Соат миллари тобора бизни бу йилги Ўзбекистон чемпионати бошланиш вақти сари яқинлаштириб бормоқда. Бу вақтни мамлакатимиздаги барча футбол мухлислари жуда катта соғинч билан орзиқиб кутаётгани рост. Ана шуларни ҳисобга олиб, “Шўртан” ПФК футбол мухлислари клуби етакчиси – Хайрулла Пирназаров билан мавсум бошланиши арафасида суҳбат қилдик.
— Хайрулла ака, “Шўртан” футбол мухлислари клубининг ташкил бўлиши тарихини сўзлаб берсангиз.
— Бу аниқ эсимда, 2009 йил 8 май куни эди, жамоамиз ўша куни Муборакда “Машъал” жамоасига қарши майдонга тушиши керак эди, жамоамизнинг мухлислари стадионимиз олдида йиғилишди, ўша куни ёш футболчиларга Муборакда ўйинни томоша қилиш учун, клуб томонидан автобус ажратилган экан. Йиғилган мухлисларнинг ҳаммаси автобусга чиқиб олишди, жумладан мен ҳам. Муборакга қараб йўлга чиқдик. Шу пайтгача жамоамиз “Машъал”дан доимо мағлубиятга учраб келарди, ҳаттоки дуранг ҳам қайд этмаган эдик.
Муборакка етиб келдик, об-ҳаво ўзгариб, ёмғир ёға бошлади. Ўйин ҳам бошланди. Эътибор қилсам, биз билан борган мухлислар “Шўртан”, “Шўртан” — дея бақира бошлашди. Уларга қараб туриб, ўзимни ҳам завқим келди. Уларга ёшим сал каттароқ бўлгани учун “мана бунақа қўллаб-қувватлайлик”, - деб ўргата бошладим. Шундан сўнг бизнинг бақириқ-чақириқларимиз ҳақиқатан далда бўлдими, жамоамиз аъзоси Артур Геворкян гол урди, ҳисобда олдинга ўтиб олдик. Иккинчи бўлим бошланди, кўп вақт ўтмасдан шу пайтлар “Машъал”да ўйнаётган Зафар Холмуродов ҳисобни тенглаштирди. Шундан сўнг болалар жим бўлиб қолишди. Уларга “йигитлар мана энди биз олдингидан кўра кўпроқ далда бўлишимиз керак, қани бошладик”, - дедим. Шунда миямга бир ибора келиб қолди: “Шўртан соласан, ғалабани оласан”, - деган. Шу сўзларни баралла айтиб, ҳаммамиз қизғин мухлислик қила бошладик. Шунақа қўллаб-қувватлашимиз яна далда бўлдими, Игорь Таран яна битта гол уриб, жамоамизни ғалабасига ҳисса қўшди. Бу ғалаба жамоамиз ва биз мухлислар учун ҳам тарихий ғалаба бўлди, бундан ҳамма чексиз хурсанд бўлишди. Мен уларга бу ғалабада “Эдгар Гесснинг ҳам ҳиссаси катта”,— дедим ва “Эдгар Гесс — молодец”, - деб бош мураббийимизни ҳам олқишлаб қўйдик.
Ўша жамоамиз мухлисларининг биринчи марта ташкилий равишдаги қўллаб-қувватлаши бўлиб тарихга кирди. Учрашув ниҳоясига етгач Толибжон Қосимов (“Шўртан” ПФКнинг матбуот хизмати раҳбари - voha.uz) олдимизга келиб миннатдорчилик билдирди ва Ғузорга боргач йиғилиш ўтказишимизни таклиф қилди.
Биз 2009 йил 13 май куни йиғилиш ўтказдик, йиғилишда ҳамма, жумладан клуб раҳбари ҳам иштирок этди. Бу йиғилиш гўё мухлислар клубининг таъсис йиғилиши сифатида тарихда қолди ва мени рози бўлмасам ҳам, клуб етакчиси этиб сайлашди ана шундан бизнинг фаолиятимиз қандайдир мақомга эга бўлиб, жамоамизни уй учрашувларида ҳам, сафардаги учрашувларда ҳам ташкилий равишда қўллаб-қувватлай бошладик. Ҳозир клубимиз аъзолари жуда кўпчиликни ташкил этишади.
— Мухлислар клуби билан футбол клуби раҳбарияти ўртасидаги муносабат қандай?
— Алоқамиз ёмон эмас, биз доимо алоқада бўлиб турамиз, биз жамоамизда қандай ҳолат бўлмасин доимо улар билан биргамиз.
— “Шўртан” стадионига мухлисларнинг ташрифи ўтган йили юқори даражада бўлди, бунга нима ёрдам бераяпти?
— Бизнинг шаҳримиз, ўзингиз биласиз, туман маркази ҳисобланади, ҳажми жиҳатдан ҳам аҳолисининг сони жиҳатдан ҳам бошқа катта шаҳарларга нисбатан кам, бизда деярли ҳамма бир-бирини танийди, қолаверса ғузорликлар учун “Шўртан” жамоасининг алоҳида ўрни бор. Шундан бўлса керак, бизда баъзан футболга кирмаганларни изза ҳам қилишади. Шунинг учун иложи борича ҳамма футболга боришга ҳаракат қилишади. Бундан ташқари “Шўртан”нинг ўйинларида бошқаларникига ўхшамаган жозиба бор, бу ҳаммани ўзига тортаверади. Қолаверса, ғузорликлар ўз жамоасига жуда содиқдирлар.
