Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Аҳмаджон Мусаев: «Биз ҳам кучсиз эмасмиз»

Баҳо:
+ | -

Ёшлар (U20) ўртасида Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Аҳмаджон Мусаев бугун матбуот анжуманида иштирок этди. Ушбу матбуот анжумани ЖЧга ташланган қуръа, ёшлар терма жамоамизнинг Мундиалга тайёргарлиги борасида бўлди. Шунингдек, матбуот анжуманида бош мураббий билан бирга Туркиядаги қуръа жараёнида иштирок этиб қайтган ЎФФ матбуот хизмати вакили Бахтиёр Маметов ҳам иштирок этди ва у ҳам айрим ташкилий ишлар ҳақида маълумот берди.

— Жаҳон чемпионатида барча ташкилий ишлар жуда яхши йўлга қўйилган. 24 март куни Истанбулга учиб бордик ва 25 март куни қуръа ташланди. 24 жамоа вакиллари қуръада иштирок этишди. Бизга қуръада ким тушишидан қатъи назарга рақибга қараб тайёргарлик кўрардик. Хабарингиз бор, биз билан гуруҳда Океания чемпиони (Янги Зеландия — қуръа пайтида ҳали аниқ эмасди). Кейинги рақибларимиз Уругвай ва Хорватия бўлди. ЖЧ қуръаси пайтида барча нарса спорт тамойиллари асосида қилинди. Гуруҳимиздаги ҳар бир жамоа билан ўйнаса бўлади. Шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Биз ҳам кучсиз жамоа эмасмиз.

26 март куни барча терма жамоа аъзоларини 7та стадион бўйича ташкилий ишлар билан таништириб чиқилди. Ўйин бўладиган стадионлар, машғулот майдонлари, меҳмонхоналар — ҳар бир ҳолат охиригача тушунтириб, кўрсатиб чиқилди.

— Рақиблар ҳақида нима дея оласиз?
— Янги Зеландия — Океания чемпиони. Уругвай эса КОНМЕБОЛ чемпионатида Бразилия ва Аргентинани мусобақадан чиқариб юборган бўлса, Хорватия эса Голландияни ортда қолдирган ҳолда ЖЧга чиқди.  Португалия ёшлар ўртасидаги ЖЧда 15 марта иштирок этган. Сўнгги ЖЧда эса улар финалгача етиб бориб, унда Бразилияга 2:3 ҳисобида ютқазган. Португалия билан ўйинлар ўзимизнинг қайси йўлдан кетаётганимизни кўрсатиб беради. Бу биз учун жиддий синов бўлади.

— ЖЧ пайтида журналистлар билан ишлаш қай тариқа йўлга қўйилган?
Б.Маметов: — Ҳар бир ЖЧ ташкилий қўмитаси ичида журналистлар билан ишладиган алоҳида бўлим бўлади. Апрелда ФИФАнинг аккредитация жараёни бошланади. Энг аввало журналист ФИФА сайтининг медиа каналидан рўйхатдан ўтиш керак. ФИФА ЖЧ учун Ўзбекистонга квота ажратади. Ҳили бу ҳақида федерацияга аниқ маълумот келмади. Биз ўйнайдиган Бурса шаҳрида 4та давлатдан келадиган журналистлар билан ФИФА вакили бўлади. Улар биз томондан борадиган ОАВ вакилларини кутиб олишга тайёр. ЖЧга боришни истаган журналистлар ўз вақтида ФИФА сайтида рўйхатдан ўтса, муаммо бўлмаса керак.

А.Мусаев: —  Мен ҳам мавзуда ўз фикримни билдирмоқчиман. Аввал айтмагандим, энди айтаман, ўзбек журналистларининг Дубайга боргани футболчиларга катта мадад бўлганди. Шу боис, меҳнатларимизни ўзимизнинг журналистлар томонидан халқимизга биринчи бўлиб етказиб турилишини истайман. Бу томонлама журналистларнинг Туркияга боришида ёрдам беришини Федерациядан сўрайман. Айтишим лозим, ЖЧга чиқишимизда журналистларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

— ЖЧ бошланишига 3 ойдан кам вақт қолди. Тайёргарлик режалари ҳақида гапириб берсангиз.
— Миллий терма жамоамиз БАА ва Ливанга қарши ўйнаган пайтда биз Тошкентда йиғин ўтказдик. Бу йиғинда асосий эътиборни тўп рақибда бўлган пайтда жамоавий ҳимояланиш борасида ишладик. Боиси, сўнгги ўртоқлик ўйинларида кўп гол ўтказиб юбораётгандик. Қозоғистон Биринчи лигаси вакили “Гефест” жамоасини 1:0 ҳисобида ютган бўлса, ўзимизнинг "Локомотив" клубининг асосий таркиби билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнадик. “Локо”ни ютишимиз ҳам мумкин эди, аммо бу йиғиндан асосий мақсад гол ўтказиб юбормаслик эди.

