ФИФА Футзал Жаҳон чемпионатининг қуръа ташлаш маросими Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтади.
Биласиз, 2024 йил юртимиз нуфузли турнир ФИФА Футзал Жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мусобақадан олдин эса яна бир муҳим воқеа - турнирга қуръа ташлаш маросими ўтказилади. Маросим юртимизнинг энг гўзал масканларидан бири, кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтиши белгиланган.
26 май куни Регистонда ўтказиладиган маросимни дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати томоша қилиш имкониятига эга бўлади. Гўзал Самарқанддаги қуръа ташлаш маросими юртимизнинг спорт орқали ўзини яна бир бор намоён этишига хизмат қилади.
Бугун ФИФА Президентининг футзал бўйича ёрдамчиси, ФИФА мусобақалар ўтказиш бўлими бошлиғи Хайме Ярза бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Делегацияга Спорт вазири Адҳам Икрамов ва ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов ҳамроҳлик қилмоқда. Делегатсия аъзоларини Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олди.
Тадбир иштирокчилари Регистон майдонида қуръа ташлаш маросимини ташкил этишга доир режалар билан танишди.