Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Кака, Роналдиньо ва Роналдо. «Олтин тўп» соҳиблари фаолиятини қаерда якунлаган?

Баҳо:
+ | -

“Олтин тўп” соҳибларидан фақат Месси ва Роналду кучсизроқ лигаларга кетмаган. XXI асрдаги “Олтин тўп” соҳиблари фаолиятларини қаерда якунлаган?

Яқиндагина Лионель Месси фаолиятидаги саккизинчи “Олтин тўп” соҳибига айланди. Катта эҳтимол билан бу у учун охиргиси.

“Ўйлашимча, бу менинг сўнгги “Олтин тўп”им. Мен фаолиятим давомида эришган барча нарсалар ва саккиз бор бу совринни қўлга киритганимдан хурсандман”, — дейди аргентиналик.

Афсуски, энди Роналду ва Месси даври тугади. Иккиси ҳам фаолиятлари сўнггида “Олтин тўп” совринини ютиш имконияти кам бўлган лигаларга кетди. 36 ёшли Месси — MLS’да бўлса, 38 ёшли Роналду Саудия Арабистонида тўп сурмоқда. Роналду билан бир чемпионатда 2022 йилги “Олтин тўп” соҳиби бўлган, Карим Бензема ҳам фаолиятини шу ерда давом эттирмоқда.

XXI асрда “Олтин тўп” соҳиби бўлган юлдузлар фаолиятларини қаерда якунлаган? Улардан қайсилари катта пул эвазига Осиё ёки Америка давлатларига кетди? Қайсилари фаолиятининг сўнггигача Европада қолди?

Кака

Бразилиялик футболчи 2007 йилда ёш Роналду (иккинчи ўрин) ва Мессини (учинчи ўрин) ортда қолдириб “Олтин тўп”га эга чиққан. Совринни қўлга киритган пайтида у 25 ёшда эди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Европадаги 11 йиллик фаолияти давомида “Реал” ва “Милан” жамоаларида тўп сурган. Айнан “Милан”даги ажойиб ҳаракатлари эвазига бу соврин соҳибига айланган.

“Олтин тўп”ни қўлга киритганидан 7 йил ўтиб, Кака АҚШ чемпионатига кўчиб ўтиб, “Орландо Сити” жамоаси билан шартнома имзолади. Бразилиялик йилига 7,2 миллион долларлик маош билан Американинг энг кўп ҳақ тўланадиган футболчисига айланди.

Кака “Орландо Сити”да 3 мавсумда 78 та ўйинда майдонга тушиб, 25 та гол урди ва 19 та голли узатмани амалга оширди. У Америкадаги фаолияти давомида ҳеч қандай соврин ютмади ва бундан ҳеч афсусланмаса ҳам керак.

“Менда ҳар доим АҚШ чемпионатида ўйнаш хоҳиши бўлган. Биринчи қизиқишларим 2012 йилда “Орландо Сити” президенти Флавио Аугусто менга Давид Бекҳам сингари франчайзинг сотиб олиш таклифини берганида бошланган. Энди менинг орзуйим рўёбга чиқди”,— деган эди Кака МSL’га кўчиб ўтганидан кейин.

Фабио Каннаваро

Афсонавий марказий ҳимоячи ҳам фаолиятини Европада якунламади. Кўҳна қитъадаги 18 йиллик фаолияти давомида “Наполи”, “Парма”, “Интер”, “Ювентус” ва “Реал” жамоаларида ўйнашга муваффақ бўлган.

Каннаваро 2006 йилги жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси билан ғолиб бўлгани ҳисобига “Олтин тўп”ни қўлга киритган. Ўша пайтда Фабио 33 ёшда эди. Шундан 4 йил ўтиб, у Осиёни кашф қилишга қарор қилди ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Аҳли” клуби таклифини қабул қилади.

Каннаваро ўзининг бу танловини шундай изоҳлаган:

“Гап пулда эмас, оиламнинг фаровонлиги ҳақида қайғурдим. БААда чемпионат тинч бу ерда ҳеч ким сизга босим ўтказмайди. Ўйлайманки, профессионал фаолиятим давомида тўплаган бой тажрибам “Ал-Аҳли”нинг ёш футболчиларига катта натижаларга эришишда ёрдам беради”.

Фабио билан имзоланган шартнома икки йилга мўлжалланган эди. Норасмий маълумотларга кўра унинг маоши йилига 5 миллион долларни ташкил қилган. Лекин тиззасидан олинган жароҳатлар безовта қилганлиги туфайли фақат бир мавсумгина ўйнай олди. Шундан сўнг бутсаларини михга илди.

Роналдиньо

Бразилиялик сеҳргар 2005 йилги “Олтин тўп” соҳиби бўлган. Ўша пайтда 25 ёшда эди, “Барселона” сафидаги ажойиб ҳаракатлари сабаб бу совринга лойиқ кўрилган. Унинг Европадаги фаолияти тўққиз ярим мавсум давом этди. 2001 йилнинг ёзидан 2010 йилнинг қишига қадар. Ҳужумкор ярим ҳимоячи Европадаги фаолияти давомида “ПСЖ”, “Барселона” ва “Милан”да ҳаракат қилган.

“Олтин тўп” соҳиби бўлганидан 5 йил ўтиб, Роналдиньо ватани Бразилияга қайтади. Кейинчалик 2014 йилда Мексиканинг “Керетаро” жамоаси билан 2 йиллик шартнома имзолайди. Унинг шартномадаги маоши йилига 1,8 миллион долларни ташкил қилган. Маҳаллий мухлисдан бири ундан нима учун Мексика лигасини танлаганлигини сўраганида у шундай жавоб берган эди: “Мен Мексикага совринлар ва қизларни ютиш учун келдим”.

Амалда Роналдиньонинг Мексикадаги фаолияти унчалик ҳам ёрқин кечмади. У ҳеч қандай совринга эга чиқмади. Бразилиялик “Керетаро” сафида 29 учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урган ва шунча голли узатмани амалга оширган. Шундан сўнг у Бразилияга бир муддатга қайтди ва кейин фаолиятини якунлади.

Андрей Шевченко

2004 йилда 28 ёшли Шевченко “Милан” сафида “Олтин тўп”ни қўлга киритган. У бу совринга эришиш учун узоқ йўлни босиб ўтишга мажбур бўлган. 1999 ва 2000 йилларда учинчи ўрин билангина кифояланган.

Лекин 2003/2004 йилги мавзум Шева учун ёрқин кечди. У жамоаси билан Италия чемпионлигини қўлга киритди ва 32 та ўйинда 24 гол утиб, А сериянинг тўпурари бўлди. Шундан сўнг, яна икки мавсум “Милан” учун ўйнади.

Кейин фаолиятини Англиянинг “Челси” клубида давом эттирди. Орада яна ижара асосида “Милан”га қайтди, лекин бу олдингиси каби муваффақиятли чиқмади. Шундан кейин Европадаги фаолиятини якунлаб, ватанига Киевнинг “Динамо”сига қайтди. Шевченко Осиё ёки Америка лигаларида ўйнамади.

2007 йилда Sports Illustrated’га берган интервьюсида Америка лигасида тўп суришни хоҳлаши ҳақида шундай деган эди: “Мен у ерда ўйнашни жуда ҳам хоҳлайман. АҚШда футбол жуда тез ривожланмоқда ва мен бу жараёнга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Мен миллий терма жамоа сафида МSL’нинг юлдузлари билан тўқнаш келганман ва уларнинг қанчалик маҳоратли эканлигини биламан”.

Шунга қарамай, бу иш амалга ошмади. Маълумотларга кўра, Шевченко “Ди Си Юнайтед”нинг йиллик 5 миллион долларлик таклифини рад этган.