Навбатдаги йиғинни 20-26 апрель кунлари Португалияда йиғин ўтказиб, 2та ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз. Қуръа жараёнида Португалия ёшлар терма жамоаси бош мураббийи билан суҳбатлашдим. У менга қандай шароитлар яратиб қўйиш ҳақида сўради. Шунингдек, кўпчилик терма жамоалар қуръа маросимида биз билан ўртоқлик ўйинини ўтказиш истагини билдиришди. Таклифлар кўп, улардан кераклиларини қабул қилиб, май ойида ва июнь ойи бошларида бир нечта назорат ўйинларини ўтказамиз.

— Терма жамоа ЖЧда қандай натижа этса, мақсадга эришилган деб ҳисоблайсиз?
— Биз миллий терма жамоага номзод футболчиларни тайёрлаб беришимиз керак. ЖЧда натижа кўрсатмаймиз деб айтмайман, аммо миллий терма жамоага бир нечта футболчиларни тайёрлаб берсак, биз асосий мақсадимизга эришган ҳисобланамиз. Биз ҳам кучсиз жамоа эмасмиз. Яхши иштирок этишимизга ишонаман.

— Терма жамоалар маркази яратиб бераётган шароитлардан тўлақонли қониқиш ҳосил қиляпсизми? Камчиликлар ҳам борми?
— Мабодо натижа ёмон бўлса, мен айбни ўзимга оламан, баҳона қидирмайман. Терма жамоалар маркази имкон қадар шароит яратиб бермоқда. Агар ҳаммаси идеал даражада бўлса, мураббийнинг кераги йўқ, менимча. Мураббийнинг вазифаси камчилик юзага келганда ана шу ҳолатни тўғрилаб кетиш. Майда-чуйда камчиликлар бўлиб туради. Бусиз иложи йўқ.

— Маҳаллий шароитга мослашиш мақсадида ЖЧга қачон йўл олиш режалаштирилган?
— ЖЧ 21 июнь куни бошланса, биз 23 июнь куни дастлабки ўйинимизни ўтказамиз. ФИФА 19 июндан бошлаб терма жамоаларни кутиб олишни бошлайди. Федерация эса бизни Туркияга 16 июнь куни юборишни режалаштиряпти. Биз қиш ойларида Туркияда йиғин ўтказганмиз. Ёз ойларида бироз иссиқроқ бўлишини инобатга олмаганда, маҳаллий муҳитга мослашиш учун кўп вақт кетмайди. Гуруҳдаги дастлабки 2та ўйинни Бурсада ўтказсак, учинчи ўйинни Анталияда ўтказамиз. Анталия денгиз бўйидаги шаҳар бўлгани учун бироз намлик юқори. Бурсадан Анталияга самолётда ҳам, денгиз орқали пороходда борсак ҳам бориш мумкинлигини айтиб ўтишди.

— Февраль ойида Туркия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушдингиз. Бу жамоани Европанинг бир вакили сифатида у ҳақида нима дея оласиз?
— Туркияга 2:5 ҳисобида ютқаздик. Ўртоқлик ўйини бошида 3та гол ўтказиб юбордик. Ютқазса, мураббий ютқазади, бу мақол шу пайтгача бўлган, бундай кейин ҳам бўлади. Асилбек Омонов бироз "қовун" тушириб қўйди. Дарвозабонлар мураббийи у билан ишлашда давом этмоқда, у билан гаплашиб олди. Туркия ўйин бошида тезкор ўйнашгани учун йигитларимиз шошиб қолишади. Ўйин ҳуштакдан ҳуштаккача ўйналади. Концентрацияни йўқотиш керакмас.

— Уругвай ва Янги Зеландия терма жамоалар билан Мексикадаги ЖЧда ўйнагансизлар. Бу ҳолат бу жамоаларни ўрганишда сизга ёрдам берадими?
— Ўсмирлар ўртасидаги ЖЧ билан ёшлар ўртасидаги ЖЧда катта фарқ бор. Худди шунингдек, ёшлар ва миллий терма жамоалар ўртасидаги фарқ катта. Сизлар кўпроқ 1994 йилда туғилган футболчиларимизнинг ўйинларини кўргансизлар. Лекин сафимизда 1993 йилда туғилган бир неча нафар футболчилар бор. Худди бизнинг ўйинимизда бўлгани каби рақиб жамоа ўйинларида ҳам фарқ бўлади.

