"Арсенал" эгаси Стэн Кронкега тегишли Kroenke Sports + Entertainment компанияси "Лос-Анжелес Эйнжелс" бейсбол клубининг назорат пакетини Арте Моренодан сотиб олиш бўйича келишувга эришди.
Битим Major League Baseball ҳамда лига клублари эгалари томонидан маъқулланиши керак. Кутилишича, жараён 2027 йилнинг биринчи чорагида якунланади.
Хабарларга кўра, "Эйнжелс" 4 миллиард долларга баҳоланган. Агар битим шу суммада амалга ошса, бу MLB тарихидаги энг қиммат клуб сотувига айланади ва жорий йилда "Сан-Диего Падрес" учун тўланган 3,9 миллиард долларлик рекордни янгилайди.
Арте Морено клубни 2003 йилда 183,5 миллион долларга сотиб олган эди.
Кронке KSE орқали аллақачон бир қатор йирик спорт жамоаларига эгалик қилади. Улар орасида "Арсенал", "Лос-Анжелес Рэмс", "Денвер Наггетс", "Колорадо Эвеланш" ва "Колорадо Рэпидс" бор.
Янги битим Кронкенинг АҚШ спорт индустриясидаги таъсирини янада оширади.
"Эйнжелс" сўнгги йилларда натижалар борасида қийин даврни бошдан кечирмоқда. Жамоа сўнгги 16 мавсумнинг 15 тасида плей-оффга чиқа олмаган ва 2026 йилда кетма-кет 11-мавсумни салбий ғалаба-мағлубият баланси билан якунлаш хавфи остида турибди.