Павел Недвед

2003 йилда Недвед “Олтин тўп”ни қўлга киритганида 31 ёшда эди. У бу совринни “Ювентус”даги иккинчи мавсумида қўлга киритди. Бунга қадар у “Лацио” сафида 5 йил тўп сурган. Павелнинг бутун фаолияти Италия билан боғлиқ. 2002/2003 йилги мавсумда “Ювентус” билан А серия чемпионлигини қўлга киритган ва чемпионатнинг энг яхши футболчиси деб топилган. Шу билан биргаликда Чемпионлар Лигасида жамоаси билан финалга қадар етиб бориб, “Милан”га пенальтилар сериясидагина мағлуб бўлган. Ўзининг энг яхши мавсумини ўтказган Павел яна 6 йил “кекса сеньора” сафида қолди. Яъни фаолияти якунигача.

Нима учун Павел фаолияти сўнггида Осиё ёки Америкага бормаганлигини агенти Мино Райола шундай изоҳлаган:

“Менга Недвед бўйича кўп қўнғироқлар қилишган, лекин бу ҳақида у билан гаплашиш вақтни беҳуда сарфлаш эканлигини билардим. Ҳеч қандай катта суммадаги шартномалар уни оиласининг фаровонлигидан воз кечишга мажбур қила олмасди. Таклифлардан бири Япониядан бўлган эди. Бундай катта сумма ҳеч кимга таклиф қилинмаган. Ҳатто Зиданга ҳам”.

Роналдо

Фаолиятидаги иккинчи “Олтин тўп”ни Роналдо 2002 йилда қўлга киритди. Бу ҳодиса ўша йили Бразилия терма жамоаси Жаҳон Чемпиони бўлганидан кейин содир бўлди. Ўшанда форвард фаолиятининг энг чўққисида эди. Эндигина “Интер”дан “Реал”га ўтганди. У биринчи “Олтин тўп”ини “Барселона”дан “Интер”га кўчиб ўтганда қўлга киритган.

Умумий ҳисобда “сўйлоқ тиш” Европада 14 мавсум ўтказди. Шулардан иккитасини Нидерландиянинг “ПСВ”сида, бир мавсумни “Барселона”да, бештасини “Интер”да, тўрт ярим йилни “Реал”да ва бир ярим йилни “Милан”да ўтказган. 2008 йилга келиб, Роналдо клубсиз қолди. Чап тиззасидан олинган жароҳат сабаб, фаолиятини давом эттириши сўроқ остида қолганди. Лекин футболга бўлган иштиёқ кучлилик қилди. Ватанига қайтиб, “Коринтианс” сафида яна бир неча мавсум ўйнади.

Майкл Оуэн

2001 йилги “Олтин тўп” соҳиби бўлган Майкл ўша йили эндигина 22 ёшда эди. Шахсий совринни қўлга киритиш билан биргаликда, “Ливерпуль” сафида УЕФА Кубоги, УЕФА Суперкубоги, Англия Кубоги, Лига Кубоги ва Англия Суперкубогини қўлга киритган. Умуман олган, ўша мавсум “Ливерпуль” ва ҳужумчи учун жуда омадли бўлган.

Оуэннинг бутун фаолияти Европа футболи билан боғлиқ. “Ливерпуль”дан “Реал Мадрид”га ўтган Майкл бир мавсумдан кейин яна Англияга қайиб, “Ньюкасл”, “Манчестер Юнайтед”, “Сток Сити”да ўйнади. 2012 йилнинг ёзида “Манчестер Юнайтед”ни тарк этиб, клубсиз қолишига қарамай бошқа кучсизроқ лигалардан таклифлар бўлса, ҳам қабул қилмади.

“Мен билан шартнома имзолашни хоҳлаётган клублардаги асосий тўсиқ бу — менинг жароҳатларим. Умуман олганда, менга дунёнинг турли бурчакларидан жамоалар қизиқиш билдирмоқда. Лекин менинг танловим бу — АПЛ”, — деган эди Майкл.

Миржалол Норқобилов таржимаси.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:49, 08.11.2023.
Ўқилди: 2216 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.