Футболда тўпга эгалик қилиш ва хавфли вазиятларни яратишнинг ўзи ғалабага кафолат бўла олмайди.
Минимал фарқ билан зафарга эришишнинг жозибаси ҳам шунда. Баскетболда ўнлаб очколар фарқини бартараф этиш футболдаги битта гол устунлигини йўққа чиқаришдан осонроқ.
Яқин ўтмишда АПЛ грандлари сафида юрган «Челси» Лига Кубоги ярим финалининг дастлабки учрашувида Чемпионшипнинг 12-поғонасида келаётган «Мидлсбро»га имкониятни бой берди. Тўғри, жавоб баҳсида «аристократлар» мавсумдаги энг чиройли ғалабаларидан бирини қўлга киритишди (6:1), лекин...
Таққослайдиган бўлсак, «МЮ» афсонаси бўлмиш Майкл Каррик жамоасининг умумий трансфер қиймати атиги 68 млн. еврога тенг. Лондонлик «аслзодалар» эса номларига хос баҳодалар - 998 млн. евро! «Мидлсбро» ғалабасининг аҳамиятини бир тасаввур қилиб кўринг.
... лекин мавзу фақат шу ўйин ҳақида эмас. АПЛ доирасида фақат 2 жамоа - «Борнмут» ва «Ноттингем Форест» аввалги мавсум стартидан шу пайтгача «Челси»га нисбатан кўпроқ мағлубиятга имзо чекишган. «Аслзодалар» 31 марта майдонни мағлуб мақомида тарк этишди. Бу ўта ҳалокатли кўрсаткич. Турнир жадвалидаги ўртамиёна ўрин ва савиясиз ўйинни эса замонавий футболдаги бир талай қусурлар билан изоҳлаш мумкин.
СОҲИБЛАР
Роман Абрамович «Челси»дан сармояларини аямасди. Боэли россиялик миллиардер анъанасини давом эттирмоқда, бироқ у ва унинг маслакдошларида Грановская ва Чехда кўп йиллик тажриба йўқ. Шу мутахассислар даврида «Челси» иккинчи марта ЕЧЛда зафар қучганди. Боэли бирданига АПЛ ғолиблигини қўлга киритмоқчи бўлиб, миллиардларни сарфлай бошлади. «МЮ» ва «Арсенал»даги уринишлар зое кетганидан у бехабар эди. Янги соҳиб футбол тизими қандай ишлашини тушунмагани боис, қандайдир қинғир йўллар билан алдамоқчи бўлди. Кейин узоқ йиллик шартномаларни ўйлаб топди. Бироқ ФИФА тез орада бу янгиликни тақиқлаб қўйди. Америкалик соҳиб Грэм Поттер ва унинг ассистентларини «Брайтон»дан олиб келиш учун 22 млн. фунтдан воз кечди. Боз устига, мазкур харид самара бермаганига қарамасдан, Кайседо учун «чайкалар»га 116 млн. еврони ҳадя қилди.
ТРАНСФЕРЛАР
«Челси» парчаланиб кетиши мумкин. Мазкур омадсиз трансфер жараёни ҳар қандай жамоани йиқитади. Почеттино жамоасидаги ёш футболчиларнинг бошқа жамоалардаги касбдошларидан фарқли жиҳати - уларнинг асл қийматлари лондонликлар сарфлаган маблағдан фарқ қилади. Бельгиялик хавбек Лавианинг баҳоси 62 млн. евро эмас, бозорда икки баравар арзонроқ эди. Кайседо учун 116 миллионли ёрлиқни ҳам ҳаводан олинган, эквадорлик футболчи «Реал»даги жаҳон чемпиони Макелеле эмас. Ҳатто Энцо Фернандес ҳам 121 млн. еврога арзимайди, шунчаки, ЖЧ-2022да ғолиб чиққан жамоанинг навқирон, лекин ғўр аъзоси. Мудрик, Фофана ва тажрибали Кукурелья ҳам анчайин юқори баҳода келишган. АПЛда ўзи учун кераксиз ёки услубга мос бўлмаган ўйинчиларнинг кўплиги ҳар қандай жамоани ўртамиёналар сафига тушириб юборади. Мана, ҳужумчи Жексонни олайлик. У янги Дрогба эмас, «Вильярреал»да кўпинча қанотларда тўп сурарди. Энди «Челси» янги марказий ҳужумчи учун яна пул сарфлаши керак.
