Англия Премьер-лигасининг энг қимматлашган футболчилари номи эълон қилинди. Одатда, янги сотиб олинган футболчилар ўзи билан номаълумлик олиб келади. Шу сабабли, ҳеч бир трансфернинг омадли бўлишига кафолат йўқ. Сўнгги олинган маълумотларга асосланиб, харид қилинган футболчиларнинг энг қимматлашганлари рўйхатини туздик. Ундан собиқ "МЮ" ва "Челси" футболчилар жой олганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Кучли ўнликнинг ўнинчи поғонасидан Антони Эланга жой олди. У "Ноттингем Форест"га кўчиб ўтганидан бери нархи ошди. 21 ёшли ҳужумчи ёзда "МЮ"дан 15.2 миллион фунтга харид қилинган эди. У АПЛнинг 11 турида 1 та гол ва 3 та ассист қайд этди. Шу сабабли унинг қийматига 3 фоиз қўшилди ва нархи 15.6 миллион фунтга кўтарилди. Кейинги ўринда собиқ "Арсенал" юлдузи Алекс Ивоби келади. Ёзда у 22.3 миллион эвазига "Фулхэм"га кўчиб ўтганди. Айни дамда Ивобининг нархи 9 фоизга ошиб, 24.3 миллион фунтни ташкил қилмоқда.
"Борнмут" вакили Жастин Клюверт навбатдаги поғонадан жой олди. У 25 фоиз ўсишга эришиб, ўз нархини 9.7 миллиондан 12.1 миллионга кўтариб олган. "Бёрнли" юлдузи Майкл Обафеми ҳам бу борада яхшигина ўсиш кўрсата олди. 23 ёшли футболчи 25 фоизга қимматлаган.
"Челси"нинг йирик харидларидан бири бўлган Кристофер Нкунку кутилмаганда нарх борасида ўсишга эришди. Гарчанд бу мавсумда жароҳатлари сабабли майдонга тушмаётган бўлсада, 33 фоизга қимматлашди. У учун "Челси" 52 миллион тўлаганди. Ҳозир эса Франция терма жамоаси аъзоси 69.4 миллион фунтга баҳоланмоқда. "Лутон Таун" ярим ҳимоячиси Жейкоб Браун кейинги футболчи. У ёзда "Сток Сити"дан 2.5 миллион фунтга харид қилинган. 25 ёшли футболчи 38 фоиз ўсишга эришиб, 3.4 миллионга баҳоланмоқда.
Меддисонни кейинги поғонада кўрасиз. У "Лестер"дан 40.1 миллион фунтга харид қилинган эди. Айни дамда Англия терма жамоаси аъзосининг нархи 60.7 миллион ва бу 51 фоизлик ўсишни англатади.
Рўйхатдан "Тоттенхэм"нинг яна бир юлдузи жой олган. Деян Кулусевски ёзда 26 миллион фунтга олиб келинган эди. Аммо ҳозирда швециялик ҳужумчи 43.4 миллион фунтга баҳоланмоқда. Рўйхатнинг иккинчи ўрнида "Бёрнли" ярим ҳимоячиси Лука Колеошони кўришингиз мумкин. У 2.6 миллион фунтга сотиб олинганди. Икки ой ичида Луканинг нархи 100 фоизга ўсиб, 5.2 миллион фунтга етди.
Биринчилик "Челси"нинг собиқ футболчисига насиб этди. Каллум Хадсон-Одои "Ноттингем"га атиги 3 миллион фунтга сотилганди. Аммо ярим ҳимоячи ўзига паст баҳо берилганини исботлади. 24 ёшли футболчи 243 фоизга қимматлаб, ҳозирда 10.4 миллион фунтга нархланяпти. Каллум "Челси"да узоқ йиллар оғир даврларни бошидан ўтказганини ҳисобга олсак, бу нарса у учун катта мукофот бўлди.
ИСМАТОВ Ж.