АПЛда жами 213 голга муаллифлик қилган, уч бор "Олтин бутса" совринига лойиқ топилган Суарес ва ван Персини, турнир тарихидаги энг яхши ҳужумчилардан дейиш мумкин. Ушбу жуфтлик 2010 йиллар бошини ўз жамоаларидаги фантастик ўйинлари билан ёритганди. Бугун бу иккисининг қай бири яхшироқ бўлганини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрмоқчимиз. Қуйида бир неча мезонлар асосида ҳужумчиларни баҳолаймиз.
Гол уриш
АПЛ тарихидаги энг яхши ҳужумчи деган номни уларга берар эканмиз, шубҳасиз Суарес ва ван Персининг голлари сонига эътибор беришимиз керак бўлади. Робин ван Перси 11 йиллик Англиядаги фаолияти давомида 144 та голга муаллифлик қилган. Суарес эса уч ярим йил ичида 69 та гол урган. Шу сабаб бу иккисини таққослаш мураккаб. Биз уларни солиштириш мақсадида махсус математик ҳисоблаш – "дақиқасига ӯртача бир гол" усулидан фойдаландик. Яъни, футболчиларнинг майдонда бўлган дақиқасини урган голига бўлиб юбориш. Натижада эса қуйидагича бўлди:
Робин ван Перси ҳар 140 дақиқада бир гол урган. Луис Суарес эса ҳар 139 дақиқада бир голга муаллифлик қилган. Кўриниб турибдики, бу борада кичик устунлик Суарес томонида. Шу сабаб бу соҳада уругвайликни ғолиб деб топамиз.
АПЛ совринлари
Агарда ушбу футболчиларнинг бутун карьерасини АПЛга қарши қўядиган бўлсак, Суарес осонликча ғолибга айланади. Негаки, у ЕЧЛни ютган, қолаверса, бир мавсум АПЛнинг йил ўйинчисига ҳам айланган. Аммо бу мақолада биз футболчиларнинг АПЛ фаолиятигагина назар ташлаяпмиз. Шу сабаб, кучлар нисбати ўзгаради. Луис Суарес "Ливерпуль" билан Англия чемпиони бўла олмаган. Робин ван Перси эса "МЮ"га ўтгач, Фергюсоннинг сўнгги мавсумини чемпионлик билан тугатишга ёрдам берган. Шу сабабли бу борада ғолибликни нидерландиялик ҳужумчи эгаллайди.
Х-фактор
Агарда солиштирилаётган футболчиларнинг фаолиятига назар ташласангиз, маълум бўладики, уларда ўзига хос нимадир доимо бўлган. Масалан, вақти келса, уларнинг ҳар иккиси ўйин сценарийсини ўзгартириб юбора олган. Ҳеч нарсадан гол ясаш борасида Суарес ва ван Персининг қобилиятларига шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Агарда улардан бирини танлашга мажбур бўлсак, Суарес маъқул кўрилади. Негаки, бу борада уругвайлик устароқ эди.
Умумий хулоса
Ҳар икки футболчи ҳам Англия Премьер-лигаси тарихидаги энг яхши топ-50 та ҳужумчилар сирасига киради. Уларнинг ўйинлари ўз вақтида бизга бир олам завқ берган. Аммо улардан бирини танлашга тўғри келганида, юқоридаги ҳисоб-китоблардан кейин Суаресга устунликни бериш керак бўлади. Негаки, Луис Суарес нафақат Англия, балки бутун жаҳоннинг энг яхши ҳужумчиларидан биридир. У ҳатто ҳозир ҳам совринлар ютишни канда қилмаяпти.
ИСМАТОВ Ж.