— Владимир Козак ҳозирги кунда бир нечта мусобақаларда кетма-кет ўйнаб келмоқда. “Пахтакор”нинг Олий лига ва ОЧЛ ўйинларида тушмоқда, миллий терма жамоа йиғинига таклиф қилинди. Ёшлар терма жамоасининг йиғинлари ва ўйинларида иштирок этмоқда. Билишимизча, Козакда жароҳат бор ва ҳаддан ташқари жисмоний юклама футболчининг ўйинига июнь ойига бориб салбий таъсир кўрсатмайдими?
— Майда-чуйда нарсага ўхшайдию, аммо бу жиддий муаммо. Бизда бир футболчи яхши кўзга кўриниб қолса, уни ҳамма жойга тиқиштирвурамиз. “Пахтакор” Егорь Кримецни Хитой клубига бериб юборганидан кейин Козакни марказий ҳимояда ўйнатяпти, бунинг ёмон жойи йўқ. Биз ҳам Осиё чемпионатида Бобур Йўлдошев жароҳат олганидан кейин Козакни марказий ҳимояда ўйнатгандик. Баъзида шундай бўлганки, бир футболчини йиғинга чақириб, унга 15 кун дам  бергандим. Агар у ўз клубида қолса, ўйинларда иштирок этаверарди. Козак масаласида Миржалол билан ҳам суҳбатлашдим. У ҳам менинг талабимни тушунди ва футболчига керакли пайтда дам бериб, керакли пайтда юклама берди.

Биз иқтидорли йигитларимизни авайлашимиз керак. Бутун жамоани бир хил савияда етиштиргандан кўра, 1-2 нафар футболчини миллий терма жамоага тарбиялаб бера олсак, биз учун мана шу фойда бўлади. Уларнинг бир порлаб, кейин сўниб қолишига йўл қўймаслигимиз керак. Йигитларимиз кучли, яхши маънода айёр. ЖЧдан кейин футболчилар яна янги даражага кўтарилишади, деган умиддаман.

— Уругвай ва Янги Зеландия ёшлар терма жамоасини кузатганимизда Мексикада таркиб ва мураббийлар штаби бутунлай бошқача эканига кўзимиз тушади. Ўзбекистон терма жамоасида эса ундай эмас: мураббийлар ўша-ўша, таркибнинг ярми ўша Мексика мундиалида қатнашган. Бу ҳолат туфайли рақиблар Ўзбекистоннинг ўйинини ва футболчиларини яхши билиб олишига ёрдам бериши мумкин. Бундай вазиятдан қандай чиқиб кетмоқчисиз? Рақибларга “сюрприз” тайёрлашангиз мумкинми?
— Мен ҳам бу ҳақида ўйлаяпман. Бу сафар бошқачароқ ўйнашга ҳаракат қиламиз. Мен ҳозир ҳамма нарсани айтиб берсам, аниқ биламан, улар биз ҳақимизда маълумотларни интернет орқали билиб олишади. Баъзида шундай бўладики, ўзимиз ҳақимизда маълумотларни чет элга бориб, хориждагилардан эшитаман. Шунинг учун ҳозирча ҳамма сирни очмоқчи эмасман. Шунингдек, Португалия билан ўйинда ҳамма нарсани кўрсатмасликка ҳаракат қиламиз. Энг асосийси, 23 июнь кунига йигитларимиз энг юқори формада келишига ҳаракат қиламиз. Унгача керакли кўрсатмалар, танбеҳларни бериб борамиз. ЖЧ пайтида эса уларга тўла ишонч билдирамиз. Журналистлар ҳам ЖЧ арафасида футболчиларга ишонч билдирилган, уларни руҳлантирадиган мақолалар ёзишини истайман.

— Мексикадан Тошкентга қайтаётган ташкилий масалалар бўйича муаммо кўзга ташланганди. Шунга ўхшаш ҳолат Туркиядаги йиғин пайтида ҳам кўзга ташланибди. Мен “Пахтакор” футболчиларининг йиғин тугамасидан аввал Тошкентга қайтиб келиши билан боғлиқ муаммоларни назарда тутяпман.
— Мексикадан Тошкентда 3 суткада етиб келгандик. Лекин бу ФИФАнинг айби билан шундай бўлган. Йўлкира ва чипталарни ФИФА олиб берган бизга. Бундай муаммолар учраб туради, бу жиддий муаммо эмас. Овқатланишлар орасида вақт 4 соат бўлса, қўшимча таом берилиши керак. Агар футболчилар шундай муаммолардан кейин тушкун кайфиятга тушишаётган бўлса, бу менинг тарбиявий ишлар борасидаги камчилигим ҳисобланади. Мен бор эканман, футболчи оч қолмайди, ўзимнинг ёнимдан бўлса ҳам овқат олиб бераман.

"Пахтакор" 4та ўйинчисини сўради. Мен бунга рози бўлдим. Боиси, юқори савиядаги ОЧЛ ўйинида уларнинг иштирок этишини истадим. Уларга Туркиядан Тошкентга чипта олиб бердик. Бу муаммолар ортда қолди.

