Ҳозирги вазиятдан хулоса чиқарадиган бўлсак, «Санкт-Паули» клуби Бундеслига йўлланмасига тобора яқинлашмоқда.
Иккинчи Бундеслига турнир жадвалининг 2-поғонасидаги жамоа элитага йўл бермайдиган 4-ўриндаги «Гамбург»дан 8 очкога узоқлашиб олган. Эслатиб ўтамиз, мавсумни дастлабки икки ўринда якунлаган совриндорлар жуфтлиги тўғридан-тўғри элита жамоалари сафидан жой олади. 3-ўрин билан кифояланган жамоа эса ўтиш тўқнашувида Бундеслиганинг 16-жамоаси билан куч синашади. Холисона баҳо берадиган бўлсак, якуний 5та тур беллашувларида «Санкт-Паули» шунчалик йирик устунликни бой бериб қўймайди.
Мазкур ўзига хос жамоа аввало ўзининг ашаддий мухлислари билан донг таратган. 1980 йилда Гамбург шаҳри раҳбарлари талаба ёшларни Санкт-Паули туманига жойлаштиришга қарор қилганди. Шундан кейин стадион трибуналари шунчаки, фидойи мухлислар эмас, балки доно фалсафа асосида қўллаб-қувватлайдиган фанатлар билан тўла бошлади. Туман уммон соҳилидаги доклар ёнида жойлашгани сабабли, у ердаги муҳит ҳам тамоман ўзгача эди. Қолаверса, тунги ҳаёт қайнайдиган маҳаллий қизил фонуслар кўчаси ҳам аренанинг қўшниси эди. Дунёга машҳур бўлган «Битлз» гуруҳининг афсонавий созандалари Ливерпулдан кейин айнан шу ерда истиқомат қилишган.
Пол Маккартнининг эътирофига кўра, кечқурун маҳаллий клубларда фақат стриптизчи раққосалар ва фоҳишалар қолишарди. Мусиқачилар ўзлари учун стимуляторларни айнан Санкт-Паулида топишганини тан олганди. Ҳозир Гамбургда бу гуруҳни стриптиз-бар ёнида жойлашган «Битлз майдони»даги ёдгорлик эслатиб туради. «Санкт-Паули» мухлислари ўртасида эса, ўша 1980-йиллардан бошлаб тарқалган сўл ва антифашист кайфиятидаги фанатлар ҳам йўқ эмас.
Клубнинг ўзи расизм, сексизим ва бошқа иллатларга қарши курашади. «Ультра» кайфиятидаги мухлисларга стадионга кириш тақиқланган. Аслини олганда, клубни фанатлар бошқарадилар. Улар клубнинг реакцион унсурларга қарши курашини қўллаб-қувватлаган ҳолда, маркетинг сиёсатидаги иллатларни йўқотишга уринадилар. Боз устига, бу ҳаракатлар аллақачон битта футбол клуби доирасидан чиқишга улгурган. «Санкт-Паули» - ўз таркибига кўплаб бошқа спорт турларини, нафақат бокс, регби ёки шахмат каби оммавий, балки кикер, киберспорт ва голбол каби замонавий ўйинларни ҳам бирлаштирган уюшма. Шунингдек, уюшма ижтимоий хайрия тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, бундан 10 йил муқаддам иш бошлаган «Санкт Депри» жамғармаси депрессиядан жабр кўраётган кишиларга моддий ёрдам кўрсатмоқда. Германия соғликни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, аҳолининг 20 фоизи шу хасталикдан азоб чекмоқда. Яқинда «Санкт-Паули» онкология маркази учун маблағ жамғарди.
1990-йилларда россиялик футболчилар - Юрий Савичев ва Николай Писаревлар тўп суришганди. Николайнинг айтишича, клуб офиси шаҳарнинг барлар ва ишратхоналар билан тўлиб тошган кўчасида жойлашган, унинг қўшниси - бордель. Учрашувлар арафасида жамоа стадионга бар орқали ўтади. У ерда чарм куртка кийиб олган 500 нафар сармаст немислар футболчиларни ўйинга тайёрлашади. Стадиондан қайтишда ҳам шу йўл орқали ўтилади. Омадсиз учрашувлардан кейин ўйинчилар тепки билан «сийланишлари» ҳеч гапмас. Писаревнинг айтишича, уни ҳеч ким тепган эмас, лекин бир марта сармаст аёл йўлини тўсиб, бўса олган экан.
2003 йилда мухлислар 1,95 млн. евро пул жамғариб, «Санкт-Паули»ни банкрот бўлишдан сақлаб қолишган. Маблағни улар турли усуллар билан - хайрия концертларидан, «Халоскор» ёзуви туширилган футболкалар савдосидан ва барларда сотилган пиводан тушган пуллар эвазига тўплагандилар. Ўшанда «Санкт-Паули»ни қўллаб-қувватлашга ажратилган пивонинг бир кружкаси 50 евроцентдан сотилганди.
«Санкт-Паули» мухлислари Германияда ўта ашаддий фанатлар мақомида шуҳрат қозонишган. Лоақал бирорта учрашув стадион трибуналари ва унинг атрофидаги тартибсизликларсиз ўтмаган бўлсада, ҳеч ким у ерга боришдан воз кечмайди. Аренанинг доимо 100 фоиз мухлислар билан тўлишининг ўзи ҳам камёб ҳодиса. Ҳар қайси уй учрашуви 29000дан кўпроқ ишқибозлар гувоҳлигида ўтади. Қарама-қарши тўқнашувлар жорий мавсумда ҳам бўлиб ўтди - «Гамбург»га қарши дерби беллашувида. Унда 32 киши жароҳат олди. Камёб пропорция: 15 нафар мухлис ва 17 нафар полиция хизматчиси.
Лекин бир полициячини «Санкт-Паули» фанатлар жуда ҳурмат қилишади, ҳатто севишади. Гап Фабиан Болл ҳақида бормоқда. У ўзининг профессионал футболдаги фаолиятини айнан шу жамоада ўтказган ва сардор мақомида тўп сурган. Унга бўлган ҳурмат юзасидан фанатлар ўзларнинг севимли аббревиатуралари - «АСАВ» («Барча ментлар - пасткашлар»)ни «АСАВАВ» («Барча ментлар - пасткашлар, Боллдан ташқари»)га ўзгартирдилар.
1982 йилда «Санкт-Паули» трибуналарида қароқчилар байроғи пайдо бўлганди. ҳозир қувноқ Рожер жамоа рамзига айланган. У мунтазам равишда трибуналар ва таблода кўриниш беради, сардорлик боғичи ва йога машқлари учун ажратилган гиламчадан ҳам жой олган. Майдонга олиб чиқадиган тоннелда ҳам қароқчилар байроғи бор. Деворда эса «Жаҳаннамга хуш келибсиз!» ёзуви битилган. Жамоалар эса майдонга «Жаҳаннам қўнғироқлари» оҳанги жўрлигида чиқадилар. «Санкт-Паули»нинг ҳар бир голидан кейин махсус қўшиқ янграйди. Учрашув тугагач, мухлислар уни қўшни барда жонли ижрода эшитишлари мумкин. Мана шу ғаройиб муҳит тез орада элитага қайтади. Бундан аввал «Санкт-Паули» 2010 йилда Бундеслигага йўл олганди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади