Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Биз ёлғиз эмасмиз

Баҳо:
+1 | -

Ўзбекистон терма жамоаси ўз майдонида, Осиё футболининг яққол аутсайдерларидан бири Гонгконг терма жамоасини қабул қилиб, уни мағлуб эта олмади. Футболчиларимиз ўйин давомида катта ташаббусга эга бўлиб, кўпгина хавфли вазиятларни содир этишса-да, кучсиз рақиб дарвозасини ишғол эта олишмади. Бу натижа қанчалик аламли бўлмасин, унинг таъсирини саралаш ўйинларининг якунида билиб оламиз. Ҳозир эса, фурсатдан фойдаланиб, Осиё кубоги саралаш ўйинларидаги кутилмаган, “сенсация” натижаларни санаб ўтамиз.

16.10.1984. Жанубий Корея – Малайзия 0:0
1984 йили Осиё чемпионати саралаш ўйинларининг 3-гуруҳидаги ўйинлар Ҳиндистонда бўлиб ўтди. Гуруҳ босқичини йирик ғалаба билан бошлаган Жанубий Корея 3-турда кутилмаганда Малайзия билан нурсиз дуранг қайд этди. Осиё кубоги йўлланмасидан қуруқ қолмаслик учун кореяликлар сўнги турда катта қийинчилик билан майдон эгаларини кичик ҳисобда мағлуб эта олишди. Декабрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган Осиё кубогининг финал босқичида эса Жанубий Корея бирорта ғалаба қозона олмай, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади.

19.06.1988. Жанубий Корея – Жанубий Яман 1:1
1988 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинларининг Индонезияда бўлиб ўтган гуруҳ босқичини Жанубий Корея терма жамоаси жуда муваффақиятсиз бошлади. Дастлабки ўйинда улар Баҳрайнга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлишди. 2-турда эса кутилмаганда Жанубий Яман билан дуранг ўйнаб, ҳақиқий сенсация натижа қайд қилишди. Ўша пайтлари Яман ички низолар сабабли шимолий ва жанубий давлатларга ажралиб кетган, футболи жуда заиф мамлакат эди. 1986 йилги жаҳон чемпионати иштирокчилари бўлмиш Жанубий Корея терма жамоаси сўнги, ҳал қилувчи турда ўзини қўлга олиб, майдон эгаларини йирик ҳисобда доғда қолдирдилар - 4:0. Бу натижа кореяликларга Осиё кубоги йўлланмасини тақдим қилди. Декабрь ойида Қатарда бўлиб ўтган финал босқичида эса Жанубий Корея ажойиб ўйин намойиш эта олди ва финалгача етиб бориб, фақат пенальтилар сериясида Саудия Арабистонига мағлуб бўлди.

21.06.1992. Таиланд – Жанубий Корея 2:1 (Пуспаком 3 пен., Чангмол 84 – Ро Санг Ре 20)
1992 йилги Осиё чемпионати саралаш ўйинлари хақиқий сенсация билан якунланди. Жанубий Корея терма жамоаси Бангкок шаҳрида Таиланд билан ҳал қилувчи баҳсда майдонга тушиб, ўйин тугашига 6 дақиқа қолганда гол ўтказиб юборди ва кичик ҳисобда мағлубиятга учради. Бу натижа кореяликларни Осиё кубоги йўлланмасидан маҳрум қилди. Жаҳон чемпионатларининг мунтазам иштирокчисига айланиб бораётган Жанубий Корея футболи катта зарбага учради. Энг аламлиси шунда эдики, Таиланд Осиё кубогида қатнашиб, кўзга кўринарли натижага эришолмади. Бирорта ғалабага эришмасдан, ўз гуруҳида сўнги ўрин билан кифояланди.

