«Шўртан» 13 февраль куни «Навбаҳор»га қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Мазкур баҳсда ҳисоб очилмади. Ўйин якунига етгач, ғузорликлар бош мураббий Эдгар Гессдан интервью олдик.
— Эдгар Яковлевич, аввало ўйин ҳақидаги фикрларингизни айтиб ўтсангиз.
— Бу учрашув жорий йил ҳисобидан табиий майдондаги биринчи ўйинимиз бўлди. Шунинг учун икки хил таркибни синаб кўрдик. Йигитларнинг ҳаракатидан қониқдим. Ўйлайманки, биз тўғри йўлдамиз.
— Сизга қайси бўлим кўпроқ ёқди?
— Иккинчи таймдан кўнглим тўлди. Негаки захирадан тушган ёш футболчиларда ютишга бўлган иштиёқ юқори бўлди. Улар кўпроқ ҳаракат қилишди.
— Ўйинда голлар бўлмади. Бу ҳол ҳужумчиларнинг яхши ўйин кўрсатишмагани билан боғлиқми?
— Менимча, ундай эмас. Мазкур баҳсда кўпроқ жисмоний кураш кечди. Шу боис вазиятлардан унумли фойдаланишга келган футболчиларда аниқлик етишмаган бўлиши мумкин.
— Ўйинда сизни нима қониқтирди-ю, нима қониқтирмади?
— Менга шогирдларимнинг қандай ҳаракат қилишгани маъқул келди. Чунки ўйинчилар тартибли ўйинашга ҳаракат қилишди. Ёқмаган жиҳати эса бизда тезкор футболчилар бор бўлишига қарамасдан, улар мана шу тезликни намойиш эта олишмади. Лекин бундан кўп ҳам хафа эмасман. Чунки бу энди биринчи ўйинимиз бўлди.
— Иккинчи таймда захирадан янги футболчи Азиз Маҳмудов ўйинга қўшилди. Унинг ҳаракатлари тўғрисида нима дея оласиз?
— У ҳозирча кўрикда. Қолаверса, биринчи ўйиндан кейиноқ ушбу футболчи борасида аниқ бир гап айта олмайман.
— Жамоага яна янги футболчилар қўшиладими?
— Бизга битта яхши ҳужумчи билан таянч ярим ҳимоячиси керак. Шунингдек, қанот ҳимоячисига ҳам эҳтиёжимиз бор.
— «Шўртан»га легионер таклиф этиладими?
— Бу ҳақда ҳозирча аниқ бир нарса дейишим қийин. Агар бизда ўйнашни хоҳлайдиган легионер ПФЛнинг янги талабларига мос келса унда олиб қолишимиз мумкин.
— Бундан буён сизга Олег Тюлькин ёрдам берадими?
— Хабарингиз бор, шу пайтгача туркманистонлик мураббий Сеид Сеидов менга ёрдам бериб келаётганди. Эшитишимча, ужамоадан кетиши мумкин экан. Шу боис ҳозирча Тюлькин ёрдам бериб турибди. Лекин Сеидов ҳали бир қарорга келмагани боис бу саволга жавоб бера олмайман. Агар туркманистонлик мутахассис «Шўртан»да қоладиган бўлса бундан жуда хурсанд бўламан, чунки у яхши мураббий.