Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Блокнот, ручка, айфон, рюкзак ва Ма

Баҳо:
+3 | -

Ўтган ойда Хитойдан журналист келди. Исми Ма Дексинг. 16 йилдан бери футболда. Футбол ҳақида ёзади. Фақат футбол, бокс, теннис ёки спортнинг бошқа турларига аралашмайди. Нони ҳам фақат ва фақат футболдан. Қалами боқади уни.

Ма Хитойнинг “Бейжинг Гуоан” клуби билан Тошкентга келди. Келишидан олдин имейллашгандик. Ҳамма ишни обдон пишитиб кейин чипта олган эди. Ёши ҳам 40 лардан ошган. Кўзойнак тақади. Рюкзаксиз юрмайди. Инглизчаси яхши. Катта тажрибаси бор. Ҳатто, суҳбатларнинг бирида ПФЛ директори Фарҳод Магаметов билан гаплашаётиб, унинг 1994 йилги Осиё ўйинларида иштирок этганини билиб қолди. Хурсанд бўлиб кетиб, қайтадан эсдалик учун суратга тушди. Терма жамоадаги футболчиларнинг, ўша 1994 йилдаги, исмларини айтишда қийналди-ю, аммо рақамларини аниқ айтиб берди.

Яхши журналист.

Яхшилиги шундаки, у Хитой футболига ёрдам бермоқчи. Тинимсиз меҳнати ва тўлиб кетган блокноти ҳаққи ҳурмати, аминманки, бу Хитой Футбол Уюшмасига керак бўлган ёрдам. Оддий маслаҳат ёки омма учун ёзилаётган мақола эмас.

ОАВ Хитойда, айниқса, 80 йиллардан кейин ривожланди. Шу даврдан эътиборан давлат томонидан бошқарилган ОАВ хусусийлаштира бошланди. Электрон медиа тобора ривожланиб бораётганлигига қарамай, газета ва журналлар қизиқиб ўқилади. Мамлакатда 2,200 дан зиёд газета, 7,000 тача журнал чоп этилади. Кундалик газеталар ҳам жуда кўп. Бундай кучли рақобат бозорида интернетдаги материални таржима қилиб газета ёки журнал чиқариш билан жон сақлаб бўлмайди. Журналист ўрнидан туриши керак. Худди полициячи ёки детектив каби иш куни кўчада ўтиб, кечга яқин ишхонага келиши керак. Кун, ҳафта, ой, чорак ва йил учун олдиндан режа тузилиб, жадвал асосида ишлаш керак.

Манинг Тошкентга келиши ҳам узоқ ўйланган режа. Фақат, бунинг учун у қулай фурсат пойлаётган эди. Унинг режаси ОФК Чемпионлар лигасининг қуръаси сабаб амалга ошди. У Ўзбекистонга расмий мусобақада иштирок этиш учун келган биринчи Хитой клуби “Бейжинг Гуоан” делегацияси билан Тошкентга келди.

Манинг фикрича, Ўзбекистон ва Хитой ҳокимият органлари нуқтаи назаридан бир-бирига ўхшаш мамлакат. Хитойлик Ма Ўзбекистон мустақил мамлакатлигини, янги демократик жамият қурилаётганини яхши билади. Аммо, у тарихни ҳам яхши ўқиган. Камида Ўзбекистоннинг собиқ Иттифоқ давридаги бошқарув тизими, аввалги ва ҳозирги Хитойникига ўхшаб кетишини биладиган даражада. Футболи ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатлар камми Осиёда? Масалан, БАА, Қатар ёки узоқ бўлмаган Япония ва Кореяга бориши ҳам мумкин эди. Жуда бўлмаса Европага, Германия ёки Англияга ҳам эшиклар очиқ. Лекин, у Ўзбекистонга келди.

Ма айтади: “Хитой футболи пастга қараб кетди. Ҳали ҳам юқорига қайтиш нияти йўқ. Пул бор, инфратузилма бор. Лекин, натижа йўқ. Терма жамоаларда ҳам, клубларда ҳам. Ўзбекистон эса, аксинча, сўнгги 5-6 йил ичида ривожланиб кетди. Футбол бўйича Осиёнинг энг кучли 4 та жамоасидан бирига айланди. Ўсмирлар, ёшлар терма жамоалари Жаҳон чемпионатларига чиқа бошлади. Мана энди, миллий терма жамоа ҳам бунга яқин турибди. Япония, Корея қандай қилиб ривожланаётганини биламиз. Аммо, Ўзбекистон футболи ниманинг ҳисобига бундай ўсганлигини билмаймиз”.

