонида унинг телефон рақами бўлиб, керак бўлса президент унга қўнғироқ ҳам қилиб қоларди. Аввал Англияда, “МЮ”да, сўнг Каталония фахри “Барселона”да ўйнашни бошлаган Дидье мана иккинчи йилки, Оврупода тенгсиз футболчи эди.

Никумбуа иккала қўли билан Дидьенинг қўлини олди.
— Раҳмат, келганингиз учун, катта раҳмат.
— Ундай деманг, жаноб президент. Миллатим олдидаги бурчимку ахир, — деди Дидье.
Никумбуа чарчоқдан ҳорғин боқаётган кўзларини ишқаб олди. Дидье унинг аҳволини тушунди. Мамлакат хавфсизлиги учун эртадан кеч тиним йўқ.

Улар қарама-қарши ўтириб олишди. Никумбуа одатий сўзларни йиғиштириб қўйиб, муддаога ўтди. Кириш сўзлари учун вақт йўқлигини Дидье ҳам тушуниб турарди.
— Полковник Нгуе музокараларга кўнмаяпти, — гап бошлади Никумбуа. — Нима қилиб бўлсада, уни қайтариш керак. Агар жануб унинг қўлига тўла-тўкис ўтиб кетса, мамлакат иккига бўлиниши аниқ.
Дидье бош ирғаб қўйди.
— Айтишга қийин, — фикрини баён қилишга қийналди Никумбуа. — Сизсиз иш битмас экан, жаноб Агого...
— Жаноб президент, оддий қилиб Дидье деяверинг.
— Раҳмат, Дидье. Хуллас, ҳукумат расмийлари билан маслаҳатлашиб, сизни... жанубга элчи қилиб юборишга қарор қилдик. Албатта, буни сиз ҳал қиласиз. Менга ҳам оғир сизни полковникнинг олдига юбориш, аммо бизнинг бошқа чорамиз йўқ...
— Жаноб президент, жануб мен туғилган жой. Бундан ташқари, мамлакат учун боришим керак бўлса, бораман.
Никумбуанинг кўзларида ёш кўринди. Бир муддат кўнглидагиларни изҳор қилишга сўз топа олмади. Фақат:
— Раҳмат, раҳмат... —  дея олди холос.
— Жаноб президент, агар маъқул кўрсангиз, эртага тонгдаёқ йўлга чиқишим мумкин.
— Яхши, — яна кўзларини ишқаб олди Никумбуа. — Бунгача мен айтаман, одамларим полковник билан боғланиб кўришади. Вертолётда учсангиз, менимча маъқули шу.
— Хўп бўлади, жаноб президент.
— Бўлмаса, сизга оқ йўл! — ўрнидан туриб, қўлини узатди Никумбуа.
Дидье ҳам ўрнидан туриб, унинг қўлини қисиб қўяркан, деди:
— Раҳмат, жаноб президент.
Кечки овқатга иштаҳа ҳам йўқ эди, мамлакат тақдири қил устида турганида...


Ҳарбий вертолётнинг ойнасидан пастда қамишли ва лойсувоқ уйлар, банан плантациялари, йўлларда мажақланиб ётган ҳарбий машиналар кўринади. Оддий фуқаро кийимида қурол-яроғлар осиб олган жангарилар. Полковник Нгуенинг олақуроқ қўшини, ўй ўтди Дидьенинг хаёлидан.

Учувчи полковникнинг одамларидан қаерга қўниш кераклиги ҳақидаги буйруқни олгач, аста пастлай бошлади. Қўнгач, Дидье бошидаги кепкасини ушлаганича, ерга сакраб тушди.

Вертолётдан анча нарида, қуролланган жангарилар орасида полковник Нгуенинг ўзи ҳам турарди. У пойтахтдан машҳур футболчини, ўзининг энг ёқтирган ўйинчини музокаралар учун юборишларини хатто етти ухлаб тушида ҳам кўрмаганди. Дидьенинг вертолётдан тушгунича ҳам бунга ишонмай турди. Уни кўргач, полковник шаҳдам қадамлар билан унинг истиқболига шошди. Гарчи ҳаётда уни кўрмаган бўлсада, полковник қўчоқларни очди. У Дидье билан қучоқлашиб кўришди.