МУРАББИЙЛАР
Тухелга ҳам аввалроқ чиқиш эшикларини кўрсатиб қўйишлари мумкин эди, бироқ Томас «аслзодалар»ни ЕЧЛда шоҳсупага олиб чиқди. Айнан у бемаъни келишувларга чек қўйганди. Неймар трансферга қарши чиққани учун Боэлининг қаҳрига дуч келди. Германиялик мураббий билан ҳеч бўлмаганда етакчи квартетдан жой олиш мумкин эди. Энди жамоа қачон ЕЧЛда иштирок этиши номаълум, чунки АПЛда савияли жамоалар етарли. Малакали мураббийлар раҳбарлигида тўп сураётган «Астон Вилла», «Брайтон» каби жамоалар нуфузли йўлланмаларни илиб кетишлари ҳеч гапмас. «Челси»нинг бу борада ҳам омади келмаяпти. Поттер провинцияда бинойидек ишлаётганди, пойтахтда эса муваффақиятсизликка учради. Клуб мураббийларга катта маблағ сарфлайди, Конте билан Моуриньо Абрамовичдан олган товон пуллари билан «Мидлсбро»нинг тўлиқ таркибини сотиб олишга қодирлар. Бироқ «Челси» учун айнан мураббийлар масаласи жиддий муаммо бўлиб қолди. Боэли Тухель, Поттер ва Лэмпарднинг машаққатларига гувоҳ бўлди, энди Почеттино навбати. Дарвоқе, мураббийлар танлови хусусида. Аввал Фрэнк, кейин унинг ўрнини эгаллаган Маурисиолар «Челси»га ташрифлар экспертлар томонидан салбий баҳоланганди. Лэмпардга тажриба етишмаганди, Почеттинога эса қаттиққўллик. Кўнгилчан мутахассис доимо Жексон, Мудрик ва бошқа ўйинчиларнинг ёрқин ўйинлари олдинда эканлигини таъкидлашдан нарига ўтмайди. Балки шундайдир, лекин бошқа мураббий билан.
БОШҚАРУВЧИЛАР
Мазкур банд мураббийлар ҳақида эмас, балки бош ва спорт директорлари хусусида. Бартомеудек раҳбар раҳнамолигида буюк жамоа ҳам қарзга кўмилиши ҳеч гапмас. Яқинда у «Барселона»нинг ўйинига келишдан ҳам уялмади, юзидан кулги, қаҳқаҳа аримади. Лекин қулоғини бураб қўядиган бирорта мард топилмади. Унга ўхшаган бузғунчи ва нўноқ раҳбарларнинг тегирмондан бутун, сувдан қуруқ чиқишлари адолатдан эмас. Сал аввалроқ Абрамович қарийб 20 йил Россия нефтидан топган пулларини ҳуда-беҳуда сарфлаган бўлсада, ёнида унинг камчиликларини тўғрилаб турадиган ижодкор ёрдамчилари бор эди. Футбол у учун бизнес эмас, балки уни ўзига ром этган спорт тури эканлигини собиқ соҳиб эътироф этганди. Боэли ҳам ашаддий мухлис, лекин Тодднинг ихтиёрида бошқарув тизимини тартибга келтирадиган «сартарошлар» йўқ. Ва шу аснода малакали мураббийлар ҳам ношуд раҳбар билан ишлашни истамайдилар. Шунингдек, тез орада ёш иқтидорлар ҳам «Аслзодалар» таклифларини қабул қилмай қўядилар. Улкан маблағнинг чўғи берадиган қизиқиш йўқолади. Бир қатор вариантларни рад этиб, «Челси»га розилик берган Энцо Фернандес, Мудрик ёки Бадьяшиль эса афсусланишлари мумкин.
Умуман, футбол оламига кучли бошқарувчилар етишмаяпти. Шунингдек, малакали мураббийлар ҳам. Улкан бюджетга эга бўлган клублар Уэйн Руни каби тажрибасиз мутахассислар билан ишлашга мажбурлар. Почеттино ҳам мутасаддилар кўмагисиз номдор жамоани кўзланган чўққига кўтара олмайди. Францияда Маурисио «ПСЖ»ни ЕЧЛ шоҳсупасига олиб чиқа олмади, ҳатто Тухель каби финалга ҳам етиб бормади. «Реал»нинг Почеттино номзодидан воз кечгани тўғри қарор бўлиб чиқди.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади