Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Стефан Байчетич: «Ўйлайманки, ҳаётимдаги энг оғир мавсум ортда қолди...»

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсум «Ливерпул»нинг испаниялик ярим ҳимоячиси Стефан Байчетич учун яхши келмади.

Бинобарин, иқтидори баланд футболчи бутун мавсум давомида атиги 3та ўйинда кўриниш берди. Бунга футболчиларнинг энг ашаддий душмани - жароҳат сабаб бўлди. Мана, ҳозирда «қизиллар»нинг янги бош мураббийи Арне Слот 19 ёшли йигитчага етарлича имкон бермоқда. Клуб матбуот хизмати вакиллари яқинда Байчетични алоҳида суҳбатга тортиб, у билан мавсум­олди тайёргарлик жараёни ва жароҳатдан ке­йинги ҳолати хусусида гаплашишди.

- Стефан, сизни яна майдонда кўриб турганимиздан хурсандмиз. Мавсумолди йиғинлари қандай давом этмоқда?

- Ҳаммаси яхши. Шубҳасиз, янги мураббийлар штаби билан ишлаш қизиқарли. Қолаверса, фаолиятимда илк марта Америка сафарига чиқдим. Ҳозирда мавсум бизга нималар тортиқ этишини билишга муштоқман, оддий айтганда, стартни кутишга сабрим чидамаяпти, тўғриси. Айтганча, ёшлигимда Далласда ташкил этилган турнирда қатнашганман, лекин ҳеч қачон АҚШга таътил учун ёки бошқа юмуш билан бормагандим. Ёқимли сафар.

- Ўтган мавсум сиз учун жуда омадсиз келди. Жароҳат ўйнашга имкон бермаган вақт қанчалик қийналдингиз?

- Бунга чидаш жуда қийин. Тўғриси, бутун ҳаётимда бундай оғир даврга юз тутмагандим. Ҳам руҳий ва ҳам жисмоний томондан. Мана, буни бошдан кечирдим ва барчаси янада кучлироқ бўлишга ундади. Қайтараман, расмий ўйинларда майдонга қайтиш онларини интиқлик билан кутяпман. Шу маънода янги мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнидан шунчаки, завқланяпман.

- Психология ҳақида гапирдингиз. Кўпинча футболчилар узоқ муддат четда қолиш айнан руҳий жиҳатдан кучли зарба эканлигини айтишади... 

- Худди шундай. Ҳар ҳафта дам олиш кунлари майдонга тушадиган, машғулотларда тер тўкиб ишлайдиган жамоадошларни четдан кузатиш осон эмас. Ҳар сафар жараёнга қараганингизда, беихтиёр майдонга тушишни хоҳлайсиз, аммо бунинг иложи йўқлигини ўйлаб, руҳан эзиласиз. Қисқаси, шифокорларнинг муайян кўрсатмаларига амал қилишингиз шарт, қўлингиздан бошқа ҳеч нарса келмайди. Бу дарҳақиқат, оғир ҳолат. 

- Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?

- Яхши, жуда яхши. Бундай узоқ танаффусдан сўнг аввалги ритмга кириш қийин, аммо мавсумолди машғулотлари моҳияти ҳам шунда. Қисқаси, аста-секин спорт формасини тиклаяпман. Мавсум стартига қадар янада кўпроқ тер тўкиб, яхши ритмга тушиб олишдан умидворман.

- Арне Слот сиздан қайси позицияда фойдаланишини айтдими?

- Ҳозирда энг муҳими - тезроқ спорт формасига киришим. Асосий масала шу. Айни машғулотларда янги бош мураббий кўзлаётган тизим ва ўйин услубини ўзлаштиришга уриняпман. Ҳар бир имкониятдан максимал даражада фойдаланиш учун ўз устимда жиддий ишлашим керак. Янги мураббий машғулотларни ўзига хос элементлар билан бойитмоқда, унда шахсий қарашлари, ғоялари бор, албатта. Шундай экан, турли чизмаларга тайёр бўлишимиз керак. Машғулотларда интенсивлик юқори, айниқса, дастлабки ҳафталарда анча қийналдик, ҳозир эса барчасига кўникиб улгурдик.

- Ниҳоят, охирги савол: сизни стол тенниси қироли сифатида таърифлашмоқда, дарҳақиқат, шундайми?

- Ҳа, фақат омадим келган кунларда. Бизда Гордон ҳам яхши ўйнайди, яна бир қатор йигитлар жиддий қаршилик кўрсата олишади. Олдин стол теннисида яхшироқ ўйнардим, лекин жароҳат бу борада ҳам нималарнидир «ўғирлади». Умид қиламанки, уларни қайтара оламан. 

 МУҲАММАДХОН тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 15:26, 20.08.2024.
Ўқилди: 762 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.