Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Орқада қолгувчи ўйлар (1-қисм)

Баҳо:
+1 | -

Мақолам давомида, яъни “иккинчи таймда” термамиз қандай қилиб ўз ривож йўлини босиб ўтиши керак, деган саволга ишқибозлар далдасида жавоб қидирмоқчи эдим. Терма ўйинлари ёзилган дискларни топиб қўйдим. Қор остида айиқ ўз панжаларини қиши билан сўриб ётганидай, мен ҳам қиш чилласида дискларни кўриб, фактларни сўриб, саволларимга жавоб изламоқчи бўлган эдим. Яхшиям бу йил еврофутбол авж палласида қизғин жангларга сероб бўляпти. Бу йил Моуриньо ва Роналду мавзуси теле-, радио эфирни, матбуот саҳифаларини қизигандан қиздириб, футболдан узоқ одамлар ҳам четда қолмай, ҳамманинг эътиборини ўзига тортмоқда. “Даракчи”ю “Бекажон”ми, “Хумо”ю “Келинчак”ларми, тағин алла-нималар ҳам мушук товушига ўхшаб талаффуз қилинувчи исмда жо бўлган кибр ўчоғидан ўз саҳифаларини қиздириб олишяпти. Шу кунлари ҳамма ёқни “моуриньо” каби товушлар, ҳамма ёқни “у деди, бу деди”,”у кетди, бу келди” каби гаплар босиб кетган. Футболимиз эса қиш уйқусига етган. Ҳамма футболчиларимиз таътилга чиқиб кетишган. Стадионимизни қор босган. Ғуборсиз ҳаво мусаффо. Юнусобод ортидан то Қўйлиқ ортигача чўзилиб ётган Турбат, Чимён, Оҳангарон тоғлари қўшилишиб қор босган тизмалари билан Тошкент қошига яқинроқ келиб, сукут сақлаб туришгандай гўё.

1. ЧАРОҒОН ФУТБОЛ.
Офтобда чарақлаган буюк тоғларимизнинг ёрқин нурлари олдида бизнинг икир-чикир, куйди-пишди гапларимиз қанчалар майда, қанчалар хира. Ўша ёзувкашлар, хиракашлар сафида мен ҳам борман, футболимизнинг ёрқин рангларига зорман. Ўзимча футболимизни ёлғону сохтанинг ғуборидан тозалаб оламан, деб ололмай, чарақлатиб ёрқин рангларини очаман, деб очолмай, ўзим ўзимга бедаво торман. Нечун шундайман? Ҳамма ёқни янги йил шодиёнаси қопласа-да, ўзим туман қоплаган кундайман? Энди етар, бас.

“ХЕТАФЕ” бир йилда Испания, Европа, жаҳон чемпиони бўла олмаганидай, бизда масалан “ГУЛИСТОН” бирданига Ўзбекистон, Осиё, кейин Жаҳон чемпиони бўла олиши амри маҳол-ку. Балки ҳеч қачон бўла олмаслиги айни ҳақиқат-ку, қария. Термамиз ҳақида ҳам шундай аччиқ гап айтишимиз мумкин. Футболимизнинг бори шу. Барча ҳақиқатни бор ҳолича қабул қил. Уни сев. Ахир ҳамма-ҳаммасини Эгам суйиб яратган-ку”, деган сўзлар дарвозамиз тўридан жой олган тўп сингари ибратли, аянчли ва сафарбар. Ҳам армон, ҳам дармон. Мағлубият ёнида ғалаба ўта чароғон.

Бир замонлар Маҳмуд Асрор тўртлигини таҳрир қилган эдим. Ўша сўзларни эсладим шу пайт.
Борнинг ҳам йўғи бор атоғи билан,
Кулмоқда, кўзи нам ёноғи билан,
Худога иқроран хурсанд бўл, йиғла,
Чиройлику тўлин ой ўроғи билан.

ТОҒЛАР ШОҲИД
Мендек қарияга Тошкент шарқидаги азм тоғлар нима демоқчи? Миллион йиллик қояларини қорга кўмиб, сукут сақлашмоқда. Совуғига чидаб, олам жаҳон қорни елкалаб, ёзда ўз ирмоқлари, сойлари билан Турон заминига обиҳаёт сувини етказишади. Улар ҳаммадан юқори, ҳаммадан бағри кенг, назардан четда. Беқиёс Қудрат, чексиз Умид, букилмас Бардош, ўзига, хизматига, қисматига, ҳақиқатга, адолатга нисбатан сўнмас, тўлиқ Ишонч рамзи улар. Азизларим, мен ҳам Турон фарзандиман, мен ҳам шу тоғлар дилбандиман. Мен ҳам ФУТБОЛимизга тўлиқ ишонаман. Мен доим бир нимани таҳлил қилиб, битта-яримта камчиликни танқид қилсам-да, мен ҳам эртанги Футболимизга, Сизларга азизларим, тўлиқ ишонаман. Бир томондан Рустам Акрамов ва бошқалар ярим асрлик меҳнатини, иккинчи томондан мен ва бошқа ишқибозлар ярим асрлик дардини, қалбимиз ҳароратини ўзбек футболига бағишлаб келмоқдамиз. Мен ҳам Сизлар каби 2013 йил ўзбек футболи учун қутлуғ келишига тўлиқ ишонаман. Шу тоғлар шоҳид. Шу тоғларга таянган қишки осмон шоҳид, осмон остидаги қорли стадионларимиз шоҳид. Тангрим шоҳид.

НОҒОРА ҚОҚМАЙ ТУР
Ярим аср ишқибозчиликдан сўнг бир нима ёза бошладим. Ёзганим сари ёзгим келади. Сизга, азизларим, айтар гапим ҳечам тугамайдигандай гўё. Ёзувкашлар қаторига қўшилиб бўлдим. Шунинг учун журналистлар нуқсонларини кўриб, уларни ўз камчилигим деб санайман, эзиламан, уяламан. Биз футболчилар ва мураббийлар ишидаги камчиликларни доим танқид қиламиз. Бунга ҳақлимизми? Албатта шундай. Ўзимизда нуқсонлар йўқми? Албатта, бор. Аввало уларни даф қилсак бўлмайдими, деган хаёлга бордим. Иккинчи таймда “майдонга” тушиб, асосий мавзуга қўл уришдан аввал “танаффусда” гапни ўз ишимиздан, ёзиш-ёзмишимиздан бошласам дейман.

Кечаги турда “Вальядолид” “Барса”ни қабул қилди. Бошқача ўйин қилди. “Реал”га қарши ўйинда жисмоний курашга кўп эътибор қаратган бўлса, кечаги ўйинда тез фикрлаб тез ўйнашга интилди. Биласиз, майдонда “Барса” жуда тез “гапиради”. Фақат уни Соат Шариповга ўхшатманг. Соат Шарипов телеэфирда ўзининг жуда тез гапи билан бошқалардан ажралиб туради. Лекин нутқида ритм йўқ, пауза йўқ. “Калашников” каби тириллайди. Ранг йўқ. Гапида мазмун, маъно йўқ. Соат Шариповга ўхшаб “ШЎРТАН” ҳам тез “гапиради”. Унинг ҳужум силсиласи ҳам кўпбоғлам, лекин С.Шариповнинг гапидай дона-дона эмас. Унинг “гапига”, ўйинига маъно етишмайди. “Барса”нинг майдонда айтар “гапи” кўп. Яшил майдонда дудуқланиб юрмайди. Ёки у саҳнада Отелло монологига ўхшаб ҳаммани бир ўйинчининг “оғзига” қаратиб қўймайди. Унинг “монолог”ларида бир пайтнинг ўзида камида олтита футболчи қатнашади. Шунинг учун у тез “гапиради”. Аммо “гап”лари сермазмун, пурмаъно. Кечаги рақиби унинг ҳар бир “гап”ини чақиб ўйнади. Анча вақтгача майдонда тенг курашни кўрдик. 0:0 сақланиб турди. Ўзимизга қайтсак, футболимизга доир эфир ва матбуотда мазмун, маънони қидирманг. У ердан фақат маълумот ё ахборотни топасиз. Улардан бирор маъно чиқариб олиш ўзингиздан бўлади. Сермазмун гапларни Асланов блокидан қидиринг. Баъзан улар шундай мазмундорки, уларни ўқиган киши гоҳ мазмун ортидан югуриб унга етолмай қолса , гоҳ бирор нарсани тушуна олмай қолади киши.

2. АНДОРРА АФЗАЛМИ, Ё ҚИРҒИЗИСТОН?
Асланов 7 декабрь куни Stadion.uz’да босилган мақоласини “МДҲ мадҳи” деб номлабди. Мақола маъносини чақиб олишим қийин бўлди. Бизнинг жамоаларимиз ОФКда “яккаланиб”, рақобатдан четда қолиб кетган эмиш. Минг йиллик қўшни халқлар- туркман, тожик, қирғиз футболини бир пақирга тенг кўрмаяпти. Уларни футбол картасидан ўчириб ташлаган, шекилли. Минг-минг чақирим узоқдаги Андоррани футбол давлати деб тан олиб, улар билан ўйнаб келишимизни бизга шараф деб билган ҳолда, Қирғизистон билан ўйнашни ўзимизга муносиб кўрмайди. Еврохўрозқанд десангиз, уни ётиб ялайдиганлардан.

Биз Узоқ Шарқдан узоқда, Кичик Осиёдан катта масофада эмишмиз. Қитъада тилимиз бегона, динимиз бошқача эмиш. Қатор жамоаларимиз равнақини четга суриб, чемпионатимизни (шу жумладан, Қўқон футбол тақдирини ҳам) иккинчи, ўнинчи даражалик билиб, МДҲ чемпионатида бир икки жамоа билан қатнашсак, улар билан “тилимиз” бир, “динимиз” бир, футболимиз бир бўлиб қолар экан-да. Рус тилини чала-пулча биламиз, шу бизга етади, инглиз тилини ўрганиб на қилдик? МДҲ чемпионатида қатнашиб, Россия футбол аравасига осилиб олсак бўлгани. Қарабсизки, “рускоязычный” футбол намояндаси бўлиб юрамиз, дунёга тезроқ таниламиз. Ўз йўлимиздан юриб, ҳар қадамда ўзимизни қайта бор кашф қилиб, бир нимага эришиш осонми? Заҳматкаш йўл.

ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ҲАРОБ “ФУТБОЛИ”
Бу гаплари билан Асланов ўз дарвозасидан қанча “гол” ўтказиб юборганидан ўзи ҳам бехабар бўлса керак. Биз ҳам уларни ҳозир санаб ўтирмайлик. Кўзи кўриб, ақли етиб, қўли билан тузата оладиган ўз касбига доир соҳалардан эътироз билдирайлик. Эшитинг. Сўзни сўзга улаб, гап тузиб, ўз фикрини аниқ баён этиш журналистика майдонида кўрсатилган “ўйин” бўлади. Ҳар бир жамоа мураббийи майдонга тушишдан олдин тайёрлаб қўйгани каби ҳар бир жамода ғоя бор бўлиши керак. Футболнинг ғояси бир. Бу гол уриб ғалаба қозонишдир. Ҳар бир мураббийнинг гол уриш ғояси ҳар хил бўлади. Буни, яъни, ғояни майдонда амалга ошириш учун “сўз”ларни – футболчиларни ҳужум силсиласида бир бирига пишиқ-пуҳта боғлаб ўйнатиш керак бўлади. Журналистикага қайтайлик. Асланов “майдонда” қандай пишиқ “ўйин” тузяпти экан, сўзларни маржондай мантиқ ипига қандай тизяпти экан, шуни кўриб чиқайлик.

Мақола ғояси ҳақида кейинроқ гап очамиз. Масалан “УЕФА коэффициентлари-ю, турли расмиятчиликлар, регламентга чуқур киришишга истамайман”, деган гапни ёки “Футбол бўйича МДҲ чемпионатида ўтказиш таклифи ўртага чиқди”, деган гапни ўқиб, сиз бир нима тушундингизми? Биз, журналистлар майдонда бетайин оширмаларни кўриб, бундайин бемаъни футболни танқид қиламиз. Ўзимиздан гап очсак, сўзлар- “ўйинчилар”ни боғлаб турган “оширмаларимиз”, яъни гапдаги келишик қўшимчаларимиз олий лига у ёқда турсин, матбуот “майдон”ининг кўча лигасига ҳам тўғри келмаслигидан бехабармиз. Бундай қусурли “ўйинларимиз” сайт-у, саҳифа-ю, эфирларни бош-оёқ “безаб” қўйган.

Энг ачинарлиси, бундай “ўйинимизнинг даҳшатли жозибаси” “Спорт” каналини ҳам анчадан бери “безаб” келяпти. Бу аҳволга мен ҳам ҳисса қўшдимми дейман. Айбим шуки, уриша бериб Зафар Имомхўжаев бетини қотириб қўйибман, шекилли. “Спорт” каналида Полонская муаллифлик қилган “Стать ближе” деб номланган рус тилидаги кўрсатувни хақли равишда юқори малакали деб биламиз. Мазкур муаллиф ўз кўрсатувининг ярмини ё чорагини ўзбек ё инглиз тилида олиб борса, ҳосил бўлган бундай бўтқа касбикомилликка мутлақ тўғри келмаслигини ҳамма тушунади. Ўзбек тилидаги “Футбол шарҳи” кўрсатувининг ярми рус тилида олиб борилишига нима дейсиз? “Спорт” канал директори Давлат Турдиалиев жаноблари, Сизга айтаман. Франция давлат телевидениясининг давлат тилидаги кўрсатувини кимдир инглиз тилида, бирор кимса Россия давлат каналидаги русча кўрсатувни, масалан татар тилида таржимасиз олиб бориши мумкинми? Буни тасаввур қила олмайсиз, тўғрими? Бизда нега мумкин экан? Биз иккинчи даражали халқ бўлиб, учинчи даражали ҳурматга ҳам сазовор бўлолмаган давлатмизми? Давлат тилига қаерда бор бундай ҳурматсизлик? Бунинг устига бошловчимиз рус тилида гаплашиб “падеж”лар қўшимчасини хато ишлатса, кулайми, йиғлайми?

Давоми бор.

Ҳасанали Қодиров

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:21, 04.01.2013.
Ўқилди: 12261 марта.
Фикрлар: 118 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.