Ўзбек футболининг 100 йиллик тарихида аввал буюк футболчи, кейинчалик таниқли мураббий бўлиб элга танилган, умрини, бутун фаолиятини миллионлар ўйини – футбол деб аталмиш жозибадор спорт турига бағишлаган инсонлар орасида Идгай Борисович Тазетдонов номи ҳам ўзгача ҳурмат билан тилга олинади. «Пахтакор»нинг олтмишинчи йилларидаги сардори ва афсонавий «Пахтакор-79» жамоаси мураббийи ҳаёт бўлганида бугун қутлуғ 80 ёшга тўларди. Афсуски тақдирнинг аччиқ қисмати уни ва яна 16 нафар пахтакорчиларни 1979 йил 11 август куни ҳаётдан бевақт олиб кетди.
Идгай Тазетдинов 1933 йилнинг 13 январида дунёга келди. Футбол ўйнашини дастлаб «Медик» болалар жамоасида ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида бошлади. Сўнгра «Труд» жамоасига ўтди. 1953 йили уни собиқ Иттифоқ чемпионати «Б» классида иштирок этаётган Тошкентнинг «Спартак» жамоасига таклиф қилишди. Кейинги мавсумда ярим ҳимоячи Тазетдинов 17 учрашувда тўртта тўп киритди. 1955 йили «Спартак» таркибида у деярли барча уйинларда иштирок этди.
1956 йили «Пахтакор ташкил қилинганида, «Спартак»дан кейинчалик республикамиз бош жамоаси бўлиб қоладиган клуб таркибига бир гуруҳ истеъдодлар ўтиб кетишди. Булар қаторида Идгай Борисович ҳам бор эди. «Б» классида ўтган тўрт мавсум давомида у 108 учрашувда майдонга тушди, 21 та тўп муаллифи бўлди. 1958 йилдан бошлаб эса жамоа сардорлигини қабул қилиб олди. 1960 йили «Пахтакор» олий лига иштирокчисига айланди. Йилдан-йилга жамоа ўйини шаклланиб борди. Бу эса мухлислар қалбига олам-олам қувонч бахш этарди. Собиқ Иттифоқ номдор клубларига муносиб қаршилик кўрсатилишига Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Юрий Пшеничников, Станислав Стадник, Ҳамид Раҳматуллаев ва жамоа юраги Идгай Тазетдинов каби юксак истеъдод эгаларининг ажойиб ўйинлари сабаб бўларди. Олий лиганинг учинчи мавсумида фахрли олтинчи ўрин эгалланди.
«Пахтакор»га қарши ўйнайдиган рақиб мураббийлари шогирдларига кўпинча қуйидагиларни уқтирарди: «Энг муҳими Тазетдиновдан бир зум бўлса-да кўз узма. Йигит жуда ақлли ва эҳтиёткор. У ҳужумнинг бориши ҳамда йўналишини юракдан ҳис этади ва керакли даражада ушлаб тура олади».
Ўз фаолияти давомида у унча ҳам кўп тўп киритмади. Лекин «Қайси тўпингиз энг чиройли эди» - деган саволга у худди россиялик футболчи Григорий Федотов каби жавоб берганди: «Менинг тўп оширишимдан кейин киритилганлари».
Олий лигада Тазетдинов 94 та учрашув ўтказиб, 12 та тўп киритди. Икки бор у ғалаба тўплари (қизиғи икки марта ҳам сафарда) муаллифи бўлди. Бир бор Харьковда (1960 йил) ва Москвада (1961 йил).
1962 йили барча пахтакорчиларга спорт устаси унвонини берилди. Орадан икки йил ўтгач, Тазетдиновни «Политотдел» (“Дўстлик”) жамоасига таклиф қилишди. Қишлоқ жамоаси ўйинлари жонланишида ҳам шубҳасиз собиқ пахтакорчиларнинг хизмати беқиёс эди. 1966 йили жамоанинг олий лигага чиқишига бир қадам қолганлиги бунга мисол бўла олади.
Етмишинчи йилларда анчагина тажриба орттириб улгурган Идгай Борисович «Янгиер», «Андижанец» жамоаларида мураббий бўлиб ишлади. Ҳали футболчилигидаёқ мураббийлик тақдири осон эмаслигини яхши англаб етса-да, барибир у шу соҳага меҳр қўйди.
1977 йили Тазетдинов жонажон жамоасига иккинчи мураббий сифатида қабул қилинди. Ўша йили «Пахтакор» биринчи лигада эди. Идгай Борисович ҳам жамоанинг ўша йилиёқ олий лигага йўл олишига кўп қатори ўз ҳиссасини қўшди. Бу хизматлари учун унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий унвони берилди.
Янгиланган «Пахтакор» олийда мустаҳкам ўрнашиб олиб, янги-янги чўққиларни кўзлай бошлади. Айниқса, 1979 йили йигитларимиз УЕФА кубогида иштирок этиш ҳуқуқуни берувчи ўрин учун жиддий кураш бошладилар.
«Пахтакорнинг навбатдаги авлод вакилларини тарбиялашда ва шакллантиришда Тазетдинов муҳим ўрин эгаллади. Жамоа анъаналарининг содиқ давомчиси, 20 йилдан кўпроқ бой тажрибага эга бўлган Идгай Борисович, ўзининг бор куч ва билимини «Пахтакор» равнақига баҳшида этди. Пахтакорчилардан Михаил Ан, Владимир Фёдоров, Лакис Хадзипанагис турли терма жамоаларга чақирилиб, халқаро майдонларда ажойиб ўйинлар кўрсатишди. Тазетдинов нодир хусусиятга эга тарбиячи эди. Ҳар бир футболчини яхши кўрар, уларнинг қалбларига йўл топиб, энг яхши қирраларини очилишига ёрдам берарди.
1960 йилнинг ёзида Идгай Тазетдинов Алла Сергеевна билан танишди. Янги йилнинг январь ойида эса уларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтади.
Тазетдиновлар хонадони ҳамиша дўстлар, футболчилар ва мухлислар билан гавжуб бўлган. Футбол ва унинг атрофидаги барча воқеа-ҳодисалар кечаларнинг асосий мавзусига айланарди.
Вақт тошқин дарёнинг оқар сувларидек кўз очиб юмгунча ўтиб кетаверар экан. Яшил майдонларда эса ҳаяжонли дамлар ҳовури ҳеч ҳам тугамайди. Ўйинлар, тортишувлар, кескин курашлар, юлдузлар, бақир-чақирлар, лаҳзалар… Бирин-кетин алмашиб келаверади, ўтаверади. Лекин бундан 33 йил муқаддам Украина осмонида юз берган само фожеаси миллионлаб ўзбек мухлислари юрагида тузалмас, армонли дард бўлиб қолаверади. «Пахтакор-79»нинг 17 баҳодир йигитлари хотираси абадий улар мухлисларимиз қалбларида ҳамиша яшайдилар.
Ўша машъум воқеа содир бўлганига ҳам 33 йилдан кўпроқ вақт ўтди. И.Тазетдиновнинг рафиқаси шу шу йиллар ичида ўтказиб келинаётган барча хотира тадбирларида фаол иштирок этиб келди. Унинг бевосита саъй-ҳаракатлари билан «Пахтакор-79» хотирасига бағишланган «Крилья памяти» (Қанотлар ёди») китоби ва «Их стадион в небесах» («Уларнинг стадиони осмонларда») номли ҳужжатли фильмлар яратилди.
Идгай Борисович Тазетдинов бор йўғи 46 йил умр кўрди. Лекин қисқа ҳаёти давомида у эл орасида ўзига мангу ҳайкал ўрнатиб кетди.
Алишер Навоий бобомиз айтганларидек:
Бу гулшан ичраки, йўқдир бақо гулига сабот.
Ажаб саодат эрур, яхшилик била қолса от.
Идгай Тазетдиновнинг 80 ёши нишонланаётган бу кунларда барча дўстлари, футбол фахрийлари, мутахассислар ва мухлислар унинг порлоқ хотираси олдида чексиз ҳурмат бажо келтирадилар.
Турдибой Султанов
(TURDIBAY никли мухлис)
P.S. Ушбу мақолани ёзишда «Ўзбекистон футболи» газетасининг 2003 йил 14-20-январдаги 1-сонидан фойдаланилди.