Сўнгги икки мавсумни "Насаф" таркибида ўтказган Иван Бошкович Таиланднинг "Чонбури" клуби билан 2 йиллик шартнома имзолади. У Черногорияга қайтиши ҳам мумкин эди, аммо Иван Таиланд вице-чемпиони вариантини танлади.
— Бу ерга келганимга атиги бир неча кун бўлган бўлса-да, мен катта клубга келганимни ҳис қилдим. Менга айтишларича, "Чонбури" икки йилдан бери чемпионатда 2-ўринни эгалламоқда ва бошланадиган мавсумда чемпионлик учун курашади. Малакали мутахассис Слависа Йоканович бошчилигида "Муангтонг Юнайтед"дан чемпионликни тортиб олиш учун бизда имконият бор, — дейди Иван Бошкович.
Бир пайтлар Черногория чемпионатида 28та гол уриб, чемпионатнинг энг яхши тўпурари бўлган Бошкович, ҳозирча ўз юртига қайтишни ўйлаётгани йўқ.
— Ҳозирча ўзимизнинг чемпионатга қайтишни режалаштирмаяпман. Мен Черногориянинг бир нечта клублари раҳбарлари билан гаплашдим, аммо ҳеч кимга ваъда бермадим. Уйга қайтиш — бу энг сўнгги вариант. Хориждан жамоа топа олмасам, Черногорияга қайтишим мумкин, — дейди 31 ёшли футболчи.
Болқонлик футболчиларнинг Таиланд чемпионатига боришида "Бурирам Юнайтед"да ўйнаган Деян Вукадиновичнинг ҳиссаси катта бўлмоқда.
— Вукадиновичга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Клубга ўтишимда унинг хизмати катта бўлди. "Чонбури" билан шартнома имзолаб бўлгунимга қадар у менинг ёнимда бўлди, — дейди "Насаф" таркибида ОФК кубогини қўлга киритган ва ушбу мусобақа тўпурари бўлган ҳужумчи.
"Чонбури" бош мураббийи Витея Лаохакула бундан 2 йил аввал ОФК кубогининг "Насаф"га қарши чорак финалида илк марта Бошковични кўрганди. Ўшанда Иван таиландликлар дарвозасига Таиландда гол уришга муваффақ бўлганди. Шунингдек, Қаршидаги ўйинда у пенальтилар сериясида "Чонбури" дарвозасини ишғол қилганди.
— Мен "Насаф" сафида "Чонбури"га қарши ўйнаганимда, мураббий ўша пайтдаёқ мени ўз жамоасига таклиф қилганди. Ўшанда менинг ўзбек клуби билан шартномам борлиги учун бунинг иложи бўлмаганди. Энди эса эркин агентга айландим ва клуб билан ҳамкорлик қилишимиз мумкин, — деди Бошкович.
Иваннинг таъкидлашича, биринчи кундан Таиландга ҳаётига мослашиш қийин кечди. Боиси, Черногория ва Таиланд об-ҳавоси ўртасида катта фарқ бор.
— Биринчи кундан бу ерга мослашиш қийин бўлди. Менда вақт фарқи юз берди ва бу ерда 35 даража иссиққа дуч келдим. Шунга қарамай, 6-7 кундан кейин бу ерга мослашиб олдим. Шаҳар ва бошқа шароитлар ажойиб. Ҳеч қандай муаммосиз машғулотларда иштирок этяпман, — дейди черногориялик футболчи.
Таиландда янги мавсум март ойида бошланади ва "Чонбури" ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этишмоқда.
— Ҳозирча шу ерда шуғулланяпмиз, боиси, машғулот ўтказиш учун бизда шароит мавжуд. Мавсумга муносиб тайёргарлик кўриш учун олдимизда етарли вақт бор. Чемпионатда муваффақиятли иштирок этишимизга ишонаман, — дейди Иван Бошкович.