Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Англия футболидаги қора кун. 96 нафар “Ливерпуль” мухлисининг ўлимига сабаб бўлган “Ҳиллсборо фожиаси” ҳақида

Баҳо:
+ | -

15 апрель куни “Ҳиллсборо воқеаси”га 35 йил бўлди.

Буюк Британияни ўзгартирган кун

1989 йилнинг 15 апрель куни Шеффилдда Англия Кубоги ярим финалидан ўрин олган “Ливерпуль” — “Ноттингҳем Форест” учрашуви бўлиб ўтади. Учрашув аввалига турникетлар ёнида, кейинчалик трибунада юзага келган тиқилинч сабаб 6-дақиқадаёқ тўхтатилади.

Учрашув 15:00 да бошланади, ташкилотчилар ўйин вақтини бир оз кечиктиришни сўраганларга рад жавобини беради. Мухлислар йўллардаги таъмирлаш ишлари сабаб ўйинга эртароқ кела олмайди. 14:52 да полиция кириш учун эмас, балки чиқиш учун мўлжалланган катта дарвозани очади. Полиция нозири Девид Дакенфилд оломонга “Барчада чипта борми? Қўлни кўтариб кўрсатинг”, деб мурожаат қилади ва чипталар текширувисиз киритишга рухсат беради.

Дарвозанинг очилиши ва марказий киришнинг ёпилмаслиги сабаб ғарбий трибунада мухлислар тақсимоти бузиб юборилади. Бу ҳалокатнинг асосий сабаби бўлди: 5 мингга яқин мухлис аллақачон тўлиб бўлган секторлар сари борарди.

Сектордаги мухлислар уч томондан темир панжаралар қуршовида қолган бўлса, тўртинчи тарафдан одамлар оқими тўхтамасди. Ўйин давом этар, трибунада эса одамлар нафас ололмай ҳалок бўларди. Учрашувнинг 6-дақиқасига келиб вазият жиддийлашгач учрашув тўхтатилади.

Ҳаммаси шу билан тугамайди. “Ҳиллсборо” стадиони ташқарисида кўплаб мухлислар қолган, уларнинг ҳеч бири ичкарида нималар юз бераётганини билмас ва ўзининг агрессив ҳаракатлари билан вазиятни оғирлаштирарди. Стадионнинг қанот трибуналарида жой етарлича топиларди, бироқ барча ўйинни яхшироқ ракурсдан кўриш учун марказга интиларди. Чиптасиз мухлислар эвазига одам янада кўпайди ва эртароқ келганлар “қопқон” ичида қолди.

Вазиятни стадион хизматчилари назорат остига олиши керак эди. Воқеадан сўнг хизматчилар сармаст ишқибозлар уларнинг гапига кирмаган ҳолда ўзи билганича иш тутганини маълум қилди. Мухлислар эса аксинча, ҳеч кимни кўрмаганликлари ва ўзлари учун қулай жойга боришга интилганини айтди.

Ўйин тўхтаганидан сўнг нима бўлаётганини тушуниб етмаган полиция иккинчи хатога йўл қўяди. Полиция мухлисларнинг панжарага тирмашишини майдонга чиқишга бўлган уриниш дея баҳолаб, таёқлар билан урган ҳолда уларни ортга ҳайдарди. Сал ўтиб яқинроқдаги полициячилар вазиятни англаб етади ва жабр кўрганларга ёрдам кўрсатишни бошлайди. Бироқ бир неча юз метр нарида турган офицерлар учинчи хато буйруқни беради: ҳамма панжарадан нари турсин, ҳимояга ўтилсин ва ҳеч ким ўтказилмасин. Уларнинг наздида “Ливерпуль” мухлислари майдонга тушиб келган ҳолда нариги томондаги “Ноттингҳем” ишқибозлари билан муштлашиш ниятидадек туюларди.

Шундоқ ҳам вазият оғир бўлиб турган вақтда тиббиёт ходимлари ва замбилларнинг етишмаслиги вазиятни бадтар чигаллаштирди. Яқинларига ёрдам бериш ниятидаги мухлислар реклама баннерларини синдирар ва шеригини майдон марказига олиб боришга ҳаракат қиларди, қатор тизилиб олган полиция эса буйруққа бўйсунган ҳолда уларни дўппослашда давом этарди.

94 мухлис воқеа жойида ҳалок бўлди: уларнинг энг кичиги бор йўғи ўн ёшда эди. Яна 766 нафар одам тан жароҳати олади, уларнинг уч юзга яқини шифохонага тушади. Тўрт кундан кейин қурбонлар сони яна биттага ошади, 1993 йилнинг март ойида эса “Ҳиллсборо” ўзининг сўнгги қурбонини олиб кетади: салкам тўрт йил комада ётган Тони Бленд вафот этади.

Кейинчалик Англия ҳукумати клубларга туриб томоша қилинадиган секторлардан воз кечиш, аренага ўриндиқлар ўрнатиш ва шунга яраша чипталар чиқаришни мажбурий қилиб қўйди. Трибуналарни ажратиб турувчи темир панжаралар эса олиб ташланди.

Фожиадан тўрт кун ўтиб The Sun нашри Тҳе Truth (“Ҳақиқат”) номли репортаж тайёрлади. Унда барчасига айбдор сифатида “Ливерпуль” мухлислари кўрсатилди: мерсисайдликлар тўла секторларга ёпирилгани, полиция ва ўт ўчириш ходимларига қарата тупургани, жабрланганларнинг кармонини ўмаргани ва тиббий ёрдам кўрсатишга халал бергани айтилади.

Шундан сўнг мухлислар нашрга бойкот эълон қилди: газетани матбуот дўконларига олиб келмай қўйишди, одамлар унинг номини тилга олмай қўйди, “Ливерпуль” эса нашр журналистларига матбуот анжумани ва уй стадионига киришни тақиқлаб қўйди.

1990 йилда фожиа расман бахтсиз ҳодиса деб эълон қилинган. 2012 йилда Лондон суди буни бекор қилган ҳолда янги тергов бошлади. 2016 йилнинг 26 апрелида 96 мухлиснинг ўлими қотиллик деб тан олинди.

Манба: daryo.uz
Киритилди: 23:48, 15.04.2024.
Ўқилди: 3108 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.