Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мураббийлар: Машҳур сулола давомчиси

Баҳо:
+ | -

Хёнесс фамилияси Германиядаги таниқли шарифлардан бири, Себастьян Хёнесс эса мураббий сифатида топ-мутахассислар даврасидаги янги ном.

Бироқ саноқли ойлар ичида унинг довруғи мамлакат сарҳадларидан четга чиқишига шубҳа йўқ. Чунки навқирон мураббий раҳбарлигида камтарин «Штутгарт» Бундеслигада совриндор учликда бормоқда, очколар бўйича «Бавария» билан тенглашиб олди ва Европа футбол жамоатчилиги эътиборини қозонди.

Самарали фаолияти туфайли Себастьян ўтган ойда клуб билан янги шартномага имзо чекди, ҳанузгача бўш қолаётган «Бавария»нинг бош мураббийи лавозимига номзодлари қаторидан жой олди. Хуллас, у қачондир қадрдон шаҳри ва 30 йил амакиси Ули Хённессдан сабоқ олган клубига қайтиши ҳам ҳеч гапмас.

41 ёшли мураббийнинг футболчилик фаолияти амакиси Ули ёки кейинчалик узоқ вақт «Герта» ва «Вольфсбург»да турли лавозимларда ишлаган отаси Дитернинг «Бавария»даги фаолияти каби муваффақиятли бўлмади. Бунинг ўрнига кичик Хённесс 27 ёшида яшил майдонни тарк этди ва асосий эътиборини мураббийлик илмига жалб этди.

Янги соҳадаги илк қадамларини Берлиннинг «Герта Целендорф» клубида бошлаган Себастьян кейин «РБ Лейпциг» ёшлар академиясида ишлади ва шундан кейин «Бавария» тизимига йўл олди.

Кенжа Хённесснинг «Бавария» захира жамоасидаги даври омадли бўлди. Унинг жамоаси Германия чемпионатининг 3-дивизионида ғолибликни нишонлаб, шу пайтгача бирон-бир захира жамоа такрорлай олмаган натижани қайд этди. Бироқ қоидага биноан, захира жамоалари 2-Бундеслигага кўтарила олмайдилар. Мураббийлик даврида Себастьян биринчи навбатда ёш иқтидорларни «Бавария»нинг асосий таркибига тайёрлашга эътибор қаратди. Унинг шогирдлари эса нисбатан тажрибалироқ рақибларига қарши муносиб тўп суриш билан мураббий ишончини оқладилар.

«Мувозанат жуда муҳим. Ахир биз футбол ҳақида гапиряпмиз. Эмоция унинг бир қисми. Лекин унинг яна бир қисми - керакли пайтда вазиятга тўғри баҳо бериш, ҳис-туйғуларга берилмасдан, тўғри қарорга келиш», - деганди Себастьян ўша дамларда. Кенжа Хённесс машҳур амакиси каби «даҳанаки жанг»­дан кечмайдиган, дилидагини тилига чиқарадиган дангалчи эмас. У ўзини хотиржам тутган ҳолда ўз ишлари ва шогирдларининг қобилиятини таҳлил қилади, йўл қўйилган камчиликлардан фориғ бўлиш тадорикини кўради. Лекин унинг вазмин феъл-атворида яширин аланга ҳам йўқ эмас. Немис ОАВ Себастьянни «Ўзгача Хённесс» сифатида эътироф этишади.

Хённесслар оиласининг барча аъзоларида буюкликка мойиллик бор. Улар Бундеслигада шунчаки, иштирок этишни эмас, уни бошқаришни истайдилар. Себастьяннинг элитадаги мураббийлик деб­юти унинг учинчи лигадаги ижобий натижасидан илҳомланган «Хоффенхайм»да бўлди. Томонлар учун бу анчайин қалтис қадам бўлсада, якунда мураббий ҳозир ҳам унга шундай имкониятни берган иззатталаб жамоадан миннатдор эканлигини Себастьян ҳозир ҳам такрорлашдан чарчамайди.

2022 йилда «Хоффен-хайм»­ни тарк этган мутахассис 10 ойлик танаффусдан кейин «Штутгарт»да янги саҳифани очди. Очиғи, у жадвалнинг қуйи қисмидаги жамоани қабул қилган бўлсада, вазиятни ижобий томонга ўзгартира олди. Боз устига, «Штутгарт» уч марта Бундеслигада ғолиб чиққан жамоа. Лекин ҳозир жамоанинг аввалги молиявий қудрати йўқ, қайсидир маънода у немислар «Брайтон»ига айланиб қолган. Бу қиёслаш бежиз эмас.

