Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хорен Оганесян: «Ўзбекистон ЖЧ-2014да иштирок этишига шубҳа қилмайман»

Баҳо:
+ | -

Арманистоннинг 20-асрдаги энг яхши футболчиси дея тан олинган Хорен Оганесян ўтган йили Ўзбекистон Биринчи лигасидан Олий лигага чиққан Тошкентнинг "Локомотив" клубини қабул қилиб олганди. Ушбу мураббий жамоа билан бир йиллик шартнома имзолаган бўлса-да, "темирйўлчилар"ни иккинчи даврада бошқа мутахассис бошқарди. Ҳозирги кунда Ереванда бўлиб турган Оганесян билан Armsport.am мухбири суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

— 2006 йилда "Пюник"ни тарк этганингиздан кейин сиз ҳақингизда ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Ўтган йилнинг бошида сиз Тошкентнинг "Локомотив" клубини қабул қилиб олдингиз. Ўзбек клуби билан ҳамкорлигингиз қай тариқа амалга ошди?
— Тошкентнинг "Локомотив" клубидан таклиф тушганидан кейин, бу таклиф устида узоқ ўйладим. Боиси, бу жамоа Биринчи лига ғолиби бўлиб, Олий лигага энди чиққанди. Янги жамоа шакллантиришимга тўғри келди. Вақт эса кам эди. Лекин мен шундай футболчиларни танлаб олдимки, уларнинг ёрдамида яхши натижаларга эришдик. Амалга оширган ишларимиз тўғри бўлиб чиққанини вақт кўрсатди ва биз мусобақа жадвалида 3-ўринни эгалладик.

— "Локомотив"нинг йиғинларидан бирида сизнинг Диего Марадона билан тушган суратингиз бир зумда интернетга тарқалиб кетди...
— Жамоаларимиз қўшни майдонларда шуғулланишаётган эди. У билан учрашдим. Учрашув давомида у билан таржимон ёрдамида гаплашдим, боиси, ўзим инглиз тилини яхши билмайман. У бир пайтлар СССР-Аргентина ўйини пайтида кўришганимизни эслади. Марадона Аргентина терма жамоасида ўйнаётган пайтда бу жамоа билан 2-3 марта ўйнаганмиз. Бу ўйинларни жуда яхши эслаймиз. Марадона билан дўст эмасмиз, шунчаки ўша учрашувларини эсладик. Мен Аргентина дарвозасига 2та гол ургандим.

— "Локомотив"дан нима учун кетдингиз?
— Клуб билан шартнома бир йилга тузилганди ва унинг муддати якунланиши билан кетишга қарор қилдим. Клубда етарлича ишладим, "Локомотив" бронза медали совриндори бўлди. Менга бошқа жамоалардан таклифлар бор эди, аммо у ерларда ишлаш қийин бўларди.

— Ўғлингиз Жора ҳам "Локомотив"да ўйнаганди ва у ҳозир "Пахтакор"да фаолият олиб бормоқда. Бу клубга у қандай қилиб ўтди?
— "Локомотив" ҳам, "Пахтакор" ҳам Тошкент жамоалари ҳисобланади. Табиийки, бу икки жамоа ўртасида алоқалар бор ва улар бир-бирларининг ўйинчиларини яхши билишади. Мен "Локомотив"дан кетишим маълум бўлганидан кейин унга "Пахтакор"дан таклиф тушди. "Локомотив" бошида унинг кетишига қаршилик қилди, лекин охир-оқибат у "Пахтакор"га ўтди. "Пахтакор" — ўзбек футболининг бренди, худди биздаги "Арарат" каби.

— Ўз вақтида "Пахтакор"да ўйнагансиз. Ҳозир ҳам жамоада сиз ўйнаган пайтдаги таниш одамлар ишлашадими?
— Ҳа, ўзбек футболида ўйнаб юрган пайтимда таниган кўп одамлар ҳозир "Пахтакор" ва Ўзбекистон футбол федерациясида ишлашади.

— Жора яқинда "Пахтакор" сафида Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида доирасида ўзининг илк расмий ўйинини ўтказди.
— У ўйиннинг 75-дақиқасида жароҳат туфайли алмаширилди. Мен жамоа шифокори билан гаплашдим ва унинг жароҳати жиддий эмас.

— Жора Оганесян узоқ вақт давомида ўзига жамоа топа олмади ва барқарор ўйин кўрсатмади. Бунинг сабаби нимада?
— У Арманистондан кетгандан кейин "Олимпиакос" билан 5 йиллик шартнома имзолади. Бу вақт давомида Жора бошқа жамоада фақат "Олимпиакос"нинг розилиги билан тўп суриши мумкин эди. Шундан сўнг у Россиянинг "Сатурн" клубига ўтди, аммо орадан бироз вақт ўтиб клуб молиявий муаммолар туфайли тарқалиб кетди. Бу вақтда трансфер муддати ўтиб кетганди ва бир неча ой давомида янги клуб қидириш билан банд бўлдик. Шундан сўнг мен куни "Локомотив"га таклиф қилдим. У доимий равишда ўйин амалиётига эга бўлди ва ҳеч қандай муаммога дуч келмади.

