Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Икром Норчаев: «Қарор ижросини вақтида таъминлашга ҳаракат қиламиз»

Баҳо:
+ | -

Олий лиганинг барча жамоалари сингари «Шўртан» футбол клуби ҳам янги мавсумга қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Айни пайтда машғулотлар Ғузорда олиб борилаётганидан мухлисларнинг хабари бор.

Ҳозирда кўпчиликни «Шўртан» бу йилги чемпионатда қандай иштирок этаркин, ахир бир нечта асосий футболчилар жамоани тарк этиб бўлишди каби саволлар қизиқтираётгани бор гап. Шу муносабат билан жамоа ижрочи директори Икром Норчаевга мурожаат қилганимизда у киши клуб расмий сайти орқали ўтган мавсум якунлари, янги йилдаги режалар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар бир клуб қошида аёллар жамоаси бўлиши ҳақидаги қарорига нисбатан ўз фикрларини билдириб ўтди. Қуйида Икром Хурсановичнинг фикрларини келтириб ўтамиз.

ЎТГАН МАВСУМ ЯКУНЛАРИ ҲАҚИДА

- «Шўртан» якунига етган чемпионатни 5-ўринда тугатганини ҳамма яхши билади. Жамоамиз биринчи даврани 4-ўрин билан якунлаган эди. Албатта, тўртинчи ўрин бизни қониқтирса-да, клуб салоҳиятидан келиб чиқиб бундан-да юқорироқ ўринда тугатишимиз мумкин эди. Кейин эса иккинчи давра арафасида бош мураббий ўзгарди. Белорусиялик Игорь Криушенко ўрнини аввалги мураббий Эдгар Гесс эгаллади. Игорь Николаевичнинг нима сабабдан кетиб қолгани матбуотда кўп марта муҳокама қилинди. Журналистлар ҳатто Гесс билан Криушенкони ўзаро таққослаб кўрган пайтлар ҳам бўлди. Қолаверса, «Шўртан» нега белорусиялик мураббий билан эрта хайрлашди каби саволлар ҳам кўп марта берилди.

Бунинг жавобини очиқ-ойдин айтишим мумкин. Тўғри, Криушенко яхши мутахассис эди, бироқ у футболчиларга ҳаддан ташқари кўп эркинлик бериб юборди. Кўпроқ Европада ишлагани туфайли «Шўртан»да ҳам профессионалларга хоз тарзда иш олиб боришга ҳаракат қилди, лекин биздаги ўйинчиларнинг феъл-атворидан келиб чиқиб футболчиларни қаттиқ назорат қилмасдан ишлаб бўлмасди. Мен биздаги футболчилар деб фақат «Шўртан»даги ўйинчиларни назарда тутаётганим йўқ, балки ҳамма жамоаларда тўп сураётган ўзимизнинг маҳаллий ўйинчиларга нисбатан мураббийнинг қаттиққўл бўлиши талаб этилади. Бўлмаса футболчилар тез ўзларидан кетиб қолишлари мумкин. Бундан ташқари, ўтган йилнинг ёзида юзага келган клубимиздаги молиявий қийинчиликлар ҳам Криушенконинг кетишида асосий сабаблардан бири бўлди. 

Ўйлайманки, Эдгар Гесс айнан бизнинг футболчиларини бошқара оладиган кучли мутахассис. Худди биринчи даврадаги каби мавсумнинг иккинчи ярмида ҳам Гесс бошчилигидаги жамоа чемпионатни камида тўртинчи ўринда якунлаши мумкин эди, бироқ охирги беш ўйинда атиги бир очко билан кифояланганимиз охир-оқибат бешинчи ўринни олишимизга сабаб бўлди.

Шахсан мен ўтган йил жамоамизнинг ёшлар таркибини бошқарган мураббийлар ишидан умуман қониқмадим. Негаки айнан мураббийлар хатоси туфайли ёшларимиз кўплаб ўйинларда имкониятни бой беришди, чемпионатни эса 13-ўринда тугатишди. Ваҳоланки, сафимизда иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил қилганди. Бу йил ҳам ёшларимиз сафига бир нечта ёш кадрларни қўшиб олмоқчимиз. Асосан маҳаллий футболчиларга эътибор қаратмоқчимиз.

ЯНГИ МАВСУМ РЕЖАЛАРИ ҲАҚИДА

- «Шўртан» айни пайтда Ғузорда тайёргарлик олиб бораётганидан барча хабар топиб улгурди. Мухлисларда йиғин нега энди Тошкентда эмас, балки Ғузорда олиб бориляпти каби саволлар юзага келган бўлиши мумкин. Бунинг сабаби шундаки, Ғузорда жойлашган жамоа қароргоҳида футболчилар учун ҳамма шароит етарли даражада. Тренажёр зали дейсизми, югуриш йўлакчалари, машғулот ўтказиш учун сунъий майдон, хуллас ҳаммаси бор. Фақат бу ерда назорат учрашуви ўтказиш учун кучли рақиб топилмаслиги мумкин холос. Ҳозирча январь ойида тўлиқ Ғузорда бўлишни мақсад қилганмиз. Кейинчалик йиғинни пойтахтга кўчиришга ва у ерда бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказишни мўлжаллаб турибмиз.

