U21 чемпионатининг 5-туридан ўрин олган "Бунёдкор U21" — "Динамо U21" учрашуви мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етганди. Бироқ ўйин комиссарининг билдиргисидан келиб чиқиб, "Бунёдкор U21" техник мағлубиятга лойиқ кўрилди.
"Суперлига ва Пролига регламенти"нинг 14.5-бандига кўра, U21 жамоаси учрашув қайдномасига 2001 йил ва ундан аввал туғилган фақатгина икки нафар футболчини кирита олади. 2001 йилда туғилган дарвозабонгина лимитдан ташқари қайдномага киришга ҳақли ҳисобланади. "Динамо U21" жамоасига қарши беллашувда "Бунёдкор U21" мазкур талабга зид иш кўрган. Шу куни учрашув қайдномасидан 1997 йилда туғилган Марин Любич, 1995 ҳамда 1997 йилда туғилган Нажмиддин Нормуродов ва Момcило Расо каби футболчилар жой олган.
Мазкур ҳолатлар инобатга олиниб, "Бунёдкор U21" жамоасига 0:3 ҳисобида техник мағлубият ёзилди. Ҳар икки клубнинг бу борадаги келишув учун ҳаракати Лига томонидан инобатга олинмади. Регламент талаби барча учун бир ҳисобланади.
Шунингдек, Лига учрашув комиссарининг эътиборсизлиги масаласини ҳам кўриб чиқди. Комиссар мазкур беллашув учун ёзилиши керак бўлган гонорардан маҳрум этилди ва жиддий равишда огоҳлантирилди. Мазкур масала Лига билан ҳамкорлик қилаётган қолган комиссарлар ва ҳакамлар учун намуна сифатида кўрсатилади.