Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Жошуа Зиркзе: «Мухлисларга кайфият улашишни ҳам унутмаслик керак»

Баҳо:
+ | -

Жошуа Зиркзе энди «МЮ»нинг ҳар бир мухлиси тилида.

Зеро, нидерландиялик футболчи АПЛнинг янги мавсуми илк оқшоми «Фулхэм» дарвозасига ягона ғалаба голини урди. Хуллас, иқтидорли ҳужумчи «Олд Траффорд»да тўпланган мухлисларга ўзини чиройли тарзда таништирди. Жошуа «МЮ» расмий сайтига берган интервьюсида фаолиятининг илк босқичи, кумирлари ва бошқа масалалар ҳақида гапирди.

- Жошуа, одатий савол: нега айнан «МЮ»ни танладингиз?

- Менимча, ЧЛда ўйнайдиган «Болонья»ни ташлаб келганим кўп нарсани англатиб турибди. Ушбу танлов бўйича катта ишонч ва яхши туйғуларга эгаман. Тўғри, бу шунчаки, оддий қарор. Айтмоқчиманки, ҳамон «Болонья»ни яхши кўраман, лекин «МЮ»нинг чорловидан кўз юма олмадим. Табиийки, «Олд Траффорд»га катта режалар билан келдим ва уларни амалга оширишимга ишонаман.

- Тўпга ҳар бир тегинишингиздан мухлислар ўзгача завқланишади...

- Ҳа, тўп билан муомала қилишни хуш кўрадиган, ижодкорликка интиладиган футболчиман. Шунчаки, баъзида ҳаракатим ўта чиройли чиқиши мумкин. Майдонда нафақат мухлислар, балки клубдошларим кўнглини очишни хоҳлайман. Бинобарин, жамоада кайфият яхши бўлса, натижа ўз-ўзидан келаверади. Тўғри, футболда нуқул индивидуал ҳаракатларга берилиш ярамайди, лекин фикримча, стадионга келган мухлисларга завқ улашишни ҳам унутмаслик керак.

- Профессионал фаолиятингизни «Бавария»да бошлагансиз. Энди «МЮ» сафидасиз. Бу икки буюк клуб ўртасидаги фарқ нималарда сезилмоқда?

- Менимча, икки жамоада умумий ёндашув деярли бир хил - ҳар куни ўзингизни максимал даражада ишга бағишлашингиз шарт. Акс ҳолда, умумий гуруҳдан тушиб қолишингиз тайин. «Бавария»да Ману Нойер бор - ажойиб йигит, барча даврларнинг энг яхши дарвозабонларидан бири. У ҳаттоки, машғулотларда ҳам енгил гол уришингизга имкон бермайди. Қисқаси, Мюнхенда ажойиб йигитлар даврасида шуғулланиш, ўйнаш мен учун шараф эди, у ерда эсдан чиқмайдиган даврни ўтказдим. Ўйлайманки, агар ёш футболчилардан «Бавария» ҳақида сўрасангиз, фақат ижобий сўзлар эшитасиз. Қисқаси, мен ҳам фаолиятимнинг ушбу бос­қичи учун «Бавария»дан бағоят миннатдорман. Мана, энди «МЮ»даман ва ўйлайманки, фаолиятимдаги янги саҳифа янада ёрқинроқ бўлади.

- Асосий кумирингиз ким?

- Роналдиньо! Айнан у бош қаҳрамоним эди. Тўғри, бироз улғайгач, Ибрагимовичдан ҳам ўзгача илҳом олганман, лекин Роналдиньо асосий кумирим ҳисобланган, барибир.

- Болалигингиз ҳақида...

- Умид қиламанки, онам энди уйга кеч қайтган пайтлар, ҳовлида синдирилган нарсалар учун мени кечиради. Охир-оқибат, ҳаммаси профессионал футболга йўл очди. Умуман, болалигим жуда қувноқ ўтган - тўп ортидан югуриш, вақтни унутиш ва уйга кеч қайтиш. Асосийси, ҳаммаси жуда яхши ривожланди.

 М.ПЎЛАТОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:51, 31.08.2024.
Ўқилди: 1683 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.