— Арманистон терма жамоаси бош мураббийи Вардан Минасян ўзининг интервьюларидан бирида Жора Оганесян терма жамоа мураббийларининг эътиборида эканини ва у термага чақирилиши мумкинлигини таъкидлаб ўтганди. Терма жамоада ўйнаш Жора учун рағбат вазифасини бажарадими?
— Агар мураббийлар уни терма жамоага ёрдами тегади деб ҳисоблашса, у термада ўйнайди. Бу мураббийларнинг қарорига боғлиқ. Жорик Арманистон терма жамоасида ўйнашдан ҳеч қачон бош тортмаган.

— Ўзбек футболига қайтамиз. Арман ва ўзбек футболидаги ўхшашликларни айта оласизми?
— Мен бир неча йиллардан бери арман футболидан ташқарида юрибман, шунинг учун ўхшашликни топиш қийин. Таъкидлаш лозим, ўзбек футболида ўсиш юқори. Бу спортга берилаётган эътибор билан боғлиқ. Шубҳасиз, Ўзбекистон 2014 йили Бразилияда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади. Ўзбек клублари яхши шаклланган. Улар ҳар йили мавсум олдидан тасдиқланадиган катта бюджетга эга.

— Қандай сумма ҳақида гап кетяпти?
— Тахминан, 8-10 миллион доллар. Кўп жамоалар шундай бюджетга эга. Кўп жамоаларни акциядорлар бошқаришади. Менимча, бу тўғри йўл, боиси, клуб фақат битта жамоага боғлиқ бўлиб қолмайди. Масалан, бизда клублар асосан битта шахс томонидан молиялаштирилади ва унинг ишлари юришмай қолса, клуб ҳам ёпилишига тўғри келади... Клуб фақат битта инсонга боғлиқ бўлиши керак эмас. Албатта, дунёда фақат бир киши эгалик қиладиган клублар кўп, масалан, "Челси". Лекин Абрамович жамоани таъминлай олмай қолса, жамоани сотиб олишни истайдиганлар кўплаб топилади, Арманистонда эса буни тасаввур қилиш қийин.

— Арманистон терма жамоаси олдига ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Сизнингча, бу вазифани уддаласа бўладими?
— Ҳар қандай мусобақадан олдин мақсад белгилаб олинади ва мавсум давомида унга эришишга ҳаракат қилинади. Мақсадлар шунчаки қўйилмайди. Агар шунақа вазифа қўйилган экан, демак, буни уддаласа бўлади. Эсимда бор, терма жамоа олдига шундай вазифа қўйиларди ва ҳеч нарсага эриша олмасдик. Умид қиламиз, бу сафар яхшироқ натижага эришамиз. Саралаш баҳслари бошланган пайтда мен Арманистонда эмасдим. Шунинг учун ўтказилган ўйинлар ҳақида ҳеч нарса дея олмайман.

— 1996-98-йилларда эса Арманистон терма жамоасини бошқаргансиз. Кўпчилик мутахассисларнинг таъкидлашича, 90-йилларда бизда жанговар жамоа бўлган, аммо бир қатор сунъий муаммолар туфайли саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок эта олмаганмиз. Мазкур фикрга қўшиласизми?
— Ўша йилларда кўплаб муаммолар бор эди, масалан, мамлакат урушдан кейин энди ўзига келаётганди. Биз терма жамоани маълум савияда ушлаб туриш учун қўлимиздан келган барча ишни қилишга ҳаракат қилганмиз. У пайтда ватанпарварлик руҳияти юқори эди ва биз асосан иштиёқ эвазига ишлаганмиз. Боиси, футболда пул йўқ эди. Биз шунчаки футболга содиқ инсонлар эдик. Терма жамоамиз кучли эди, буни бемалол таъкидлай оламан. Йигитлар яхши ўйнашарди. 90-йилларда ҳеч ким терма жамоада пул учун ўйнамаган.

— 90-йилларда терма жамоа яхши натижага эришиши учун нима халал берган?
— Психология билан боғлиқ муаммо бор эди. Кўпчилик Германия ва Португалия каби жамоалар билан ўйинларда ижобий натижага эришишимиз мумкинлигига ишонмаган. Такрорлайман, ўша пайтда терма жамоамизда ҳеч ким пул учун ўйнамаган. Ягона мақсадимиз — терма жамоа шаънини юқори тутиш эди. 90-йилларда яхши савиядаги футболчилар бор эди: Артур Петросян, Арутюн Варданян, Вардан Хачатрян, Саркис Овсепян, Альберт Саркисян, Гамлет Мхитарян… Улар маҳорат жиҳатидан камида Арманистон терма жамоасининг ҳозирги футболчиларидан қолишмасдилар. Ҳозирги терма жамоа эса ўзининг натижалари орқали уларни қадрлаш кераклигини исботлашмоқда.

