Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Афсонавий зарба қудрати ёки бетакрор истеъдод соҳиби

Баҳо:
+2 | -

Катта ёшли футбол мухлислари биладилар, собиқ Иттифоқ даврида Украина ва Россия (аниқроғи Москва) клублари мамлакат чемпионатида гегемонлик қилардилар. Украинадан асосан Киевнинг «Динамо» клуби москваликларга жиддий қаршилик кўрсатарди. Айрим ҳолларда Грузиянинг «Динамо» (Тбилиси) клуби бу курашга аралашиб турарди. Чунки клублар ўз республикалари шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилардилар. Бунинг учун футболчилар майдонда астойдил тер тўкардилар.

Ўша даврларда стадиони томошабинлар билан тўлиб тошиб кетадиган жамоалар орасида «Пахтакор» алоҳида ўрин тутарди. «Пахтакор»нинг ишқибозларга улашган қувончини эса ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Бугунги кунгача Геннадий Красницкий ҳақида кўп гапирилган ва кўп ёзилган. Мен ҳам баҳоли қудрат ўша даврларда «Пахтакор» таркибида ўйнаган, Ўзбекистоннинг XX-асрдаги энг яхши футболчиси деб тан олинган, ўзбек футболининг байроқдорларидан бири — Геннадий Красницкийнинг ўзимга маълум баъзи ҳолатларини қисқача бўлса ҳам ҳикоя қилишни лозим топдим.

У «Пахтакор» сафига 1958 йилда қўшилган эди. 1970 йилгача тошкентликлар шарафини муносиб ҳимоя қилган бу футболчи кучли зарбалари билан ажралиб турарди. Айнан шу зарбалар мухлислар орасида афсонага айланиб кетганди. Ашаддий ишқибозлар тўпланиб қолишса, Геннадий Красницкий тепган тўп дарвоза тўрини йиртиб юборгани ҳақида оғиз тўлдириб гапиришга тушиб кетардилар. Ҳатто «Красницкий дарвозабонни ўлдириб қўйишига оз қолибди» деган миш-мишлар юргани учун Красницкий ўзини ноқулуайроқ сезиб юрарди. Ҳужумчининг зарбаси чиндан ҳам кучли эди. Буни афсонавий дарвозабон Лев Яшин ҳам тасдиқлаган. Унинг китобида жумладан қуйидаги гаплар ёзилган: «Ҳозиргача «Пахтакор»нинг ҳужум қироли саналган Геннадий Красницкийни ҳаяжон билан тилга оламан. Унинг зарбасини сўз билан ифодалаш қийин. 30-40 метр узоқликдан берган зарбаларини биз зўрға қайтарардик, баъзан бу зарбалар олдида ожиз қолардик. Яқинроқ масофадан берилган зарбаларни эса гапирмасам ҳам бўлаверади. У жарима тўпини тепишга ҳозирлик кўраётганида ёки дарвоза томон ёриб кираётганида юрагимизда алланечук қўрқиш ҳисси пайдо бўларди. Биз дарвозбонлар Красницкийни бир умр эсдан чиқармайдиган бўлганмиз».

Мухлислар ҳам бу ҳужумчини эсдан чиқарганлари йўқ. Унинг зарбаси дарвоза тўрини йиртиб юборгани ҳақидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Афсонанинг пайдо бўлиши эса 1960 йилларга бориб тақалади. Красницкий ўшанда собиқ Иттифоқ терма жамоаси сафида Жанубий Америкага борганди. У кезларда футбол ўйинларидан репортажлар радио орқали бериларди. Хуллас, хорижда ўтказилган ўйинлардан бири якунлангач, Красницкийнинг ўта кучли зарбаси ҳақидаги ҳамма ёққа овоза тарқатилади. Грецияда бўлган ўртоқлик учрашуви эса янги шов-шувларни юзага келтирди. Ўшанда «Паниониос» жамоаси билан ўйинда Красницкий чамаси 22 метр узоқликдан дарвозага зарба йўллаган. Тўп тўрга бориб тушганини ҳакам сезмай қолган ва тўпни дарвозабон ўйинга киритишни кўрсатган. Шунда томошабинлар шовқин кўтариб ҳуштакбозлик қилишган. Хатога йўл қўйганини сезган ҳакам қанотдаги ёрдамчиси билан маслаҳатлашиб гол урилганини қайд этган. Кейин маълум бўлишича, тўп дарвоза устуни ва тўр оралиғини ёриб ўтиб кетган экан.

Геннадий Красницкий ажойиб спорт формасида бўлган, майдонда ҳамма нарса қўлидан келар, шериклари ҳам ўзига мос равишда яхши футболчилардан жамланган эди. «Пахтакор»нинг асосий таркибида барқарор ва яхши ўйинчилар эди. Дарвозабон - Пшеничников, ҳимоячилар - Азизхўжаев, Моторин, Суюнов, Семенов, ярим ҳимоячилар - Тазетдинов, Тожиров, Ёқубов, ҳужумчилар - Беляков, Стадник, Морозов, Абдураимов — шундай футболчилар сирасига киради.

Красницкий жамоаларнинг шон-шуҳратию кучли-кучсизлигига қарамасдан «Молдова»га, «Қайрат»га, Москва жамоаларига, «Беларус»га, ереванликлар ва киевликлар жамоаларига тўп урарди. 1962 йил 2 май куни Москва спартакчилари «Пахтакор»ни қабул қиладилар. Ушбу ўйин ишқибозлар ташрифи бўйича рекорд кўрсаткичларнинг бирига эришади - унга 75 минг ишқибоз ташриф буюради. Шуни таъкидлаш керакки, албатта «Спартак» ишқибозларидан ташқари махсус Красницкий учун келган мухлислар ҳам кўпчиликни ташкил этган.

Яна бир факт, ўз иқтидорлари билан фахрланувчи, кўплаб юлдузлар ўйинларинг шоҳиди бўлган Москва ишқибозлари тошкентлик тўпурарни ёқтиришарди. Уни Москва жамоалари ўз таркибларига жалб қилса ҳам Красницкий ҳаммасини рад этган. Чунки у қалбан ўзбекистонлик эди, шу юртни севган ва содиқ қолган. У ўзбек футболининг ривожи учун, келажаги учун бебаҳо ҳисса қўшиб кетди.

Ҳар йили юртимизда болалар ўртасида унинг хотирасига бағишлаб футбол турнирларининг ўтказиб борилиши, халқимиз ҳамон ўзи севган футболчининг исми-шарифини муқаддас бир меҳробдек эслаб юриши, унинг порлоқ хотираси мангу эканлиги, халқимиз ватанпарвар инсоннинг хизматларини ҳеч қачон унутмасликларини яна бир бор таъкидлаётгандек...

Султанов Турдибой (TURDIBAY никли мухлис).

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 10:03, 03.01.2013.
Ўқилди: 9098 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.