2012 йил ҳам аста-секин тарих саҳифаларидан ўрин олмоқда. Кейинги йил янада "серҳосил" бўлишига умид қилган ҳолда, 2012 йилда ўзбек футболида рўй берган энг муҳим воқеалар рейтингини эълон қиламиз.
11-ўрин. Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби ОФК чемпионлар лигасининг ярим финалигача етиб бориб, бўлажак чемпион — «Ульсан Хёндэ»га имкониятни бой берди. Эътиборли томони, 2012 йилда "қалдирғочлар" ўз иштирокларини Шарқий минтақадан бошлашганди.
10-ўрин. Ўзбекистон миллий терма жамоасида бош мураббий ўзгарди. Вадим Абрамов ухлаётган "маҳлуқ"ни уйғотган мутахассис сифатида қолиши аниқ. Унинг саъй-ҳаракатлари эвазига ўртамиёна Осиё жамоалари Ўзбекистондан қўрқадиган, гигантлар эса бизни ҳурмат қиладиган бўлди. Айнан у терма жамоани ЖЧ-2014 саралашининг 3-босқичида қийин гуруҳдан деярли максимал натижа билан олиб чиқди. Тўртинчи босқичдаги илк мағлубият истеъфога сабаб бўлди. Унинг ўрнини Миржалол Қосимов эгаллади. Унинг меҳнатини биз фақат 2013 йилда баҳолаймиз.
9-ўрин. Абдуҳамидулло Расулов кетма-кет иккинчи марта «Осиёнинг энг яхши қанот ҳаками» унвонини қўлга киритди. У 2012 йил давомида Равшан ЭРматов билан биргаликда Олимпиаданинг очилиш учрашуви — Буюк Британия-Сенегал баҳси ва бронза медаль учун баҳс — Жанубий Корея–Япония ўйинини бошқарди. Шунингдек, ЖЧ-2014 саралашининг бир нечта муҳим ўйинларида иштирок этди.
8-ўрин. Ўзбекистон футбол федерацияси ОФКнинг "Фейр-плей" совринин қўлга киритди. Бундан ташқари ЎФФ Гватемала футбол федерацияси ва Туркиянинг "Эскишеҳир" клублари билан биргаликда ФИФАнинг "Ҳалол ўйин" совринига номзод сифатида қайд этилди. Нуфузли соврин эгаси 7 январь куни эълон қилинади.
7-ўрин. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси(U19) Осиё чемпионатида 4-ўринни эгаллади ва келаси йили Туркияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
6-ўрин. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси (U16) ўз тарихида илк марта Осиё чемпионига айланди ва 2013 йили БАА мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди.
5-ўрин. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк марта Осиёнинг амалдаги чемпиони — Японияни сафарда мағлуб этди.
4-ўрин. Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк марта Эрон терма жамоаси устидан ғалаба қозонди. Теҳронда қозонилган ғалаба туфайли вакилларимиз саралаш гуруҳида 1-ўринга кўтарилиб олишди.
3-ўрин. Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси Россияни мағлуб этиб (1:0), кетма-кет учинчи марта жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди.
2-ўрин. Пойтахтда замонавий футбол стадиони — «Бунёдкор»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Терма жамоаси 2013 йилнинг 26 март куни Ливанга қарши ўйинни мазкур стадионда ўтказиши кутилмоқда.
1-ўрин. 2012 йилда Ўзбекистон футбол оммаси ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейини нишонлади. Бу давр мобайнида футбол мамлакатда энг оммабоп спорт турига айланди. Тўпланган тажриба ва мавжуд салоҳият ўзбек футболининг янада ривожланишига туртки беради. Умид қиламиз, мазкур эришилган натижалар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий орзуси — Бразилияга бориши учун асос бўлиб хизмат қилади.