Назаримизда, "Локомотив" ишқибозлари Андрей Ешенконинг Махачқалъага йўл олганидан хафа бўлмасалар ҳам бўлаверади. Тақдир уларга бошқа совғани тақдим этди — Виталий Денисов клуб билан шартнома имзолади. У ҳеч бир жиҳатдан собиқ жамоадошидан қолишмайди, аксинча баъзи томонлама ундан устун бўлиши ҳам мумкин.
Бундан 6 йил аввал ЦСКА дўстлик риштаси рамзи сифатида ўзининг икки нафар тарбияланувчисини "Днепр"га совға қилиб юбораётганида, фақат сариқ сочли йигитча Самодинга қўшимча тарзда берилганди. Аммо жамоадошидан 2 ёшга катта бўлган Сергей ўзини юқори савияда намойиш қила олмади. Майдонни яхши кўра оладиган ва жарима майдончаси ичида гол сезиш қобилияти юқори бўлган футболчи учун унинг жисмоний жиҳатдан унчалик бақувват эмаслиги, айниқса, шерикларининг ишлари унчалик юришмаётган пайтда, кўпроқ босиб кетди. Ҳозирги кунда Самодин бир пайтлар "Кубань" сафида ҳаракат қилган Алексей Антонов билан биргаликда "Кривбасс" сафида жуфтлик ҳосил қилган ҳолда, жамоасини Биринчи дивизионда олиб қолиш учун ҳаракат қилмоқда.
Виталийга эса бошида ҳеч ким ишонмади. Ахир ёш футболчиларнинг гранд жамоаларда мустаҳкам жойлаша олмаган ҳолатлар кўплаб топилади, жумладан Украинада ҳам. Аммо Денисов курашувчан, "яшовчан" чиқиб қолди. Унга ҳаттоки ёш футболчилар учун асқотадиган мураббий-педагогнинг ҳам кераги бўлмади. Аввалига клуб бош мураббийи Олег Протасов бироз совуқ муносабатда бўлди: аввал ўзининг нималарга қодирлигини исботласин, кейин ўйнайди, акс ҳолда унга эътибор қилиш учун ортиқча вақт йўқ. Янги футболчи эса исботлаши керак бўлган барча нарсани исботлади.
Мураббий унга бир пайтлар "Нальчик" мураббийи қўйган талабни қўйди: "Марҳамат, чап қанот сенга. Бу ерда шундай ўйнагинки, рақобатчинг эмас, бу жойнинг хўжайинига айнан сен айлан". Айтилди — бажарилди. Денисовнинг "очилиши"да Юрий Красножаннинг ҳиссаси улкан эканини таъкидлашади. Аммо "Спартак" (Нальчик) бош мураббийидан кўп нарса талаб қилинмаганди. Мураббий дебютант футболчининг "сенга ишонаман", дея елкасига қоқиб қўйиши кифоя қилди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилинган ёш ҳимоячи учун 2007 йил баҳори фаолиятидаги муҳим туртки бўлди. У ҳар бир тўп учун курашиши ва иштиёқи туфайли барчани қойил қолдирди. "Днепр"нинг катта ёшли мухлислари табассум билан эслашди — бундайин тиришқоқ қанот ҳимоячисини сўнгги марта Алексей Чередник пайтидан бери кўрмагандик. Бу футболчи иттифоқ чемпионлигини қўлга киритган 1988 йилги таркибда етакчилардан бири эди. "Шер юрак" лақабини мухлислар унга сариқ ва узун сочлари учун беришлари мумкин эди. Аммо улар бу лақабни унга бошқа сабаб туфайли беришди. Виталий "Днепр"даги 6 йиллик фаолияти давомида бирор марта ҳам ўйнаш ва курашиш истагани йўқотмади.
Денисов "Днепр"га келган пайтда жамоанинг ўткир тишли ўз "бўри"лари етарлича топиларди. Олег Шелаев, Владимир Езерский, Андрей Русол — бу учлик ҳеч бир футболчига бўшашиш имконини беришмасди. "Днепр"дан кетар чоғида Виталий Денисов жамоа сардорлигига муносиб бўлган ягона футболчига айланганди. Лекин "Днепр"нинг бошқарувига тасодифан келиб қолган раҳбарлари жамоа ичида кучли шахсларнинг бўлишини исташмасди. Шунинг учун юқоридаги учлик ва кейинчалик Максим Калиниченко (ушбу футболчи 18 ёшида жамоа сардори сифатида клубни Олий лигада жон сақлаб қолишига катта ёрдам берганди) бу ерда узоқ сақланиб қолишмади.
Агар ўйинчиларнинг нафақат инсонийлик, балки футболчилик сифатларига эътибор қаратадиган бўлсак, Ешенко - Денисов рокировкаси "Локо"га салбий кўрсатмаслиги аниқ. Ҳа, Андрей каби Денисов жамоанинг ўнг қанотини ёпа олмаслиги мумкин, аммо трансфер нархи арзон бўлмаган, ўзи эса бетайин бўлган Циглер фонида Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси ўтиб бўлмас девор бўлиб кўринмоқда. Агар рақибига ета олмайдиган бўлса, Виталий унга нисбатан эҳтиёткорлик билан ва ўз вақтида фол ишлата олади. Лекин аксарият ҳолатларда Денисовдан ўтиб кетиш ва шарманда бўлиб қолмаслик учун рақиб футболчилари ҳаддан ташқари тезкор ҳаракат қилишлари лозим бўлади. "Шер юрак" ҳужумларга турлича қўшилиши мумкин: истаса шериги билан пас ўйнаган ҳолда, жарима майдончасига кириб бориши, истаса қанотдан жарима майдончасига ўзи тўпни етказиб бериши мумкин. Денисовнинг қанотлардан баландлатиб етказиб берадиган узатмалари ҳар доим ҳам мўлжалга аниқ етиб бормаслиги ммукин, бироқ ҳар мавсум давомида унинг ҳисобида 20га яқин чиройли узатмалар йиғилиб боради.
Энг муҳими шундан иборатки, Ольга Смородскаянинг ўзи ҳеч нарсани кутиб ўтирмасддан ҳақиқий жангчини клубга олиб келди. Кимнидир Виталийнинг паст бўйи ҳайрон қолдириши мумкин, аммо Денисов "бўйимга эмас, ўйинимга қаранг" қабилида иш олиб боради. Ва ниҳоят, Денисов энди 25 ёшга кирганини инобатга оладиган бўлсак ва қандайдир кутилмаган воқеа юз бермаса, ҳақиқий жангчининг юраги узоқ вақт давомида "Локомотив" ғалабаларини кўзлаб уришини тахмин қилиш қийин эмас.
Иван Манчев