Доҳадаги "Лахвия" стадионида "Пахтакор" ўйиндан олдинги расмий машғулотда иштирок этди. Маҳаллий вақт билан соат 18:15да бошланган машғулотга "Ал-Касс" ва "Ал-Жазира" телеканали ходимлари ташриф буюришди.
Улар футболчилар ҳолати ва жамоа тайёргарлиги тўғрисида турли маълумотлар билан қизиқишди. Грузиялик ярим ҳимоячи Кахи Махарадзедан бўлажак ўйин ҳақида саволга жавоб олишди. Унда Кахи "Пахтакор"нинг беллашувга жиддий тайёргарлик кўргани, мураббийлар штаби "Лахвия" тўғрисида зарур маълумотларни бериб ўтиши ва жамоа ғалаба учун майдонга тушишини таъкидлаб ўтди.
Бир соат давом этган машғулотда футболчилар ўйиндаги турли хил вазиятлар бўйича машқ олиб боришди. Дарвозабонлар эса Анвар Рашидов бошчилигида "терлашди". Барча 19 футболчи машғулотда шуғулланди. Энг қизиғи, "Ал Жазира" телеканали ижодкорлари меҳмонхонада ҳам жамоамизни тинч қўйишмади. Футболчиларнинг овқатланиш жараёнидан тортиб, умумий йиғилишга кириб кетиш жараёнларигача суратга олинди.
Кеча тушда бўлиб ўтган митингда эса ўйинни ташкил этишга доир масалалар кўриб чиқилди. Мухлисларни энг қизиқтирган ҳолат жамоалар танлаган либос бўлиши табиий. Унга кўра, "Пахтакор" эртага оқ ва сариқ йўл-йўл либосда майдонга чиқади. Шорти ва гетралар оқ рангда бўлади. Дарвозабон эса кўк-қора-сариқ либосда ўйнайди. Мезбонлар қизил рангли футболкалардан фойдаланишади.
Эслатиб ўтамиз, "Лахвия" стадионидаги баҳс 3 апрель куни соат 18:15 (Тошкент вақти билан 20:15)да бошланади.
Ҳакамлар: Тома Масааки, Яги Акане, Караками Сатоши (Япония), Муҳаммад Муса (Иордания).
Комиссар: Ҳамид Мўминиручий (Эрон).