Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Софян Раҳимий: «Сир – бутун жамоа яхлитлиги ва бирдамлиги»

Баҳо:
+ | -

«Ал-Айн» ОЧЛ-2023/2024да мисли кўрилмаган муваффақиятга эришди: БАА клуби якуний ғалаба йўлида ҳар бир ўйинда қаттиқ курашди, борини берди.

ОЧЛ кубоги эса жамоага келаси йили АҚШда ташкиллаштириладиган Mundial de Clubes FIFA 25 (Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025)да ОФК номидан тўртинчи иштирокчи сифатида қатнашиш ҳуқуқини берди. 11 май куни финалнинг биринчи сериясида Япониянинг «Йокогама-Ф. Маринос» клубига 1:2 ҳисобида ютқазган «Ал-Айн» жавоб ўйинида худди олдинги раундлардагидек майдонда шунчаки, «ёнди». Ҳисоб ҳам шунга яраша - 5:1! БАА клуби вингери Софиян Раҳимий эса 13та гол билан ОЧЛнинг бош тўпурари ва турнирнинг энг яхши футболчисига аталган мукофотларни қабул қилиб олди. Марокашлик йигит ўз голларидан нақ 6тасини икки гигант - «Ал-Ҳилол» ва «Ал-Наср» дарвозаларига урганига эътибор қаратсак, унинг савияси анча баланд эканлиги шундоқ ойдинлашади. Эътиборли нуқта: 27 ёшли ҳужумкор футболчи якуний финал ўйинидан олдин ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳам катта ишонч билан гапирган эди. Гарчи кечроқ бўлса-да, ОЧЛ-2023/2024 бош қаҳрамонининг фикр-мулоҳазаларини ҳавола этишни лозим топдик.

- Мана, «Ал-Айн»ни Клублар ўртасидаги ЖЧ-2025дан атиги 1та ўйин ажратиб турибди. Шундай истиқбол ҳам сизларга қўшимча мотивация бераётгандир...

- Албатта, ахир ҳозир чемпионлик рутбасидан бир қадам нарида турибмиз. Клублар мундиали йўлланмаси эса, чиндан ҳам, катта рағбат ҳисобланади. ОЧЛдаги якуний ғалаба жамоамизга келаси йил жаҳон аренасига чиқиш имконини берар экан, икки ҳисса иштиёқ билан ўйнашимиз тайин. Ҳар ҳолда, Клублар ўртасидаги жаҳон чемпио­нати - катта доира! Ҳар бир жамоа бундай йирик форум саргузаштини бошдан кечиришни хоҳлайди. Умидимиз фақат Аллоҳдан: Ўзи бизга мадад беради ва якунда катта турнирга бориш ҳуқуқини қўлга киритамиз.

- Клублар ўртасидаги мундиалнинг янгиланган формати ҳақида қандай фикр­дасиз? Унинг муваффақиятли чиқишига ишонсак бўладими?

- Ҳа, ҳар ҳолда, аввалгисидан буткул фарқланадиган формат қабул қилинди. Бунга қадар турнирда атиги 7та клуб иштирок этган бўлса, энди жаҳоннинг 32та жамоаси бир жойга тўпланади. Ҳа, энди финалга чиқиш жуда қийин бўлади, лекин охир-оқибат, футбол моҳиятан машаққатли меҳнатни талаб қилади. Қолаверса, мухлислар ҳам турли ўзгаришларни ёқтиришади.

- «Ал-Айн» бундан 21 йил олдин ОЧЛ ғолибига айланган эди. Ҳозир эса қитъа клуб футболидаги энг катта мукофотни яна бир марта қўлга киритиш имкониятига эга. Бу масалада қандайдир босим йўқми?

- Менимча, қайта ғалаба ку­йини чалиш истаги қўшимча босим ҳисобланмайди. Бинобарин, бу сафар турнир финалигача босиб ўтган йўлимизнинг ўзи клуб тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилиши тайин. Чунончи, ҳал қилувчи ўйинга қадар бир қатор фаворитларни четга суриб юбордик. Ҳозир барча клубдошларимдан миннатдорман, чунки бирдамликни ушлаган ҳолда, катта жамоалар билан чинакамига жанг қилдик ва оддий ифода этганда, уларни шунчаки, нокаутга учратдик. Умуман, «Ал-Айн» финалда ўйнашга лойиқ эди. Умид қиламанки, кубокни бошимиз узра баланд кўтаришга ҳам муносибмиз.

- «Йокогама»га қарши биринчи ўйинни қандай баҳолайсиз ва жавоб баҳсида  нималарнидир ўзгартиришни режалаштиряпсизларми?

- Икки серияли финалнинг ўзига хос нюанслари бўлади. Япониядаги биринчи учрашувда «Йокогама» жуда катта куч сарфлади, хусусан, доимий прессинг рақибдан катта энергия талаб қилди. Чунки японлар ўз майдонларида ижобий натижага муҳтож эдилар. Биз ҳам илк тўқнашув таҳлилида ижобий ва салбий томонларини ажратиб олдик. Менимча, «Ҳазза бин Зайд» стадионида бўладиган жавоб ўйини мутлақо бошқача кечади. Яъни «Ал-Айн» ўз мухлислари қаршисида бутунлай бошқа жамоага айланади. Зеро, бизга нафақат БАА ва Марокаш, балки бошқа араб мамлакатларида миллионлаб мухлислар қўшимча куч бағишлашади.