— ЖЧга кўп вақт қолмади. 23 кишилик таркибни аниқлаб бўлдингизми? Ҳозирги кунда янги футболчилар жалб қилингани билан таркибга қўшилиб кета олмаса керак.
— Бу йигитлар 3 йилдан бери ишлаб келяпмиз. Таркибни шакллантираётганимизда 150 нафардан ортиқрок йигитларни кўздан кечиргандик. Шунингдек, Мексикадаги ЖЧда иштирок этган футболчилар уларнинг сафига қўшилди. Ҳозирги кунда баъзи йигитларни синовдан ўтказган бўлсак-да, улар мен учун янги эмас, уларни аввалдан биламан. Мен учун ҳам янги бўлган бир йигит чиқди. "Металлург"дан Шоҳназар Норбеков ҳақиқатан иқтидорли йигит экан. Ҳайронман, нима учун уни аввалроқ кўрмаган эканман. Билишимча, Шоҳназар футбол билан жиддий шуғулланишни бошлаганига икки ярим йил бўпти. Уни Ҳамдўстлик кубогига олиб кетмоқчи эдик. Аммо тиззасида жароҳат унинг сунъий қопламали майдонда ўйнашига йўл қўймаскан. “Металлург” бош мураббийи Рустам Мирсодиқов бу футболчини ЖЧгача тайёрлаб беришга ваъда берди. Бунинг учун мураббийга раҳмат айтаман. У ҳозирги кунда “Металлург” ўйинларида иштирок этмоқда. Кўрамиз, у қанчалик терма жамоага киришиб кета оларкан. Фақат битта нарсадан кўрқаман, бу футболчи ўз ҳақидаги маълумотни ўқиганидан кейин ўзгариб қолмасин. Ўз устида ишлашда давом этсин.

Туркияга эса ЖЧда пайтда — 15 кун давомида энг юқори формада ўйнаб бера оладиган футболчилар олиб кетилади. Ҳозирги кунда 25 кишилик рўйхат бор. Охирги йиғинга 7 нафар янгиларни чақирдик (масалан, Шоғуломов, Санақулов, Туропов, Шойқулов, Абдунабиев, Шарипов, Кападзе). Уларни шунчаки чақирмадик, аввал уларнинг ўйинларини кўриб, кейин таклиф қилдик. Айрим ўйинчилар борки, клубида яхши ўйнагани билан терма жамоада яхши ўйнай олмайди. Футболда ўйин услуби, терма жамоа киришиб кетиши, жамоадаги ички муҳитни бузмаслиги каби омиллар инобатга олинади.

— Жамоа салбий натижа қайд этсаю, аммо чиройли ўйин кўрсатса, мухлислар бу жамоага ҳар доим қарсак чалади. Олдинги пайтда интернет, ижтимоий тармоқлар бўлмаган. Ҳозирги пайтда эса футболчилар муҳим ўйинлар арафасида интернетда ўтиришади. Бу борада футбочлиларга чекловлар қўясизми?
— Пелега бир футболчи савол берибди: "Бир кунда неча соат шуғуллангансиз?” Пеле эса унга жавоб берибди: “2 соат”. Футболчи ҳайрон бўлиб, “Мен ҳар куни 8 соат футбол билан шуғулланаман, аммо сизнинг даражангизга чиқа олмаяпман”. Шунда Пеле қуйидагича гапирган экан: “МЕн кунига 2 соат футбол билан шуғулланаман ва қолган 22 соат фақат футбол ҳақида ўйлайман”.

Мен ЖЧ пайтида интернетга киришни таъқиқлайман. Футболчилар ЖЧга ўз ноутбукларини оборишади, аммо унда фақат рақиб жамоа ўйинларини видеоси ёзилган бўлади. Компьютердан фақат шу мақсадда фойдаланишади. Мексикада ЖЧда Янги Зеландияга ютқазиб қўйганимиздан кейин мен футболчилар ва мураббийлар штабидан телефон ва компьютерларни олиб қўйгандим. АҚШни ютмагунча, интернетга кириш ҳақида ўйламасликларини такъидладим.

— Миллий терма жамоамизнинг ЖЧга чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?
— Ишончим комил, терма жамоамиз Кореядан камида бир очко билан қайтади. Тўғри, Ливан билан ўйинда терма жамоамиз яхши ўйнай олмади. Боиси, ўша куни йигитлар катта босим остида эди. Боз устига майдон аҳволи ҳам яхши ўйин кўрсатишига халал берди. Менинг тахминим бўйича, Ўзбекистон Жаҳон чемпионатига чиқиш керак.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 13:09, 03.04.2013.
Ўқилди: 6937 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.