— ЖЧ-1998 учун саралаш баҳсида Арманистон терма жамоаси Киевда Украина билан дуранг ўйнаган ҳолда, сенсация соҳибига айланганди. Ўша ўйин нимаси билан ёдингизда қолган?
— Иттифоқ тарқалиб кетгунигача Киевдаги ўйинларда қийналардик. 1997 йилдаги ўйин олдидан Украина ЖЧга чиқиш учун яхши имкониятга эга эди. Биз эса фақат шаънимиз учун курашгандик. Ўйиндан олдин бизга улкан босим ўтказилганди. Кўпчилик бу ўйинда Украина осонлик билан ғалаба қозонишини ва 3 очкони қўлга киритишини айтганди. Лекин бизга нисбатан бундай муносабатда бўлиш керакмаслигини исботладик. Саралаш босқичи бошланишидан олдин 1 ёки 2-ўрин курашишга ҳаракат қилиш кулгили эканини, лекин кучли жамоа эканимизни исботлашимиз кераклигини, ҳар қандай ўйинда очко олишимиз мумкинлигини айтдим. Олтита жамоа ўрин олган гуруҳда 4-ўринни олгандик. Кейинчалик ҳам Арманистон ўзини Европанинг кучсиз жамоалари билан бир қаторга қўйиш керакмаслигини бир неча марта исботлади.

— Мураббий сифатидаги илк расмий ўйинингизда дарвозани Роман Березовскийга ишониб топширгандингиз. Унга ишонч билдиришингизга нима мажбур қилган?
— Мен терма жамоани қабул қилиб олганимда, дарвозабонликка 4та номзод бор эди. Березовский тўртинчи дарвозабон ҳисобланарди, аммо мен ундаги келажакни кўра олдим. Уни Португалияга қарши ўйинда дарвозага қўйишга қарор қилдим. Мен куни кўпроқ нарсаларга қодир деб ҳисоблагандим.

— Яна 90-йиллар ҳақида гаплашамиз. Арманистоннинг ҳозирги инфратузилмасини солиштирадиган бўлсак, вазият анча яхшиланганини кўришимиз мумкин. Янги майдонлар, спорт мактаблари барпо этилди, стадионлар реконструкция қилинмоқда. Аммо, шунга қарамай, клублар футболи борасида ҳамон натижа йўқ.
— 2006 йили Жорик Афинанинг "Олимпиакос" клубига ўтганидан кейин мен Арманистонни тарк этиб, Грецияда шартнома асосида ишладим. Агар Греция, Ўзбекистон ва Арманистон инфратузилмасини солиштирадиган бўлсак, биз анча ортда қоляпмиз. Клубларимизга тўхталадиган бўлсам, улар ишга жиддий ёндашишлари лозим. "Бананц"да яхши шароитлар яратилганини кўряпман, аммо жамоа бир неча йилдан бери яхши натижага эриша олмаяпти. "Мика"да ҳам шароит, аммо бу клубда ҳам натижа йўқ. Ҳозирги кунда "Ширак" инфратузималсини яхшиламоқда, кўрамиз Гюмрида вазият қай томонга ўзгарар экан. Айтиб ўтганимдек, клублар фақат битта одамга боғланиб қолиши керак эмас, жиддий ишларни амалга ошириш керак.

Келинг, арманистонлик футболчилар аввал қанча маош олишгану, ҳозир қанча олишаётганига қараймиз. Ўзбекистон чемпионатида ўйнаётган футболчи бир йилда ўзига яхши уй ва машина сотиб олиши мумкин. Арманистонда футболчилар шунча даромад топишлари мумкинми?

— Бир йилда, албатта, йўқ.
— Биринчи навбатда футболчиларни ўйлаш лозим. Футболчи машғулот келганида оилавий муаммоларни ўйламаслиги учун аввало уни таъминлаб қўйиш керак. Муаммолардан яна бири - футболчи фаолиятини якунлагандан кейин нима билан шуғулланишни билмайди. У футболда қолиши керакми ёки барчасини яна нолдан бошлаши лозимми. Ўйинчилар фаолиятини якунлаганидан кейин нима билан машғул бўлаётгани, уларга қандай имкониятлар беилаётгани ҳақида ўйлаб кўриш керак...

— Бу борада вазият бошқачароқ. Масъул лавозимда ўтирганлар орасида собиқ футболчиларни топиш қийин.
— Бундай ҳолатда биз ривожланамизми?.. Арманистон футболида бир неча йилдан бери ишламаётганим учун бу ерда қандай сиёсат олиб борилаётганини билмайман, бу борадаги саволларга менда жавоб йўқ.

— Ҳозир нима билан бандсиз? Футболда қоласизми?
— Еревенга энди келдим. Ҳозирча дам лояпман. Бироз вақт ўтганидан кейин нима иш қилишим маълум бўлади. Ҳозирча эса ҳеч нарса дея олмайман.

Манба: Armsport.am
Киритилди: 15:24, 02.03.2013.
Ўқилди: 9541 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.