Россия ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Москвадаги теракт туфайли бекор қилинди. Учрашув "ВТБ Арена"да 25 март куни Тошкент вақти билан соат 22.00 да бўлиб ўтиши керак эди.
“Красногорскда юз берган теракт муносабати билан Россия футбол иттифоқи ва Парагвай футбол ассоциацияси Россия ва Парагвай терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини бекор қилишга қарор қилишди”, — дейилади Россия терма жамоасининг Телеграм-каналида.
Томонлар ўйин бошқа вақтда ўтказилиши мумкинлиги ҳақида келишиб олдилар.
Қайд этилишича, ўйинга чипта сотиб олган мухлислар пулни тўлиқ қайтариб олишлари мумкин бўлади.
22 март, жума куни номаълум шахслар Красногорскдаги Крокус Cити Холл биносида отишма бошлади. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, теракт оқибатида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, қурбонлар сони ортиши мумкин.