Истеъдодли дарвозабон Санжар Қувватов учун ўтган мавсум муваффақиятсиз ўтди. Шундан сўнг футболчи фаолиятини қуйи лигада эмас, балки яна олий лигада давом эттириш ниятида эканини айтиб, аввалига «Машъал»да қолмаслигини билдирганди. Аммо якунда ҳаммаси бошқача тус олди. Кўпчилик уни олий лиганинг бирор-бир жамоасига ўтса керак деб турган бир пайтда дарвозабон яна «Машъал»да пайдо бўлди. Бу билан Санжар ўз клубига содиқлигини кўрсатди. Шунинг учун у билан боғланиб нима сабабдан биринчи лигада ўйнашга рози бўлганлиги ҳақида сўрадик.
- Санжар, билишимча, ҳалиям «Машъал»да экансиз.
- Ҳа, ҳозир жамоа билан машғулотларда қатнашяпман.
- Демак, яна Муборакда қолибсиз-да?
- Ҳа, шундай! Мен яна «Машъал» учун ўйнашда давом этаман.
- Сал аввал гаплашганимизда «Машъал»ни тарк этиб фаолиятимни олий лигада давом эттирмоқчиман дегандингиз. Фикрингизни ўзгартиришга нима туртки бўлди?
- Мен фақат «Машъал»да ўйнаганман. Шу клубда катта футболга қадам қўйдим. Ушбу жамоа орқали терма жамоаларда тўп сурдим. Ҳозир «Машъал»га ёрдам ниҳоятда зарур. Бундай пайтда клубни ташлаб кетсам тўғри бўлмайди. Шу боис қолиб ёрдам беришга аҳд қилдим.
- Фикрингиз ўзгаришига кимдир сабабчи бўлдими ёки мажбур қилишдими?
- Ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Ўзим шуни хоҳладим.
- Жамоа олий лигани тарк этганини ҳисобга олсак, футболчиларнинг кайфияти қандай?
- Барибир биринчи лигада қатнашишимиз сабабли кайфиятни яхши дея олмайман. Лекин нима бўлганда ҳам биринчи лигада ўйнаб «Машъал»ни олий лигага қайтаришимиз керак. Ҳамма бунинг учун бор кучи билан ҳаракат қиляпти.
- Олий лигада ўйнаш учун олдингизда қандай вариантлар бор эди?
- Вариантлар бўлгани ҳам йўқ. Шунчаки телефон орқали гаплашганимиз бу таклиф дегани эмас. Шунинг учун тўғрисини айтсам, менга бирор бир жамоадан аниқ таклиф тушмади.
қисми қолган.
- Бир йилнинг ўзидаёқ «Машъал»ни олий лигага қайтишига тўлиқ ишоняпсизми?
- Ишонаман. Ҳозирги бош мураббий билан олий лигада бирга ишладик. Унинг тажрибасини яхши биламиз. Ҳамма олий лигада ўйнашни истайди. Шу боис сафимиздаги ўйинчилар ҳам буни хоҳлашяпти. Биринчи лига экан деб кўнгилни тушириб юборсак ҳеч нимага эриша олмаймиз. Биз мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашига муҳтожмиз.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.