- «Ал-Айн» финал йўлида чиндан ҳам, бир нечта ҳақиқий оғир вазн тоифасига мансуб клублар тўсиғидан ўтди. Жумладан, олдинги раундда Криштиану Роналдуси бор «Ал-Наср» мағлуб этилди. Бундай муваффақият сири нима?

- Сир - бутун жамоанинг яхлитлиги ва бирдамлиги. Агар ўйинда ижобий натижани кўзласангиз, рақиб қандай жамоа эканлигидан қатъий назар, унга кучли руҳият, қатъият ва шижоат билан қарашингиз керак. Турнирнинг ортда қолган сеткасига қарасак, дарҳақиқат, эҳтимол, кўпчилик баъзи босқичларда «Ал-Айн»нинг курашдан чиқиб кетишини кутгандир. Муҳими, биз қатъият ва ирода туфайли кўпчилик имконсиз ҳисоблаган натижага эришдик. Қайтараман, ОЧЛнинг ушбу кампанияси «Ал-Айн» учун тарихий бўлди. Шахсий фикримча, биз якуний ғалабага кўпроқ муносибмиз. Мана, финалгача босиб ўтган йўлимизга назар ташланг, муваффақиятимиз тасодиф ёки омад эмас, балки машаққатли меҳнат натижаси эканлигини кўрасиз. Криштиану Роналду каби катта шахс билан учрашиш ва ғалаба қозониш - қўшимча рағбат! Ахир гап дунё футболидаги энг буюк ижрочилардан бири ҳақида кетмоқда. Лекин ҳақиқат шуки, ўйин бошланган паллада ҳар икки жамоа 11 нафардан футболчига таянади. Такрорлайман, майдонда Роналду билан дуч келиш ва унинг жамоасини енгиш истаги ҳар қандай футболчига кучли туртки беради. Умуман, муваффақиятимизнинг асосий омили - бу ягона гуруҳ сифатида бирлашганимиз, барибир.

- Аргентиналик мураббий Эрнан Креспо ишини қандай баҳолайсиз?

- Биламизки, у вақтида дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири сифатида гавдаланган. Мураббий - Креспо ишида ҳам ҳужумкорликка мойилликни пайқаш қийин эмас. У кийиниш хонасида ҳам, майдонда ҳам доимо ҳужумчиларга алоҳида тавсиялар беради. Бу эса бизнинг яққол ажралиб туришимизга қўшимча мотивациядир. Албатта, Эрнандан жуда кўп нарсаларни ўргандик. Мураббийимиз айниқса, кийиниш хонасида йигитларга жанговар руҳ бағишлашга уста. Ҳа, у одатда майдон четида жуда хотиржам кўринади, лекин машғулотлар жараёни ва кийиниш хонасида катта иштиёқ ва қатъиятини намойиш этади.

- Бунга қадар «Ража Касабланка» билан қитъа турнирларида қатнашгансиз. Айтингчи, ўша тажриба бугун «Ал-Айн»да нечоғли қўл келмоқда?

- Ҳа, «Ража» сафида Африка миқёсидаги 5та финалда қатнашдим ва шукрки, барчасида ғалаба қозонганман. Табиийки, «Ал-Айн» сафига қўшилгач, Африка турнирларида орттирилган тажриба ўз сўзини айта бошлади. Дейлик, янги муҳитга мослашишда унча қийналмадим. Ўзи «Ал-Айн»га келганимдаёқ ОЧЛда ўйнашга умид боғлагандим, чунки Осиё мусобақалари Африканикидан фарқланади, барибир.

- Марокаш термасида ҳам, «Ал-Айн»да ҳам келажак учун амбицияларингиз катталиги тайин. Ҳойнахоҳ, ЖЧ-2026да иштирок этиш энг асосий орзуларингиздан бири бўлса керак...

- Ҳар қандай футболчи каби маҳоратимни ошириш ва энг нуфузли турнирларда қатнашишга интиламан. Умид қиламанки, менга Африка Миллатлари кубоги ва ЖЧда иштирок этиш бахти насиб этади. Шунингдек, «Ал-Айн» билан бўлажак йирик турнирларда ўз сўзимни баралла айтишдан умидворман.

ОЧЛнинг барча ғолиблари

2003 - «Ал-Айн» (БАА)
2004 - «Ал-Иттиҳод» (С.Арабистони)
2005 - «Ал-Иттиҳод» (С.Арабистони)
2006 - «Чонбук Моторс» (Ж.Корея)
2007 - «Урава Редс Даймондс» (Япония)
2008 - «Гамба Осака» (Япония)
2009 - «Поханг Стилерс» (Ж.Корея)
2010 - «Сеонгнам Ильва Чунма» (Ж.Корея)
2011 - «Ас-Садд» (Қатар)
2012 - «Ульсан Хюндай» (Ж.Корея)
2013 - «Гуанжоу Эвергранд» (Хитой)
2014 - «Вестерн Сидней У.» (Австралия)
2015 - «Гуанжоу Эвергранд» (Хитой)
2016 - «Чонбук Моторс» (Ж.Корея)
2017 - «Урава Редс Даймондс» (Япония)
2018 - «Кашима Антлерс» (Япония)
2019 - «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони)
2020 - «Ульсан Хюндай» (Ж.Корея)
2021 - «Ал-Ҳилол» (С.Арабистони)
2022 - «Урава Редс Даймондс» (Япония)
2023 - «Ал-Айн» (БАА)

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:55, 08.06.2024.
Ўқилди: 795 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.