16.03.2003 Қирғизистон – Афғонистон 1:2 (Жумақулов 60 – Саид Тоҳир 26, Фарид Аъзамий 70)
Осиё кубоги-2004 саралаш ўйинлари бир талай кутилмаган натижаларга бой бўлди. Дастлаб Қирғизистон терма жамоаси Непалда бўлиб ўтган саралаш босқичида Афғонистонга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, кейинги босқич йўлланмасидан маҳрум бўлди. Уруш ва ички низоларга ботиб қолган Афғонистонда ҳатто ички чемпионат ўйинлари ҳам ўтказилмаслиги, бу натижани қанчалик ажабланарли эканидан далолат бериб турибди.

10.11.2003. Гонгконг – Таиланд 2:1 (Сиянг Сай Хо 28, Вонг Сунг Лю 69 – Тонглао 64)
2004 йилги Осиё кубогининг Тошкентда бўлиб ўтган саралаш баҳсларида Гонгконг терма жамоаси сенсация соҳиби бўлди. Улар Таиландни 2:1 ҳисобида мағлуб эта олдилар ва якуний саралаш ўйинларидан олдин гуруҳда 2-ўринга чиқиб олдилар. Бироқ Таиланд ўз майдонида бўлиб ўтган жавоб ўйинида йирик ҳисобда ғалаба қозониб, бу мағлубиятнинг тасодиф эканини исботлай олди ва Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга Осиё кубоги йўлланмасига эга бўлди.

19.10.2003. Жанубий Корея – Вьетнам 0:1 (Фам Ван Куен 76)
Уммонда бўлиб ўтган саралаш баҳсларида эса ҳар сафаргидай Жанубий Корея терма жамоаси “сенсация”сиз қолмади. Кореяликлар Вьетнам терма жамоасига кичик ҳисобда ютқаздилар. Лекин кейинги ўйинда Непални йирик ҳисобда мағлуб этиб, барибир Осиё кубогига борадиган бўлишди.

06.09.2006. Ироқ – Фаластин 2:2 (Солиҳ Садр 70, Хавар Муҳаммад 75 – Тайсир Амир 13, Исмоил Али 78).
2007 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинлари ҳам кутилмаган натижаларга бой бўлди. Дастлаб Ироқ терма жамоаси камтарона Фаластин терма жамоасининг қаршилигини синдира олмади. Фаластинликлар Осиёнинг бўлғуси чемпионларига жиддий қаршилик кўрсата олдилар. Лекин кейинги ўйинларда ироқликлар сусткашликка йўл қўймасдан, барибир ўз ниятиларига етдилар.

16.08.2006. Ўзбекистон – Гонгконг 2:2 (А.Солиев 18, М.Шацких 35 – Шам Куок 66, 87)   
06.09.2006. Гонгконг – Ўзбекистон 0:0 
Кейин эса катта саҳнага Ўзбекистон терма жамоаси чиқди. Ҳамюртларимиз бизга яхши таниш бўлган Гонгконг билан ҳар иккала ўйинда ҳам дуранг натижа қайд эта олишди, холос. Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда футболчиларимиз икки тўп фарқ билан олдинда боришларига қарамай, хотиржамликка берилиб, рақибга ҳисобни тенглаштиришга имкон беришди. Сафар учрашувида эса ҳисоб очилмади. Якунда биз учун ҳаммаси яхши тугаб, терма жамоамиз Осиё кубоги йўлланмасини қўлга кирита олган бўлса-да, бу натижалар бош мураббий Валерий Непомняшчий истеъфосига сабаб бўлди.

18.11.2009. Таиланд – Сингапур 0:1
2011 йилги Осиё кубоги саралаш ўйинларининг якуний босқичи Таиланд терма жамоаси учун аламли якунланди. Улар ўз майдонида Сингапурни мағлуб этишса, финал босқичи йўлланмасига эга бўлишар эди. Аммо ўйин давомида катта ташаббусга эга бўлишларига қарамай, улар рақиб дарвозасига гол кирита олишмади. Сингапур эса кам сонли хужумларнинг биридан унумли фойдаланиб, Таиландни Осиё кубоги йўлланмасидан маҳрум этди.

Тараллабедод.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 08:50, 12.02.2013.
Ўқилди: 7473 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.