26 март куни Ўзбекистон — Ливан учрашуви Тошкентдаги янги «Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Шу кунларда стадионга кунора боришга тўғри келаяпти.
Бориш-келишлар натижасида ўйин куни ОАВ оқими ҳаракатланадиган ҳудудлар аниқланди.
Стадионда ОАВ учун 5 та ҳудуд (зона) бор.
Матбуот маркази (кириш фақат аккредитация карточкаси орқали) Медиа трибуна (кириш фақат аккредитация+чипта орқали) *Фотожурналист ва **видеооператорлар ҳудуди (кириш жилетлар орқали, жилетлар матбуот марказида берилади) Матбуот анжумани хонаси (кириш аккредитация+рухсатнома орқали) Микст зона (кириш аккредитация орқали) Фотожурналистлар икки тоифага бўлинадилар: оддий (сариқ жилет) ва расмий (яшил жилет) Видеоператорлар икки тоифага бўлинадилар: трансляция ҳуқуқи эгалари (тўқ жигарранг жилет) ва трансляция ҳуқуқига эга бўлмаганлар)26 март куни стадионга ОАВ вакиллари аккредитация карточкаси билан кирадилар. Ушбу карточка стадионнинг (матбуот анжумани хонасидан ташқари) ОАВ вакиллари ажратилган ҳудудида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Аккредитация карточкаси ОАВ вакилига ўйинни медиа трибуна ёки ишқибозлар секторида ўтириб томоша қилиш ҳуқуқини бермайди. Трибунада ўтириш учун (50 та жойга) алоҳида чипта берилади.
Худди шундай тартиб матбуот анжумани ўтказиладиган ҳудудга ҳам тааллуқлидир. Матбуот анжуманига кириш учун аккредитациядан ташқари унга илова рухсатнома тарзида бериладиган кичик карточка билан амалга оширилади.
ЎФФ Матбуот хизмати аккредитациядан ўтган ОАВга 26 март куни стадионга метро орқали келишни тавсия қилади. Метронинг «Чилонзор» йўлидаги «Мирзо Улуғбек» бекатидан чиқилади ва станция ёнгинасидаги дарвозадан ичкарига кирилади.
Дарвозадан кириш билан ўнгроққа қараб юрилади. Яъни, юқоридаги расм олинган нуқта томон. Худди шу ерда 2 та хонадан иборат матбуот маркази жойлашган. Ишлаш учун шароитлар ўртасидаги фарқ тезда кўзга ташланади. Матбуот анжумани ўтказиладиган хона ҳам ёнма-ён. Узун даҳлизга чиқилади ва шу ернинг ўзидан матбуот анжуманига кирилади. Матбуот анжуманига чиқиш эшиги ўйин тугаганидан кейингина очилади. Кириш юқорида айтиб ўтилганидек рухсатнома асосида бўлади.
Матбуот марказидан чиқилиб ўнгга юрилса 5F секторига олиб чиқадиган зина бор (юқоридаги расм олинган жой). Фотожурналист ва видеоператорлар зинадан эмас, сал нарироқ юриб «А» жамоа скамейкасига яқинроқ бурчак тўпи тепиладиган нуқтанинг ёнига олиб борадиган дарвозадан киришади. Реклама тахталари орқасидан юрилади. Қарама қарши дарвоза қаршисига ҳам бир йўл билан майдонни айланиб ўтиб борилади.
Медиа трибунага эса аккредитация ва чипталар билан зинадан 5F сектори орқали борилади. Журналистлар ҳам деярли стадионнинг ғарбий томонидаги бурчакдан киришади. Медиа трибуна ўнг томонда, энг юқорида жойлашган.
Медиа трибуна стадионнинг энг марказий ва энг баланд нуқтасида жойлашган. Менга Нагойядаги «Тойота» стадионини ёдимга солиб юборди. 2012 йил биз японларни ютган стадионда ҳам медиа трибуна энг юқори қаватда эди.
Медиа трибунанинг ўзида радио ва телешарҳловчилар учун хоналар ҳам бор. Майдон бемалол кўринади. Бу ерда ўйинни шарҳлаш учун чипта керак эмас. «HB» категориясидаги аккредитация хонага кириш ҳуқуқини беради.
Ўйин тугагач юрилган йўл орқали ортга қайтилади. Матбуот марказида рухсатномани кўрсатиш орқали матбуот анжумани хонасига ўтилади. ОАВ ходими бир вақтнинг ўзида ҳам матбуот анжуманида ҳамда микст-зонада ишлай олмайди. Иккисидан бирини танлашга тўғри келади.