Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Икки ёқлама синов

Баҳо:
+9 | -

Эртага Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши майдонга тушсакда, Ливан билан ўйинни ҳақида ўйлаб, юракларимиз хаприқмоқда, назаримда.

БАА билан ўйин биз учун нима? Ёки нима учун керак? Унга қандай ёндашишимиз керак? Бу шундай ўйинки, у ўртоқлик ўйинидан юқори, аммо ҳаёт-мамот ўйини ҳам эмас. Унда нима қилмоқ лозим?

Шубҳасиз, бизнинг барча эътиборимиз Жаҳон чемпионатига қаратилган. Бу мақсадга эришимизга ҳам кўп вақт қолмади — 3 ой ичида 3та ўйин. Биринчи ўйин эса Ливанга қарши. Демак, ҳозирги нигоҳимиз Ливанга қаратилган. Ундан нариси бизга кўринаётгани йўқ, олдимизда турган БАА тўсиғи ҳам назаримизда хира тортган.

Овчилар каби ўз қуролимизни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионига тўғрилаяпмиз. Фақат бу ишни Абу-Дабидан туриб бажаряпмиз. “Снайпер”имизнинг дурбинини ва бошқа томонларини созлаймиз.

Қосимов, футболчиларнинг Ливанга қарши ўйинда энг юқори спорт формасида етиб келишига катта аҳамият беради. Дейлик, қайсидир футболчи кетма-кет ўйинларда иштирок этаётгани учун чарчоқ сезаётган бўлса, унга БАА билан ўйинда дам беради ёки камроқ ўйин амалиёти беради. Аксинча, ўз клубларида ўйин амалиётисиз қолиб кетаётган футболчилар Амирлик жамоасига қарши ўйинда асосий таркибда тушиш эҳтимоли юқори. Шунингдек, футболчилар сўнгги ўйинни қачон ўтказишганлари ҳам аҳамиятга эга жиҳатлардан бири.

Энди эса БАА қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин бўлган таркибни таҳлил қилиб кўрамиз.

Дарвозабон. Номзодлар — Игнатий Нестеров, Муроджон Зуҳуров, Сардор Қобулжонов
Дарвозабонлар борасида тажриба ўтказишга ҳожат йўқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг биринчи рақамли посбони Игнатий Нестеров БААга қарши ўйинда ҳам, Ливан билан ўйинда ҳам дарвозани эгаллайди. Албатта, унинг соғлигига путур етмаса.

Ўнг қанот ҳимоячиси. Номзодлар — Акмал Шораҳмедов ва Ислом Иномов.
Акмал ўзининг сўнгги ўйинини 17 март куни “Бунёдкор” сафида “Қизилқум”га қарши ўтказди. Ўша куни Шораҳмедов майдонда 90 дақиқа ҳаракат қилди. У эртага, 22 март куни ҳам майдонга тушса, 26 март куни бўлиб ўтадиган Ливанга қарши ўйингача тўлиқ тиклана олмаслиги мумкин. Шунинг учун БАА билан ўйиннинг асосий таркибида Ислом Иномовнинг тушишини тахмин қиламиз. Ислом эса “Локомотив” билан сўнгги ўйинни 14 март куни ўтказди ва жисмоний жиҳатдан навбатдаги ўйинга тайёр бўлиши керак. Акмал Шораҳмедов БАА билан ўйиннинг иккинчи бўлимида майдонга тушишини кутиш тўғри бўлади.

Марказий ҳимоячилар. Номзодлар — Артём Филипосян, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Владимир Козак.
Филипосян сўнгги ўйинни “Бунёдкор” сафида “Поханг Стилерз”га қарши ўтказганди. У “Қизилқум” билан ўйинда майдонга тушмади. Демак, у жисмоний жиҳатдан БАА билан ўйинга тайёр. Қолаверса, ўйин тонусидан чиқиб қолмаслиги учун Артём БАА билан ўйинда иштирок этиши шарт.
Иккинчи марказий ҳимоячи вазифасини катта эҳтимол билан Анзур Исмоилов бажаради. Одатда, марказий ҳимоячилар худди дарвозабонлар каби ўйинлар давомида энг кам алмаштириладиган футболчилар ҳисобланишади. Шавкат Муллажонов Форс кўрфасидан Хитой чемпионатига ўтганидан кейин унинг ҳозирги ҳолати бизга қоронғу. У 17 март куни “Лионинг Вовин” клуби сафида икикнчи бўлим бошида захирадан майдонга тушди. Менимча, барибир Шавкат захирада қолса керак. Владимир Козак эса терма жамоа муҳитига энди мослашаётган футболчи. Ҳозирги даврда унинг майдонга тушишини кутиш нотўғри бўлади.

Чап қанот ҳимояси. Номзодлар — Виталий Денисов ва Шоҳруҳ Гадоев.
Савияда жиҳатдан, шубҳасиз, Виталий Денисовга тенг келадиган футболчи йўқ бу чизиқда. Гарчи у “Локомотив”нинг иккита расмий ўйинида майдонга тушмаган бўлсада. Айнан БААга қарши учрашув Виталий учун ўйин амалиёт нуқтаи назаридан жуда муҳим. Гадоев ҳар иккала баҳсда ҳам Денисовга “страховка” сифатида захира ўриндиғида қолса керак.

