Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мустафо Байрамов: «Мени Наманганда барча танийди ва ҳурмат қилади»

Баҳо:
+ | -

Жаҳон футболида ўз фаолиятини фақатгина бир клубда ўтказган содиқ футболчилар ҳам бор. Шундай ўйинчилар қаторига Италиянинг “Милан” жамоаси собиқ ҳимоячиси Паоло Мальдини, Англиянинг “Ливерпуль” клуби собиқ ярим ҳимоячиси Стивен Жеррард, “Рома” (Италия) клуби собиқ ҳужумчиси Франческо Тоттиларни киритиш мумкин.

Мамлакатимизда ҳам шундай футболчилар топилади. Булар қаторида айни пайтда Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасида техник директор сифатида фаолият юритаётган Мустафо Байрамов ҳам бор. Яқинда юбилей – 60 ёшли таваллуд айёмини нишонлаган мазкур мутахассис 40 йилдан зиёд вақт давомида фақатгина бир клуб, яъни “Навбаҳор”да фаолият юритмоқда. Ушбу жамоада олдин футболчи, кейин эса мураббий, эндиликда эса техник директор сифатида ишлаётган Мустафо Жеферович таъкидлаш жоизки, анча камтар ва камсуқум инсон.

Биз яқинда “Навбаҳор”нинг садоқатли ҳамда фидойи вакили билан суҳбат уюштириб, унинг фикрларини ёзиб олдик.

Ўтган мавсум борасидаги фикрлар

— “Навбаҳор” ўтган мавсумда ўз тарихида 10-марта бронза медалини қўлга киритди, Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ)да илк марта иштирок этганлигига қарамай, 1/8 финалга йўл олди. Албатта. буни ҳам яхши натижа дейиш мумкин. Аммо бироз омад келмаганлиги боис, жамоа чемпионлик унвонини қўлга кирита олмади. Бунга эса “лочинлар”нинг 3 та фронт, яъни, Суперлига, Ўзбекистон кубоги ва Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) мусобақаларида иштирок этганлиги, футболчиларнинг жароҳатлари, дисквалификациялар, авиапарвозларнинг чарчатиб қўйганлиги сабаб бўлди.

Бироқ, таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумда “Навбаҳор” олтин медални қўлга киритиши учун барча, яъни, Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов, “Навбаҳор” ПФК вице-президенти Отабек Арифович Саматов бошчилигидаги клуб раҳбарияти, ишчи-ходимлари, жамоа мураббийлар штаби ва футболчилар ҳаракат қилишди. Аммо, наилож, Аллоҳнинг айтгани бўлар экан.

Лекин кези келганида вилоятимиз раҳбари Шавкатжон Абдураззоқов ҳамда клуб вице-президенти Отабек Саматовларнинг бир пайтлари футбол ўйнашгани,футболни теран тушунадиган шахслар эканлиги, сўнгги йилларда “Навбаҳор” учун барча шароитларни яратиб беришаётгани, жамоанинг сўнгги йиллардаги муваффақиятларида улкан ҳиссалари борлигини ҳам таъкидлаш жоиз.

Жумладан, Шавкатжон Шокиржановичнинг “Навбаҳор” иштирокидаги ўйинлар арафасида жамоа аъзолари билан учрашиб, йигитларга мотивация бериб, руҳлантириши, Отабек Арифовичнинг эса “Навбаҳор” учун ўзгача жон куйдириши, футболчиларнинг муаммолари билан қизиқиб, уларга яхши шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилишини айтиш жоиз.           

Худо хоҳласа, янги мавсумда “Навбаҳор” узоқ кутилган чемпионлик унвонини қўлга киритади, деган умиддаман. Ўзим учун қадрдон жамоанинг чемпионлигини яна бир маротаба (“Навбаҳор” 1996 йили чемпион бўлган) кўриш ниятидаман.

Ўтган мавсумдаги ёрқин ва аламли ўйинлар

—  Албатта, ўтган мавсумда “Навбаҳор”нинг ёрқин ўйинлари кўп бўлди. Бундай баҳслар сирасига ОЧЛ “плей-офф” босқичи доирасидаги сафарда “Ал-Вакра” (Доха, Қатар,1:0), ушбу турнирнинг гуруҳ босқичи доирасидаги сафарда “Ал-Ҳилол” (Ар-Риёд, Саудия Арабистони, 1:1) ва Суперлиганинг “Бунёдкор” (11-тур,5:1) жамоаларига қарши кечган ўйинларини киритиш мумкин. Ар-Риёддаги учрашувда йигитлар таркибида Неймар, Митрович, Малком сингари жаҳон футболи юлдузлари бўлган “Ал-Ҳилол”га қарши чўчимай, мардона ўйнашди. Ҳаттоки, анча вақт давомида 1:0 ҳисобида ҳам олдинда боришди. Лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда мезбонлар ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Аммо мазкур ўйиндан сўнг, “Навбаҳор”ни бутун дунё таниди, эътироф этди.

Энг аламли ўйин сифатида эса Суперлиганинг Намангандаги “Насаф” (22-тур, 0:1) билан бўлган беллашувини келтириш мумкин. Ўша ўйиндаги мағлубият жамоамизни чемпионлик курашидан чиқарди.   

ОЧЛ нимчорак финал қуръаси ҳақида

— Қуръа натижасига кўра, жамоамизга “Ал-Иттиҳод” рақиб бўлди.  Тўғри, Саудиянинг ушбу клуби яхши шаклланган жамоа.Шунингдек, “Ал-Иттиҳод” таркибидан жаҳон футболи юлдузлари ўрин олган. Аммо бундан чўчимаслик керак. Чунки юлдузли таркибга эга жамоани ҳам енгса бўлади. Бунга мисол тариқасида 1996 йили, Осиё кубок эгалари кубоги доирасидаги, Наманганда Эроннинг “Истиқлол” (Теҳрон) жамоасига қарши кечган баҳсни келтириш мумкин. Ўшанда теҳронликлар сафида кўплаб Эрон терма жамоаси етакчилари, мазкур мамлакат футболи юлдузлари ўйнашарди. Шунга қарамай, ўз майдонимизда “Истиқлол”ни йирик – 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганмиз ва Наманган аҳлига байрам туҳфа этганмиз.

Жамоамиз“Ал-Иттиҳод”га қарши кечадиган нимчорак финал баҳсларида ҳам ижобий натижаларни қайд этган ҳолда, чорак финал йўлланмасини қўлга киритиб, наманганликларга қувонч улашади, деган умиддаман.

“Навбаҳор”га садоқати, ҳавас қилган футболчиси ва жамоанинг фидойи мухлислари тўғрисида  

— “Навбаҳор”да 1980 йилдан буён аввал футболчи, кейин мураббий, ҳозирги кунда эса техник директор сифатида фаолият юритяпман. Бир сўз билан айтганда, бутун фаолиятим мазкур клубга садоқат билан ўтмоқда.

Болалигимда Германия терма жамоаси ва “Бавария” клуби ҳимоячиси Франц Беккенбауэрнинг ўйинларига ҳавас қилардим. Шунинг учун ҳам ҳимоячи амплуасини танладим ҳамда шу позицияда фаолиятимнинг якунигача тўп сурдим.

 Ўзингизга маълум, футболчилик фаолиятим давомида фақатгина бир жамоа – “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилганман. Ушбу клуб сафида 17 йил тўп суриб, 6 мавсум давомида, яъни 1989 – 1994 йилларда жамоа сардори бўлганман.

Футболчилик давримда “Навбаҳор” билан Ўзбекистон чемпионлиги (1996), Ўзбекистон кубоги (1992, 1995), бронза медаллари (1993, 1994, 1995) ни қўлга киритганман.  

Фурсатдан фойдаланиб, шуни таъкидламоқчиманки, футболчилик давримда менга “Пахтакор” (Тошкент), “Нефтчи” (Фарғона) ва “Таврия” (Симферополь) жамоаларидан анча яхши таклифлар бўлган.

Мазкур клубларнинг раҳбарлари менга жамоаларида ўйнашим учун автомобиль ҳамда квартира таклиф этишган. Аммо раҳматли отам “Дарахт бир жойда кўкаради, бир кун ҳаммаси яхши бўлади, сени кейинчалик ҳамма ҳурмат қилади, ўшанда менинг гапларимни эслайсан”, дегандилар.

Ҳақиқатанам дадамнинг гаплари тўғри чиқди. “Навбаҳор”ни яхши кўраман, мени Наманганда барча танийди ва ҳурмат қилади. Бундан эса жудаям хурсандман.

Наманганда футболни севишади. Таъкидлаганимдек, 1991 йили “Навбаҳор” собиқ иттифоқ чемпионатининг 1-лигасида иштирок этганида ҳам жамоа сардори бўлганман. Ўша йилги мавсумда Намангандаги ўйинларда стадион томошабинлар билан тўларди, учрашувларга 40-50 минг нафар ишқибоз ташриф буюрарди. Биз ҳам уларнинг ишончларини оқлаб, ўз майдонимиздаги ўйинларда “Зенит” (Санкт-Петербург), “Қайрат” (Олма-Ота) ва “Нефтчи” (Боку) сингари таниқли жамоаларни мағлубиятга учратганмиз. Наманганда фақатгина “Ротор” (Волгоград)га ютқазганмиз, холос.