Кенжа Хённесснинг эътирофича, у «чайкалар» устози Роберто Де Зербининг ўйин фалсафаси ва тактик ғояларидан илҳом олади, касбдоши билан учрашган пайтлари ҳам бўлган.

Дарҳақиқат, «Штутгарт»нинг ҳимоя чизиғидаги ҳаракатлари, рақиблар хатосидан фойдаланишга уринишлари билан «Брайтон»нинг услубида ўхшашликлар кўп. Жамоа юқори прессинг ёрдамида рақибини жарима майдончасига қисиб қўйишга интилади, бунинг учун ярим ҳимоячилар ва марказий ҳимоячиларни ҳам жалб этади.

Тўғри, Бундеслигадаги бош­қа жамоалар каби «Штутгарт» ҳам ҳимоявий услубни қўллаб, тезкор қарши ҳужумлардан фойдаланиши ҳам мумкин эди. Бироқ бу услубнинг салбий жиҳатлари «Хайденхайм»га қарши беллашувда яққол намоён бўлган ва 0:2 ҳисобида ортда қолаётган рақибнинг 3:2 ҳисобидаги ажойиб камбэки исботлаганди. Лекин Себастьяннинг ҳужумкор футболи туфайли жамоа мувозанатни тиклаб, мағлубиятдан қутулиб қолди.

Хённесс бир йил аввал «Штутгарт» бошқарувини ўз зиммасига олганди. Унинг фаолиятига ижобий баҳо бериш ўринли бўлади. Айниқса, жамоанинг ҳозирги молиявий ҳолатини инобатга олганда. «Штутгарт» ёзги трансфер дарчасида Костантинос Мавропанос ва Ватару Эндони қўйиб юборишга мажбур бўлди. Бошқа томондан, Хённесс спорт директори Фабиан Вольгемут ва клуб бошқаруви раиси Александр Верле билан ҳамкорликда янги ўйинчилар, биринчи навбатда, ҳужумчи Дениз Ундавани, шунингдек, чап қанот фулбеки Максимилиан Миттельштадт ва ярим ҳимоячи Анжело Стиллерни таркибга жалб этди.

Қизиғи шундаки, Миттельштадт ҳам худди жамоанинг энг яхши тўпурари Сиру Гирасси каби ўз фаолиятининг айрим босқичларида омадсиз футболчилар сафида бўлган. Берлинлик футболчи жонажон шаҳрининг «Герта» жамоасидаги 9 йиллик даврида ўз салоҳиятини тўлиқ намо­йиш эта олмаганди. Штутгартдаги 9 ойлик иштирокидан кейин Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманндан чорлов олди ва бўлажак Евро-24 турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди. Гирасси эса Бундеслига доирасидаги 23 учрашувда 25та гол урди. Ҳозир у АПЛ грандлари нишонида.

«Штутгарт» билан амалдаги шартномаси муддатини 2027 йилгача узайтираётган паллада, кейин мавсум анча­йин мураккаб бўлишини Себастьян аввалдан ҳис этган бўлса, ажабмас. Сабаби, унинг зиммасига юкланадиган вазифалар кўпайди, шогирдлари эса трансфер бозорида харидоргир футболчилар қаторидан жой олишди. Шу нуқтаи-назардан олганда, Хённесс «Байер» бош мураббийи Хаби Алонсо билан бир қайиқда кетаётгандек, гўё. Чунки айнан шу жуфтлик янги мавсумда ишлари режадагидек кетмаслигидан хавотирланиб, манфаатли таклифларни рад этди.

Бироқ бу юксак талаблар Хённесс ва унинг иззатталаб жамоасига қандай таъсир кўрсатиши ҳозирча, маълум эмас. Ўзининг интилувчанлиги билан Себастьян ўз вазифасини беками,кўст адо этишда давом этган ҳолда, клуб мутасаддиларидан жамоанинг рақобатбардошлигини сақлаб қолиш учун уни ва Вольгемутни молиявий қўллаб-қувватлашни талаб этиши аниқ.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 07:33, 23.04.2024.
Ўқилди: 1008 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.