— Мухлислар клуби аъзолари йиғилишиб, учрашувлар ҳам ўтказиб турасизларми?
— Бизда ажойиб анъана бор, ҳар-бир учрашувдан бир кун олдин клубимиз фаоллари доимо йиғилишиб, эртанги учрашувда жамоамизни қандай қўллаб-қувватлашни келишиб оламиз.
— Клуб томонидан Сизларга қандай қулайликлар яратилган?
— Клубимиз аъзолари учун сафар учрашувларига алоҳида автобус ажратилади, аммо бошқа клубларникига ўхшаб, бизга хона ажратилмаган ёки айрим харажатларимиз учун маблағ ажратилмайди, ҳаммасини имкон даражасида ўзимиз қиламиз. Бундан хафа эмасмиз.
— Ўтган йилги мавсум тугагач, жамоани кўпчилик етакчи ўйинчилар тарк этишди, одатда бундай пайт мухлислар тушкунликка тушиб қолишади...
— Сизни тушундим. Жамоамизни деярли 90 фоиз ўйинчиси тарк этди, жамоамиз анча янгиланди, лекин ишонасизми-йўқми мухлислар тушкунликка тушишганлари йўқ, буни мухлисларимиз билан суҳбатдан сезаман. Улар бу йил ўтган йилдагига қараганда жамоамизга кўпроқ ва қизғин далда бўлишга тайёр туришибди. Мухлисларимизнинг, боя айтганимдек, “Шўртан”га меҳри ўзгача, жамоамиз мамлакатимиз футболида “Пахтакор”, “Бунёдкор” ва “Насаф”дан сўнг тўртинчи жамоа ҳисобланади. Бўлиб ўтган муваффақиятсизликлар вақтинча деб ўйлайман, бизда жамоамизнинг ўз мавқиени тиклашга доимо имконияти бор, насиб бўлса ҳаммаси яхши бўлиб кетади, бунга ҳаммамиз бирдек ишонамиз. “Шўртан” шу пайтгача бўлган, бундан кейин ҳам бўлади.
Эсингизда бўлса, Николай Озеров деган машҳур спорт шарҳловчиси бўларди, у киши Москванинг “Спартак” жамоасини ашаддий мухлиси бўлган экан. “Спартак”нинг асосий рақиби эса ЦСКА жамоаси бўлган. Кунлардан бир куни ундан сўрашибди: “Агар “Спартак”нинг барча ўйинчисини ЦСКАга ўтказиб, уларни ўйинчиларини “Спартак”га ўтказишса ҳам, яна “Спартак”ка мухлислик қилаверасизми?”, деб. У киши: “Спартак” барибир “Спартак”, мен уни мухлиси бўлиб қолавераман”, - деган экан. Ана шундай биз учун ҳам жамоамиз қандай мақомда ёки аҳволда бўлмасин, уни яхши кўрамиз. Хўш, жамоамизни етакчи ўйинчилар тарк этишибди, улар “Шўртан”га нисбатан кучсиз жамоага ўтишгани йўқ-ку, улар бизнинг “Шўртан”да ўйнаб, шу даражага чиқишган, демак биз бежизга “Шўртан”ни яхши кўрмас эканмиз, бу ҳам жамоамизнинг бир ютуғи, деб биламан. Майли уларни ҳам омадини беришсин, насиб бўлса, бундай ўйинчилар ҳали бизда кўплаб етишиб чиқадилар, бунга асло шубҳам йўқ.
— Яна қўшимчаларингиз борми?
— Бизда, яъни ўзбек мухлисларида баъзан шундай кайфият бўладики, агар севган жамоаси ютқазиб қўйса, кейинги ўйинларига кирмай қўйишади ёки учрашув давомида тушкунликка тушишиб, жамоасини қувватламай қўйишади. Европадаги мухлисларга қаранг, агар жамоаси мағлубиятга учраётган бўлишса, улар ўринларидан туришиб, баралла қўшиқлар куйлашиб, янада кучли жамоасини қўллаб-қувватлай бошлашади. Биздаги мухлисларга ўхшаб, аразлаб қолишмайди. Мухлисларга қарата шундай демоқчиманки, сиз билан биз эркаклармиз, аразлашни хотин-қизларга чиқаришган, доимо эркак бўлинг! “Ҳа деган туяга мадад”, деб бежизга айтишмайди.
“Шўртан” — “оқ бўри”, “Шўртан” — энг зўри! Илтимос шу чақириғимни ҳам қўшиб қўйинг – дейди, Хайрулла Пирназаров.
Суҳбатдан сўнг амин бўлдимки, “Шўртан”нинг Хайрулла Пирназаровдек футбол ишқибозлари етакчиси бор экан, уларнинг стадиони доимо мухлислар билан гавжум бўлаверади, бунга менда ҳам шубҳа қолмади.
Суҳбатни Ренат Эрназаров ёзиб олди.