— Ҳаётда сиз билан юзма-юз кўришаман, деб ўйламагандим, — деди полковник ортига тисарилиб, ростдан ҳам бу ўшами ёки бошқасими, дегандек унга қараб.
— “Миллий” ўйингоҳда мени кўрмаганмисиз, жаноб Нгуе?
— Биринчидан, мени жаноб демасангиз яхши бўларди. Жей Жей дейверинг.
— Нега энди Жей Жей?! –ажабланди Дидье.
— Нигериянинг бир ўйинчиси бор эди, ўнинчи рақамда ўйнарди.
Дидье унинг дарров эслади. Августин Жей Жей Окоча.
— Ўшанинг финтларига жуда қизиқардим.
— У ҳақиқатдан ҳам зўр ўйинчида. “Миллий”да икки марта ўйнаганмиз Нигерия билан, — жилмайди Дидье.
— Ҳа, тўғри, икки марта, — унинг оғзидан гапни илиб кетди полковник. — Биринчиси саралашда эди, иккию нолга ютганмиз! Иккала голни ҳам Дидье Агого деган қаҳрамон киритганди. Тўғрими?
Дидье бош ирғаб қўйди.
— Иккинчисида ютқизганмиз-ку, Жей Жей, — деди Дидье.
— Ҳа, ютқизганмиз. Чунки унда Дидье Агого жароҳат сабаб ўйинга тушолмаганди. Аммо мен ҳеч хафа бўлмаганман. Жей Жей Окоча гол урганди. Мен ўйингоҳ хавфсизлигига масъул эдим. Ўйиндан кейин нигерияликларни кузатаётганимда Окочадан дастҳат олганман. Уйимда турибди...

Унинг сўзларини эшитаркан, Дидьенинг миясига ўй урилди. Нега шундай одам ҳукуматга қарши оёқланди? Кўринишидан яхши одамга ўхшайди.
— Узр, — шанғиллаб деди полковник. — Туриб қолганимизни қаранг. Қани кетдик. Ҳей, машиналарни тайёрланглар!.. — полковник одамларига буйруқларни қалашириб ташлай бошлади.

Улар машиналарда полковникнинг қароргоҳи жойлашган мавзеъга кета бошладилар. Икки қаватли уйларнинг деразалари йўқ. Ишсизликдан кўчаларни тўлдирган одамлар полковникнинг машиналарини танишганидан қўрқув билан уларни кузатиб қолишади. Ярим-яланғоч болалар кўп. Кичикроқ майдонда футбол ўйнаётган болалардан бири “АГОГО” ёзуви туширилган футболка кийиб олибди. Нарироқдаги баландроқ бинонинг деворига миллий футбол жамоаси либосидаги Дидье Агогонинг улкан сурати осиб қўйилган. Уларни кўриб, Дидьенинг қатъий қимтилган лабларига табассум югурди. Миллат ҳеч бўлмаса футбол билан тирик...

— Аммо, “Реал”га урган гол жуда зўр чиқди! — полковникнинг овози унинг хаёлларини тўзғитиб ташлади. — Телефонимга ҳам ёзволдим, мана, қаранг!
Полковник Apple компаниясининг сўнгги нусхадаги телефонида “Ноу Камп”даги сўнгги ўйинда урилган голни гол муаллифига кўрсата бошлади.
— Қандай қилиб шундай тепасиз? Мен бир-икки марта уриниб кўрдим, белим ёмон тушди, ҳали ҳам сирқираяпти...
Гапларидан полковник ёш болага ўхшарди. Албатта, мегаюлдуз даражасига чиққан Дидьенинг у билан бир машинада кетаётганидан у жуда хурсанд эди...


— Мен ҳукуматнинг бирорта ҳам таклифини қабул қилмайман! Охирги гапим шу! — деди полковник столни қарсиллатиб уриб.
— Жаноб полковник, — унга жиддий қаради Дидье. — Ўртада мамлакат манфаати турибди. Ахир ўзингиз ҳам шу мамлакатнинг ҳеч бўлмаса, терма жамоасига жон куйдиргансиз! Биз ютсак, ўзингизга сиғмагансиз, ютқизсак, дунё кўзингизга тор бўлиб, кечалари билан ухлолмай чиққансиз. Қуролни ташланг, ҳукумат сизни авф қилмоқчи!
— Ёлғон! Мен уларга ишонмайман! Улар мени пойтахтга чақиришлари билан ўлдиришади...
— Мамлакат президенти сўз берди...
— Мен унга ишонмайман!

Икки соатлик музокаралардан сўнг ҳам бирор иш чиқишига кўзи етмаган Дидьенинг юраги алам ва нафрат ўтида қовурила бошлади. Пойтахтдан кузатганларнинг умиди катта эди-ку. Энди нима бўлади? Қандай юз билан қайтиб боради?
У ўрнидан турди. Қўлини узатди, ҳайрлашиш учун. Полковник ҳам ўрнидан қўзғолиб, унинг қўлини қисиб қўйди.
— Умид қиламанки, сиёсатчилар каби эмас, юлдуз ўйинчи ва унинг ашаддий мухлиси каби хайрлашамиз, жаноб Агого, — деди полковник.
Дидье бошқа сўз айтмай, бош ирғаб қўйди, холос.

