Ўтган мавсумда "Реал" билан "Барселона" 1/2 финалда курашни тўхтатишди. Ўшанда "Реал"ни мусобақадан чиқариб юборган "Бавария" бу йил ярим финалда "Барселона" билан куч синашади. "Реал" - "Барселона" ўйини ҳамиша ҳам катта қизиқишларга сабаб бўлиб келган. Қизиғи шундаки, Европанинг бу икки гранд жамоаси бирор марта ҳам Еврокубоклар финалида тўқнаш келмаган экан.
"Эль-классико" ҳақида ёзар эканман, бу жамоалар ўртасидаги аввалги тўқнашувлар ҳақида ёзгим келди. Ўтган асрнинг 50- йилларида "Реал" ва "Барса" нафақат Испанияда, балки Европада хар энг кучли жамоалар рўйхатини бошқаришди.
1959 йилда "Барселона" Европа Чемпионлар Кубогини ҳеч кимга бермай келаётган "Реал"ни бир неча очкога ортда қолдириб, Испания чемпионлигини қўлга киритди.
"Кўк-анор ранглилар" дарвозасини Испания терма жамоаси дарвозабони Антонио Рамальетс қўриқларди. Шунингдек, "Барса" "дирижёри" ролини каталонияликлар сафида 11 мавсум тўп сўрган Ладислао Кубала қўлга олганди. Кубала ҳозиргача "Барса" тарихидаги энг кучли футболчи ҳисобланади. ЖЧ-1954 да Венгрия терма жамоаси таркибида кумуш медални қўлга киритган Золтан Цибор ва Шандор Кочишлар каталонияликлар ҳужум чизиғини кучайтиришди. Бу юлдузларни эса футбол оламида "Сеҳргар" лақаби билан машҳур аргентиналик мураббий Эленио Эррера бошқарарди.
Чемпионлар лигаси қуръаси бу икки жамоани ярим финалда рўбару келтирди. Эррера бошлиқ "Барселона" "Реал"нинг Европа майдонларидаги юришларига нуқта қўйишга ваъда беришганди. Бироқ Мадридга келиб Эррера жамоа етакчилари Кубала ва Цибор билан жанжаллашиб қолди.
Натижада мураббий бу икки футболчининг хизматидан воз кечди. Ўйин "Реал"нинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
1960 йилнинг 27 апрелида бўлиб ўтган жавоб учрашувида "Барселона" ва "Реал" ўртасидаги ўйинни томоша қилиш учун "Камп Ноу"га 130000 мухлис ташриф буюрди. Эррера яна ҳаммани хайрон қолдириб Кубала ва Циборни майдонга туширмади. "Реал" эса яна 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу воқеа Эрреранинг "Барселона"даги фаолиятига нуқта қўйишига сабаб бўлди. "Барса" мухлислари ҳамма нарсани кечириши мумкин, фақат "Реал"дан мағлубиятни эмас. Мураббийни оддий ўйингох хизматчиси кийимида орқа эшикдан чиқариб юборишди. Ўйига етиб келган Эррера уни вайрона ҳолда топди. Испаниядан Италияга йўл олган Эррера "Интер" жамоаси билан 2 мартадан Чемпионлар Кубоги, Қитъалараро кубокда ғалaба қозонишни уддалади. Бир неча марта Скудеттони қўлга киритди. Бу орада "Реал" қаторасига 5-марта Чемпионлар Кубогида ғалаба қозонди.
"Барса" эса Испания чемпионлигини қўлга киритгани учун бу икки жамоа келгуси мавсумда 1/8 финалда рўбару келишди. Мадриддаги ўйинда 2:2 ҳисоб қайд этилди. Барселонада эса мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, "Реал"нинг Еврокубоклардаги ғалабали юришларига чек қўйишди. "Реал"дан эсон-омон ўтиб олган "Барселона" финалда "Бенфика"дан мағлуб бўлди - 2:3.
Бу даврга келиб Ладислао Кубала каби юлдуз футболчиларнинг ёши ўтиб қолган ва кейинги мавсумларда унинг ўрнини босадиган футболчи топилмади. Натижада "Барселона" кейинги чемпионлик титулини то жамоага голландиялик машҳур Йоханн Кройф келгунига қадар 14 йил кутишига тўғри келди.
Ўзи бу икки буюк жамоа ўртасидаги ҳар бир учрашув дунё футболи тарихини безаб берган. Бугун "Реал"-"Барселона" ўйини бор деса, футболни севадиган ҳар бир инсон борки, ўша куни ухламаслиги аниқ.
Буни қарангки, бу икки суперклуб шу пайтгача бирор марта ҳам Еврокубоклар финалида учрашмаган экан. Худди ХХ-асрнинг 2 кучли терма жамоаси - Бразилия ва Германия бирор марта ҳам жаҳон чемпионати ўйинларида бир-бирлари билан рўбару келмаганидек. Улар, ниҳоят, ЖЧ-2002 финалида ўзаро тўқнаш келишди. Роналдо томонидан Оливер Кан дарвозасига киритилган "дубль" ёдингизда бўлса керак. Энди "Реал" билан "Барса"ни ҳам ниҳоят финалда кўрамизми?..
(давоми бор)
САФАРАЛИ СИДДИҚОВ
Касби тумани, 10-сонли мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси