Кириш Регистрация
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина 1-0 Перу
20/11 05:00 Чили 4-2 Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия 1-1 Уругвай
21/11 18:00 Пахтакор - ОКМК
22/11 16:00 Нефтчи - Насаф
22/11 18:15 Қизилқум - Навбаҳор

Жанубий Корея: Парда ортида омадсизлик сабаби

Баҳо:
+ | -

Бунга ишониш ҳам қийин: ОК-2023 ярим финалидан ўрин олган Иордания термасига қарши ўйин арафасида Ж.Корея миллий жамоасида катта можаро кузатилган.

Аниқроғи, «ПСЖ» вакили Ли Кан Ин жамоа етакчиси Сон Хюн Минга мушт туширмоқчи бўлган. Нима, наҳотки? Ҳамиша тартиб-интизомга қатъий амал қиладиган корейсларда бунақа бўлиши ақлга сиғмайди, очиғи...

Воқелик тафсилотига келсак, Ж.Корея термасининг нисбатан ёш футболчилари - Ли Кан Ин, Сеол Йонг Ву ва Жунг Во Йонг жамоавий кечки тамаддидан эртароқ туриб, дарҳол стол тенниси ўйи­нини бошлашади. Улар бунда жамоадошлари ҳали овқатланаётганларига эътибор бермай, бироз шовқин кўтаришади. Табиийки, бундай ҳурматсизлик жамоа сардори Сон Хюн Минга ёқмайди ва у футболчиларга ўйинни тўхтатиб, ўз жойларига қайтишлари, ҳамма билан тенг туришлари кераклигини айтади. Тушунарлики, «Тоттенхэм» етакчиси йигитларнинг бундай хатти-ҳаракатлари ярим финал ўйинидан олдин жамоада бирдамликка путур етказишини ўйлаган. Бироқ стол теннис ўйинига берилиб кетган футболчилар Сон Хюн Мин гапига парво ҳам қилишмайди. Оқибатда ўртада жанжал бошланади ва сардор Ли Кан Ин ёнига яқинлашиб, унинг ёқасидан ушлайди. «ПСЖ» вакили бунга жавобан Сон Хюнга мушт туширишга уринади, фақат у чаққонлик эвазига зарбага чап беради. Кўплаб футболчилар жанжални бостираётган паллада эса Сон Хюн Миннинг бармоғи шикастланади. Хуллас, «Тоттенхэм» ҳужумчиси ярим финал ўйинида бежиз икки бармоғини боғлаб олган ҳолда ўйнамаган экан...

Умуман, таъкидланишича, Сон Хюн Мин ва Ли Кан Ин ўртасида анчадан буён совуқ муносабат бор. Охирги низодан кейин Ж.Корея термасининг аксарият тажрибали футболчилари бош мураббий Юрген Клинсманнга мурожаат қилиб, Ли Кан Инни таркибдан четлаштиришни сўрашади. Бироқ германиялик мутахассис муҳим ўйин олдидан кескин қарор чиқаришда иккиланади. Аксинча, иордания­ликларга қарши ўйиннинг бошланғич таркибида Сон Хюн Минга ҳам, Ли Кан Инга ҳам жой берди. Бундан нима чиққани ҳаммага маълум: корейслар сенсацион мағлубиятни тан олиб, турнирдан чиқиб кетишди. Сон Хюн Мин эса шундан сўнг терма жамоадаги келажаги мавҳумлиги, бунга айнан бош мураббий сабабчи эканлигини яширмади: «Ж.Корея термаси учун яна ўйнайманми? Ҳозир буни аниқ билмайман. Мураббий менга эътиборсиз қарамоқда. Кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади».

Ушбу можаро тафсилотлари матбуотга чиқиб кетганидан сўнг асосий айбдор - Ли Кан Ин кореяликлар ва шахсан Сон Хюндан расман ошкора узр сўради. «Осиё кубоги ярим финал ўйинидан олдин Сон Хюн Мин билан ўртамиздаги можаро? Афсус, мухлислар ҳафсаласини пир қилдик. Ўша вазиятда ўзимни қўлга олишим ва акаларим сўзларига қулоқ солишим шарт эди. Таассуфки, ўзимни тутиб туролмадим. Кимни ранжитган бўлсам, ҳаммадан узр сўрайман. Мухлислар мендан нималар кутишаётганини яхши биламан. Бугундан эътиборан жамоада барчага ёрдам беришга, ўзимни энг яхши футболчи ва инсондек тутишга ваъда бераман», - деб ёзди Ли Кан Ин ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Клинсманн истеъфога чиқарилди

Ж.Корея футбол ассоциацияси қарори билан миллий жамоа бош мураббийи Юрген Клинсманн истеъфога чиқарилди. «Клинсманн биз кутган бошқарув қобилияти ва рақобатбардош жамоа тузиш фазилатларини кўрсатолмади. Ж.Корея термаси шунчаки, спорт жамоаси эмас, у бутун мамлакатни намоён этиши, одамлар эътиборини ўзига қаратиши ва халққа куч бағишлаши керак. Жамоада айни шу анъана давом этиши шарт. Турли мунозаралар натижасида хулоса чиқардик: Клинсманн келажакда барчасини яхшилаши қийин», - дейилади махсус баёнотда. Олдинроқ Клинсманннинг истеъфоси Ж.Корея футбол ассоциациясига 5 млн. доллар (товон пули)дан кўпроққа тушиши айтилганди. Эслатма, германиялик мутахассис Ж.Корея миллий жамоаси бошқарувини 2023 йилнинг февралида қўлга олганди.

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 15:01, 27.02.2024.
Ўқилди: 1295 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.