Улар полковникнинг хонасидан чиқишиб, кенг коридордан ўта бошлашди. Чап томондаги кенг фойеда катта монитор ўрнатилган бўлиб, пойтахтдан бериладиган мусиқий канал эфирда эди. Гарчи фуқаролар уруши кетаётган бўлсада, ҳукумат кўнгилочар дастурлар кўпайтиришга буйруқ берганди. Фойедаги жангарилар эфирдаги машҳур хонанданинг рақсига муқомлар қилишиб, ўзлари ҳам қўшилиб куйлаб туришарди. Уларни кўриб, Дидьенинг калласига ўй келди. Телевидение.  Жангарилар полковник келганини ҳам сезмай қолишди. Полковник уларга эътибор бермай, Дидье билан ўтиб кетаверди. Жангарилар Дидьенинг ортидан қараб қолишди. Айримлар хатто телефонларга унинг расмини ола кетишди.


Пойтахтга қайтиб келган Дидье тўғри президент ҳузурига бориб, музокаралар муваффақиятсиз тугагани, лекин унда бошқа режа борлигини айтди.
— Қандай режа?! — ажабланди Никумбуа.
— Эфирга миллатга мурожаатномамни қўйинг, жаноб президент.
— Мурожаатнома? — унга саволомуз қараб қолган Никумбуа унинг мақсадини англай бошлади.
— Ҳа, миллатга мурожаат қилмоқчиман.
— Яхши, бу ҳам ажойиб ғоя! — хурсанд бўлиб кетди Никумбуа. — Нега олдинроқ каллага келмабди-я!

Дидье шахсан ўзи мурожаатномасини ёзишга киришди. Икки-уч соатлар ўтириб, матнини тайёрлагач, Никумбуага у жуда маъқул бўлди. Шу куни, соат ўн иккида, марказий канал Дидьенинг халқига мурожаатини олиб бериши режалаштирилди. Дидье миллий жамоанинг футбол кийимида, мамлакат байроғини кўтарган ҳолда камералар қаршисида пайдо бўлди. Ҳамма унинг нима дейишини кутаётган бир вақтда Дидье тиз чўкиб олди. Минглаб томошабинлар бундан ҳайратга тушиб кетишди.

Дидье ёддан айта бошлади:
— Халқим, бир фарзандинг қаршингда тиз чўкиб, илтимос қилади! Эй менинг туғилиб ўсган жануб фуқаролари! Сизлардан тиз чўкиб, бир нарсани сўрайман! Шу кунгача бизларни —  севимли ўйинчиларингизни қўллаб-қувватлаб келдингиз! Сизлар билан тўлиб-тошган “Миллий”да Африканинг гигантларини мағлуб эта билдик! Биз яна сизга муҳтожмиз! “Миллий” сизга муҳтож! Қўлимизга олганимиз — лаънати қуролларни ташлайлик! Яна “Миллий”ни тўлдирайлик! Она халқим, биродарларим, мен юлдуз эмасман, мен оддий Дидье Агогоман, тиз чўкиб сизлардан сўрайман, қатлиомни, хунрезликни бас қилайлик! Болаларимиз Овруполарда тўп сурсин, оналаримиз болаларидан қувониб юрсин, оталар шундай ўғлонларнинг отаси эканидан фахрланиб юрсин, миллат “Миллий”ларга қайтсин! Бизнинг ишимиз ўлдириш, қон тўкиш, кўз ёшларни тўкиш эмас...

Дидье Агогонинг мурожаатномаси бир неча дақиқадан сўнг бутун дунёга ёйилди. Интернетдаги тўрбетлар (веб-сайтлар)га жойланди. Дунёнинг кўзига ёш келди.

Мурожаатдан икки кун ўтиб, ҳукумат қўшинлари жанубдаги биринчи ғалабасига эришди. Полковник Нгуенинг кўп қисмлари жангсиз ҳукуматга таслим бўлгани айтиларди. Жанубдаги бошқа гуруҳлар, полковникнинг буйруқларини тан олмай, ҳукумат расмийлари билан музокараларни бошлаганди.

Мурожаатдан бир ҳафта ўтиб, Оврупо Чемпионлари Лигасида “Барселона” “Сан Сиро”да “Милан”ни енгди. Дидье Агого номи ўйин қайдномасида учта гол муаллифи сифатида битилди.
Ҳаёт давом этарди.

Бахтиёр АБДУҒАФУР

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:46, 19.12.2012.
Ўқилди: 7058 марта.
Фикрлар: 24 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.