“Навбаҳор”ни 1991 йили мухлислар ҳаттоки, сафардаги беллашувларига ҳам ташриф буюриб, қўллаб-қувватлаб туришган.

Масалан, Санкт-Петербургдаги “Зенит”га қарши кечган ўйинга Намангандан 300 нафар ишқибоз борган. Шунингдек, “Даугава” ва “Факел” жамоалари билан бўлган баҳсларни бевосита стадионда томоша қилиш учун Рига ҳамда Воронеж шаҳарларига ҳам кўплаб мухлислар боришганди ва уларнинг қўллаб-қувватлашларидан биз – футболчилар иштиёқ ҳамда руҳ олардик.

Таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” мухлислари мен учун жаҳонда ягона.    Жамоамиз собиқ иттифоқ Биринчи лигасида қатнашганида мен сардор сифатида ҳар сафарги ўйиндан олдин жамоадошларимга ишқибозларни хурсанд қилиш учун майдонга тушишимизни таъкидлардим. Айнан шунинг учун бўлса керак, ўша мавсумда собиқ иттифоқ Биринчи лигаси дебютанти бўлишига қарамай, “Навбаҳор” 9-ўринни эгаллаганди. Албатта, бунда қайд этганимдек, мухлисларнинг ҳам қўллаб-қувватлашлари муҳим роль ўйнаган.

Бир сўз билан айтганда, футболчилик фаолиятим давомида ва айни пайтда ҳам мухлислар доимо қўллаб-қувватлашгани учун улардан бир умр миннатдорман.

Ўз навбатида “Навбаҳор”нинг ўша пайтдаги машғулотларига 3000 нафар мухлис ташриф буюрганлигини ҳам таъкидлаш жоиз.  

Мураббийлари ҳамда мураббийлик фаолияти

— Футболчилик фаолиятим давомида кўплаб мураббийларнинг қўл остида ўйнаганман. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқларни Павел Константинович Ким ва Анвар Иззетович Сулеймановлардан ўрганганман.

“Навбаҳор”даги фаолиятим давомида эса Геннадий Неделькин, Игорь Волчок, Усмон Асқаралиев, Бахтиёр Бобоев ҳамда Виктор Жалиловлар менга устозлик қилишди ва улардан кўп нарса ўргандим ҳамда бу кейинчалик мураббийлик фаолиятим давомида кўп маротаба асқотди.

1997 йилдан бошлаб, мураббийлик фаолиятимни бошладим. Дастлаб “Навбаҳор”нинг ўринбосарлар таркибини бошқариб, мазкур жамоа билан 3 марта 3-ўринни қўлга киритдим, шунингдек, 3 марта “Навбаҳор”ни олий лигада олиб қолишга муваффақ бўлдим.

Умуман олганда, мураббийлик фаолиятимда қутқарувчи вазифасини ҳам бажаришга ҳам тўғри келган (кулади).

Мураббийлик фаолиятим давомида Виктор Жалилов, Геннадий Неделькин, Раҳим Қурбонмамедов, Усмон Асқаралиев, Бахтиёр Ашурматов, Андрей Канчельскис, Деян Журжевич ва Нўъмон Ҳасанов сингари мутахассислар бирга фаолият олиб бордим. Айни пайтда эса Самвел Бабаян бирга ишлаяпман.

Навбаҳор” клуби ва терма жамоадаги фаолияти, жамоадошлари

— “Навбаҳор”даги 17 йиллик футболчилик фаолиятим давомида 600 га яқин учрашувда майдонга тушиб, гарчи ҳимоячи бўлсамда, ҳар мавсумда камида 5 тадан тўп киритганман, 1995 йили эса 10 та гол урдим ва олий лигадаги ҳимоячилар орасида энг яхши натижага эришдим.

Голларимни асосан стандарт вазиятлардан кейин, яъни бурчак ҳамда жарима зарбаларидан кейин, кўпроқ бошим билан урардим. Боиси, бўйим 1,85 см. эди. Шунинг учун ҳаволатиб узатилган тўпларга кўпроқ эга чиқардим, умуман олганда,  “иккинчи қават”да яхши ўйин намойиш этардим.

Таъкидлаганимдек, жамоамиз 1991 йили собиқ иттифоқ 1-лигасида иштирок этганди. Ўшанда наманганликлар таркибида барча учрашувларда майдонга тушиб, 4 та гол урганман.

Футболчилик фаолиятим давомида 1982 йили Танзаниядаги мусобақада иштирок этганмиз, ўшанда “Навбаҳор” мазкур мамлакатдаги турнирда  5 та ўйин ўтказиб, уларнинг  4 тасида ғалаба қозонди ва  1 та учрашувда дуранг қайд этганди.

1989 йилда Ливия ҳамда Бангладеш мамлакатларидаги мусобақаларда иштирок этиб, 1-ўринни эгаллагандик.

1990 йили эса Польшага бориб, мазкур мамлакатнинг машҳур клубларидан бири – “Лех” (Познань) билан ўртоқлик учрашуви ўтказганмиз.

Футболчилик фаолиятим давомида дарвозабонлардан Анатолий Тананакин, Дмитрий Башкевич, Сайдулло Жабборов, Олег Сировашко, Анвар Жабборов, ҳимоячилардан эса Игорь Белов, Игорь Близнюк, Александр Пасько, Александр Иванов ва Фарҳод Магометовлар билан елкама-елка ўйнаганмиз.

Шунингдек, собиқ жамоадошларимдан Толиб Бобоев, Сайдулло Турсунов, Февзи Давлетов, Эдуард Мамотов, Марат Дилмуҳаммедов, Дмитрий Батинков, Алексей Винников, Тоҳир Мадраҳимов, Анвар Асадуллаев, Дилшод Алиев, Акмал Теляков, Зафар Мусабоев ҳамда Максим Шацкихларнинг ўйинлари менда яхши таассурот қолдирган.    

Футболчилик фаолиятим давомида собиқ иттифоқ давридаги ўйинчилардан “Ротор”даги Александр Ледяхов, “Текстильшик”даги Сергей Наталушко, ҳамюртларимиздан эса Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Олег Синелобов, Баҳодир Раҳмонов, Рустам Дўрмоновларга қарши тўп суриш менга қийинчилик туғдирган.

Шунингдек, собиқ иттифоқ даврида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 7 йил, яъни 1982-1989 йиллари тўп сурдим, унинг таркибида собиқ иттифоқ халқлари Спартакиадаси, халқаро мусобақада қатнашиб, халқаро турнирда 3-ўринни олганман, Ўзбекистон термасининг сардори бўлганман.

“Водий дербиси” баҳслари тўғрисида

– Катта ва ўрта ёшли мухлислар аввалги “водий дербиси” ўйинларини яхши эслашади. Ўша пайтлардаги баҳслар ҳақиқий дербига мос равишда ўтарди. Бундай беллашувларга футболчиларни руҳлантириш шарт эмасди. Айниқса, “Нефтчи”га қарши кечадиган ўйинлар ўзгача руҳда кечарди. “Андижон” ҳам “чақилмас ёнғоқ” эди. Бироқ ўша даврларда ўз майдонимизда андижонликларга умуман ютқазмаганмиз. Мен ҳам футболчилик давримда кўплаб “водий дербиси” баҳсларида майдонга тушганман. Қисқаси, ўшандаги дерби ўйинлари бошқача кечганди ва бундай баҳсларни соғинч билан эслайман.

Янги мавсумга тайёргарлик борасида

— Жамоамиз янги мавсумга тайёргарликни биринчи босқичини Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб бориб, мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасида бир қатор назорат баҳслари ҳам ўтказди.   

Тайёргарликнинг иккинчи босқичи эса 9 февралдан Наманганда давом эттирилмоқда.         

Худо хоҳласа, янги мавсумда жамоамиз совриндорлар сафидан ўрин олиш учун кураш олиб боради.

Бўлажак мавсумда “Навбаҳор”нинг имкониятларини юқори баҳолайман. Жамоамизнинг чемпион бўлганлигига 27 йил бўлди. Шу боис, бу йил олтин медални қўлга киритишига умид қиламан.       

Мухлисларга тилаклар

– Юқорида айтиб ўтганимдек, “Навбаҳор” мухлислари мен учун дунёда ягона. Футболда ҳар хил ҳолатлар юз бериб туради. Шундай пайтларда ҳам улардан жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришлари, сабрли бўлишларини сўрайман. Аҳил бўлсак, ҳаммаси яхши бўлади. Бахтимизга ишқибозлар ҳамиша соғ-саломат бўлишсин.

Янги мавсумда мухлислар билан биргаликда узоқ кутилган чемпионлик унвонини биргаликда нишонлаш насиб этсин, илоҳим!

Маълумот учун

Мустафо Байрамов – 1964 йил, 7 январда Наманган шаҳрида туғилган.
Футбол билан 10 ёшидан шуғулланишни бошлаган.
Биринчи мураббийлари: Павел Ким, Анвар Сулейманов.
Амплуаси: ҳимоячи.
Оилали, 2 фарзанднинг отаси, 5 набиранинг буваси.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 15:35, 10.02.2024.
Ўқилди: 2468 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.