Ҳар йилгидек таркибни тўлиқ шакллантириб олганимиздан сўнг клуб ҳомийлари билан ўзаро маслаҳатлашган ҳолда жамоа олдига аниқ бир вазифа қўйишни режалаштириб турибмиз. Ўйлайманки, ҳозирданоқ мақсадимиз фалончи ўринни олиш дейиш керак эмас. Ҳозир кўпчилик баъзи сабабларга кўра «Шўртан» бу йил юқори ўринлар учун кураша олмаса керак каби ўй-хаёлларга берилган. Аслида эса ундай эмас, гарчи сафимизни бир нечта асосий футболчилар тарк этган бўлса-да, ҳозирги таркиб билан ҳам юқори ўринлар учун курашишга имкониятимиз етади.

ЖАМОАДАН КЕТГАНЛАР ВА ТАРКИБГА ҚЎШИЛГАНЛАР ҲАҚИДА

- Шу кунгача сафимизни Вадим Афонин, Таина Адама Соро, Ҳамза Каримов, Михаил Наумов, Лазиз Убайдуллаев, Патрик Агбо сингари футболчилар тарк этишди. Албатта, бу ўйинчиларнинг ҳаммаси асосий таркиб футболчилари эди ва кетганлар ўрнини бирданига тўлдириб бўлмайди. Эндиликда эса йўқотишлар ўрнини тўлдириши мумкин бўлган савия жиҳатдан бирмунча юқори футболчиларни сафимизга жалб қиляпмиз. Ҳозирча таркибга янгилардан Артурас Фоменко, Александр Востриков, Шукур Жумабоев сингари футболчилар келиб қўшилишди ва уларнинг машғулотларда қандай ишлаётгани ёмон таасссурот қолдирмаяпти. Янги мавсум олдидан жамоага легионерлар таклиф этиладими? Ҳаммаси молиявий имкониятларимиз қандай бўлишига боғлиқ. Қолаверса, ПФЛ томонидан бу йилдан бошлаб легионерлар борасида қатъий талаблар ишлаб чиқилди ва шундан келиб чиққан ҳолда таваккалига бирорта чет элликни олиб келиш ниятимиз йўқ.

Бемалол айтишим мумкин, 2012 йилги таркиб жамоамиз тарихидаги энг кучли таркиб бўлади. Бу йил эса таркибимиз қандай кўриниш олишини ваҳт кўрсатади. Ҳозир клубдаги селекция ишларини тўлиқ Эдгар Гесснинг ўзи амалга оширяпти. Албатта, Гесс ўзига яраша кучли мураббий, аммо ёшларга кўп ҳам ишонмаслиги – унинг асосий камчилиги деб биламан.

АЁЛЛАР ЖАМОАСИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

- Вазирлар Маҳкамасининг 18 декабрь кунги «Мамлакатимизда аёллар футболини ривожлантиришга оид» қарори билан танишиб чиқдим. Қарорда ёзилишича, бу йилдан эътиборан олий лиганинг ҳар бир иштирокчиси қошида аёллар футбол клуби ҳам ташкил қилиниши шарт. Ҳозир бу борада баъзи ишларни бошлаб юборганмиз ва «Шўртан» таркибида ҳам аёллар жамоаси бўлиши учун ҳаракатларни олиб боряпмиз. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан юртимизда аёллар футболига бўлган эътиборни ошириш мақсадида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда ва бу борада клублар ҳам амалий ёрдам кўрсатиши керак деб ўйлайман. Чунки фақат федерациянинг ўзи ҳаракат қилгани билан клублар бу ёқда қўл қовуштириб турса бу билан иш битмайди. Шундай экан, Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори ижросини ўз вақтида таъминлашга ҳаракат қиламиз.

Вилоятимизда аёллар футболига катта эътибор берилаётгани барчага маълум. Биргина «Севинч» жамоасининг қўлга киритган кўплаб ютуқлари гапимга исбот бўла олади, қолаверса, аёллар терма жамоамизнинг базаси ҳам Қаршида жойлашган. Энди эса мана шу қарордан келиб чиқиб Ғузорда ҳам яхши ўйин кўрсатадиган аёллар футбол клуби ташкил қилинса ажаб эмас. Ўйлайманки, бизда аёллар жамоасини ташкил қилиш бирмунча осон кечади, чунки вилоятимизда аёллар футболига эътибор яхши йўлга қўйилган. “Шўртан” футбол клуби қошидаги аёллар жамоаси Ўзбекистон чемпионати ва Кубоги баҳсларида ўз ўрнига эга бўлишига ишонаман.

Манба: www.fcshurtan.uz
Киритилди: 18:50, 20.01.2013.
Ўқилди: 4381 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.