Ўнг қанот ярим ҳимояси. Номзод — Санжар Турсунов.
23 кишилик рўйхатда номинал ўнг қанот ярим ҳимоячиси фақат Санжар Турсунов экан. Балки, Миржалол Қосимов худди Хиддинк каби Одил Аҳмедовни ҳам бу чизиқда ўйнатиб кўрар. Боз устига, ўнг қанот ҳимоячилари — Ислом Иномов ҳам, Акмал Шораҳмедов ҳам ҳужумга яхши қўшила олишини инобатга олсак, Турсунов бу қанотда ёлғизланиб қолмайди. Санжар ҳар иккала ўйинни тўлиқ ўтказиши мумкин бўлган футболчилардан бири.

Таянч ярим ҳимояси. Номзодлар — Азизбек Ҳайдаров, Темур Кападзе, Одил Аҳмедов, Фозил Мусаев.
Терма жамоанинг рақобат даҳшатли даражада юқори бўлган зонаси. Ҳам Қосимовнинг тактик схемаси, ҳам таркибда йиғилган футболчилар, ҳам рақиб — БААдан келиб чиқиб эртанги ўйинда майдонда 2 нафар таянч ярим ҳимоячисини кўришимизнинг эҳтимоли юқори. Ушбу 4 футболчи ичида фақат Темур Кападзе ўзининг сўнгги ўйинини 15 март куни ўтказган бўлса, Аҳмедов ва Ҳайдаров 17 март куни бўлиб ўтган ўйинларда 90 дақиқа ҳаракат қилишди. Фозил Мусаев эса “Қизилқум”га қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларидагина майдонга тушди. Хўш, Ливанга қарши ўйинни асосий таркибда қайси футболчилар бошлаши мумкин? Одил Аҳмедов, тўғрими? Одил “Анжи” билан мавсумни февраль ойидаёқ бошлаб юборганини инобатга олсак, у баҳорги футбол учун керагидан ортиқ ўйин амалиётига эга бўлиб улгурди. Демак, унга БАА билан ўйинда дам бериш ёки уни иккинчи бўлимда майдонга тушириш мумкин. БАА билан ўйиннинг асосий таркибида Ҳайдаров-Кападзе жуфтлиги бошлаши мумкин. Фозил Мусаев бу ўйинларда “страховка”да бўлади.

Чап қанот ярим ҳимояси. Номзодлар — Жасур Ҳасанов ва Олег Зотеев.
Бу икки футболчи “Бунёдкор” сафида бир-бирларини ажойиб тарзда тўлдириб ўйнашмоқда. Боз устига, Зотеевнинг “қалдирғочлар” сафига қўшилиши Қосимов жамоасининг чап қанотига ранг-баранглик олиб кирди. “Қизилқум” билан ўйинни Олег тўлиқ ўтказган бўлса (2та гол урди), Жасур дам олди. БАА билан ўйинни Ҳасанов асосий таркибда бошлаб, иккинчи бўлимда Зотеев захирадан тушиши керак.

Ҳужум орти. Номзод — Сервер Жепаров.
Сервер “Сеонгнам Ильва Чунма”даги ишларини йўлга қўйиб олганидан кейин кайфияти кўтарилганига шубҳа йўқ. Қолаверса, у расмий ўйинларини соғиниб қолган ва ўйин амалиёти унга ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ керак. Насиб қилса, у олдимизда турган ҳар иккала ўйинни тўлиқ ўтказади.

Ҳужум. Номзодлар — Улуғбек Бақоев, Александр Гейнрих, Марат Бикмаев.
Терма жамоамизнинг асосий ҳужумлари қанотлардан уюштирилиши ва стандарт вазиятларга катта эътибор қаратилишини инобатга олсак, БАА ва Ливанга қарши ўйинларда асосий таркибда тушишга номзод футболчи — Бақоев. Гейнрих вазиятга қараб иккинчи бўлимда майдонга туширилиши мумкин. Ким билади дейсиз, балки, рақиблар араб жамоалари эканини инобатга олиб, Қосимов Саша мисолида қандайдир “сюрприз” тайёрлаётгандир?! Бикмаев эса, ҳозирча терма жамоада нималарга қодирлигини кўрсата олаётгани йўқ. Таъкидлаш лозим, ҳар учала ҳужумчи жисмоний ва ўйин амалиёти томонлама бир хил кўрсаткичга эга. Учаласи терма жамоага ёрдам беришга тайёр.

БААга қарши учрашув шундай ўйинки, унда ҳам ғалаба қозонишимиз керак (Гонконг билан дуранг ўйнаганимиз учун), ҳам Ливан билан ўйин олдидан футболчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатларини яхшилаб олишимиз керак. Бу осон бўлмаган вазифа. Буни фақат ўзининг ишининг усталари — профессионаллар қила олишади. Терма жамоада эса нопрофессионал футболчининг ўзи йўқ.

Олимхўжа Бўронов

БАА билан ўйинда Ўзбекистон терма жамоасининг таркиби (тахмин):
              
                                  И.Нестеров

И.Иномов    -     А.Филипосян    –    А.Исмоилов    –    В.Денисов
(А.Шораҳмедов, 46)

С.Турсунов    -    А.Ҳайдаров    -    Т.Кападзе    -    Ж.Ҳасанов
(О.Аҳмедов, 46)                                                   (О.Зотеев, 60)

                                   С.Жепаров

                                   У.Бақоев
                               (А.Гейнрих, 75)

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 23:41, 21.03.2013.
Ўқилди: 7502 марта.
Фикрлар: 41 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.