Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Футбол ва расизм ҳақида

Баҳо:
+ | -

Яқинда Англия футбол ассоциацияси Алехандро Гарначога расизм бўйича иш очди ва футболчи қанчадир жарима тўлаши, ҳатто бир нечта ўйинга дисквалификация қилиниши мумкин. Сабаби оддий, Гарначо жамоадоши, африкалик дарвозабон Андре Онана сўнгги дақиқаларда пенальти қайтаргач, ўйиндан кейин истаграмда унга атаб пост ва маймун акс этган смайлик қўйди. Футболчи дарҳол постни ўчирган, Онана эса, бундан хафа эмаслигини, ўзаро ҳазил эканини ёзди ҳам, лекин кеч.

Икки йил олдин шунга яқин воқеа Эдисон Кавани билан бўлганди - у уругвайлик дўстига твиттерда «қоравой» деб мурожаат қилган. Футболчи бу Уругвайда оддий эркаловчи сўз эканини ҳар қанча тушунтирмасин, инглизлар қабул қилишмади, Кавани жазоланди, жарима тўлади, уч ўйинга четлатилди.

Ёки Бернарду Силвани эслаш мумкин. Жамоадоши Мендига ҳазиллашиб  унинг болалик сурати ва унга ўхшаш бўлган шоколад логотипидаги болакайни расмини қўйган ва унга ҳам айблов эълон қилинганди.

Ўзаро ҳазиллар, ҳеч ким хафа эмас, жудаям ошириб юборишмадими?

Менимча, йўқ. Гап Каванининг дўсти ёки Онана, Менди буни қандай қабул қилинишида эмас. Расизмга қарши кураш кетар экан, жуда муҳим нуқта шуки, кимдир бировни ҳақорат қилган ва жабрланувчи шикоят қилган пайтлардагина аралашиш эмас, бу шундоғам бор, ҳақиқий кураш стереотипларга қарши тура олишдир. Бу хавфлироқ, бир қараганда, ювошгина, ҳеч кимни хафа қилмайдиган сўзлар, аммо шуниси билан хавфли, худди бўғдойдан кўра арпа ўғрилашдаги фарққа ўхшайди, бўғдой қиммат, ўғирлаш ёмонлигини ҳамма билади, арпа арзимас нарса, бўлаверади деб одатга айланиб қолиши ёмон. Нега Де Хеа сакраса мушукка ўхшатилади-ю, Онана маймунга?

Масала шунда. Онана хафа бўлмаслиги мумкин, лекин бу ерда ирқий ажратиш, фарқлаш бор экан, бошқа африкаликларга ҳам тегадиган жиҳат. Дунёда ҳеч ким хафа бўлмаса ҳам, бундай стереотипнинг борлиги нотўғри, шу билан курашиш ҳам жуда муҳимдир.

Ўзим билан боғлиқ бир воқеани эсладим. Яқинда, ўтган йилимидией, твиттерда  «офис учун энг зўр кофе дамловчи аппарат» ҳақида сўрашганда, «Наташа» деб жавоб бергандим. Шунчаки, ҳазил. Латифаям бор шунақа. Кимдир кулди. Нотўғри эканлигини айтишди. Аёлларга нисбатан. Нотўғридир, деб ўйладим, ўчирдим, узр сўрадим, аммо билмадим, ростанам айбимни тушундимми, йўқми, балким ҳозирам бу оддий гапдек туюлар, кўчада кимдир шунақароқ латифа айтса, бунақа дема, деб уришиб бермасман. Аёл бўлмаганим учун чегарани унутиб қўйишим, сексизм қаердан бошланишини билмаслигим мумкин. Лекин бундай ҳолатларда, энг камида, эътироз бўлганида қабул қилиш, хатони тушуниш талаб қилинади биздан. Гарначо ҳам, Бернарду ҳам расист эмас, биламан, лекин хато қилишган, қабул қилиш керак.

Инглизларнинг бу нозиклиги Лотин Америкасидан келган футболчиларга, балки баъзи жиҳатларда менга ҳам ғалати туюлиши мумкин, аммо улар мана шундай жамият қуришмоқчими, ирқ, жинс ёки бошқа фарқлиликлар мавзу бўлмаслигини исташяптими, қабул қилишга мажбурмиз. Тўғридек кўринган тушунча ва одатларни йўқотибгина, нотўғрилардан бутунлай халос бўлиш мумкин. Жабрланувчиси бўлмаган хатолар билан курашибгина, келажакдаги жабрланишларни камайтира оламиз.

Қаҳрамон Асланов.

Манба: https://t.me/aslanov_futbol
Киритилди: 08:30, 03.11.2023.
Ўқилди: 2692 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.