"Ювентус"нинг шимолий кореялик собиқ ҳужумчиси узоқ танаффусдан сўнг ЖЧ-2026 саралашида кўриниш берди.
2014 йил Шимолий Корея футбол федерацияси ҳамда Италиянинг "ISM" футбол академияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, 1998 йилда туғилган шимолий кореялик ўсмир футболчилар жамоаси Италияга олиб кетилган. 2017 йилга келиб, улар орасидан Хан Кван Сон "Кальяри" ва Чой Сон Хёк эса "Перуджа" билан шартнома имзолашган.
Хан 18 ёшидаёқ "А серия"даги илк голини "Торино" посбони Жо Харт дарвозасига киритган. "Перуджа"дан Италиянинг янада қуйи лигаларига йўл олган шериги Чойдан фарқли равишда, Хан 2020 йилда "Ювентус" таркибига қўшилади. Шу йилнинг ўзида БМТ Шимолий Кореянинг ядровий дастури бўйича санкцияларини кучайтиради ва Хан учун муаммолар бошланади.
Назарий жиҳатдан, Шимолий Корея ядровий дастурини молиялаштириши мумкин бўлган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсга нисбатан санкция қўллана бошланади. Шимолий Кореянинг хорижда, шартнома асосида ишловчи ҳар бир фуқароси ўз маошининг тахминан 80 фоизини давлат ҳисобига ўтказиб бериши шарт. Бу эса Ханнинг "Ювентус"да оладиган маоши - назарий жиҳатдан, Шимолий Корея ядровий дастурини молиялаштиришга ишлатилиши мумкин дегани эди.
Ўзига қўшимча бош оғрик орттиришни хоҳламаган "Ювентус" раҳбарияти Ханни Қатарнинг "Духейл" клубига сотиб юборади. Хан мавсум охиридаги 3 та голи билан "Духейл"га Қатар чемпионлигини қўлга киритишда ёрдам беради. Аммо кўп ўтмасдан, ушбу трансфер БМТ санкцияларига зид деб топилади. "Духейл" Ханни янги мавсум учун рўйхатдан ўтказа олмайди ва 2021 йилдан кейин Ханни бошқа ҳеч ким, ҳеч қайси клубда кўрмайди.
Мана орадан 2 йил ўтиб, қаҳрамонимиз Сурияга қарши ЖЧ-2026 саралаш ўйинида бир тайм ҳаракат қилди. Лекин Ханнинг қайси клубда тўп тепаётгани ҳалигача номаълум. Ханнинг Италиядаги шериги Чой Сон Хёк сўнгги маротаба 2020 йил Япониянинг "Жубило Ивата" клубида кўриниш берган бўлиб, терма жамоа сафидаги Сурияга қарши ўйинда захирада қолдирилди.