Газета учун “Бунёдкор” ва “Бейжинг Гуоан” ўртасидаги ўйин ҳақида ёзган Ма сафарининг биринчи кунидаёқ Ўзбекистон Футбол Федерациясига келиб мени топди. Қўлида блокнот. Ичи тўла режа.

Ишни Профессионал футбол лигасидан бошладик. ПФЛ Бош директори Фарҳод Магаметов билан аввалига, ташкилот директори, кейин эса, 1994 йилда ўзи кузатган Осиё ўйинларининг чемпиони сифатида 2 марта расмга тушди.

Суҳбат пайтида, Ма Ўзбекистон чемпионати, Биринчи лига, Ёшлар биринчилиги ҳақида тинмай савол берди. Жавобларни ҳам диктафонга ёзиб, блокнотини ҳам қоралади. “Ёшлар биринчилиги бизда йўқ”, — деди у. Манинг айтишича, клубларда фақат битта, асосий таркиб бор. Ўринбосарлар, ёшлар таркиблари йўқ. Мактаб ва интернати ҳам йўқ, клубларнинг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида клубларга футбол мактаблари ажратиб берилганини эшитиб, блокнотининг энг орқа бетига нимадир ёзди. Хитойчада. Нима ёзганлигини кўрган бўлсам ҳам, ўқий олмадим.

Шу куннинг ўзида у Ўзбекистон Футбол Федерацияси Техник бошқармасида бўлди. У ердагилар инглизча билганликлари учун таржима машаққатидан озод бўлдим. Ҳамкасбларимнинг кейинроқ айтиб беришича, суҳбат камида 2 соат бўлган. Ма бунақа учрашувлардан кўпида иштирок этди. Маъмур Мамадалиев уни “Локомотив” клуби билан яқиндан таништирган бўлса, Баҳодир Мирзаев билан “Бунёдкор” футбол клубида бўлди. “Пахтакор”нинг Доҳадан қайтиши кутиб, Ўзбекистон футзали билан яқиндан танишди. Эртасига ногирон-ампутантлар футболи, аёллар футболи ҳақида ЎФФ мутахассисларидан маълумот олди.

Терма жамоалар мавзусига Ма 1 кун ажратди. Марказ директори Асқар Толибжонов билан гаплашиб, иш тизимини ўрганди. Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамғармаси раиси билан учрашди. Бош котиб билан гаплашди. Хуллас, ҳамма билан суҳбатлашди.

Виза муддати тугаб қолмаганида, у Қашқадарё вилоятига ҳам бормоқчи, “Насаф”, “Машъал”, “Шўртан” ва “Севинч” жамоалари вакиллари билан ҳам учрашмоқчи эди. Режа амалга ошмай қолди. “Пахтакор” билан учрашув ҳам тошкентликларнинг Доҳада бўлганлиги боис кейинроққа қолдирилди.

Яқин юриб, блокнотининг охирги саҳифасига нима ёзаётганлиги кейин билдим. У ҳар бир ташкилот вакили билан учрашганида ҳукумат даражасида қўллаб-қувватлаш ҳақидаги гапни эшитиши билан бу ҳақда ёзиб қўярди.

Футболни ривожлантиришда маблағ жуда муҳим, аммо бирламчи эмаслигига Ма Ўзбекистон мисолида ҳам ишонч ҳосил қилди. У Ўзбекистон Президентининг футболга эътибори жуда ҳам катта эканлиги Ўзбекистоннинг футболда Хитойдан олдинда эканлигининг бош сабаби деб айтди.

“Хитойда футбол ҳукуматни қизиқтирмайди. Юқори лавозимдагилар бошқа спорт тури, масалан, бадминтонга эътиборни кўпроқ қаратадилар. Кўрдимки, кўп нарсада ўхшаймиз. Ўзбекистоннинг устунлик жиҳати мамлакат президентининг футболга бўлган жуда катта эътиборида. Федерацияда ҳам кучли раҳбар ишлайди. Мана шу нарса Хитойда йўқ”, — дейди Ма.

Ма ҳақиқий журналист. У фақат муаммони оммага кўрсатмаяпти. Буни журналистикага энди кириб келган талаба ҳам қойилмақом қилиб бажаради. Ма масалани тубдан ўрганиб, ечим излаяпти. Мақоласининг ҳар бир сўзи вазнига эга бўлиши учун унда иштирок этувчилар билан шахсан учрашиб, уларга ёқмаса ҳам ишини сидқидилдан бажаряпти.

Ма, шунчаки Хитой футболи раҳбарларини танқид қилмаяпти. У Хитой футболи раҳбарларига янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун туркум мақолалар ёзиб, масалага ечим билан ёндашаяпти. Ишлаяпти.

У ёзган мақолаларига фақат гонорар олади. Бошқа манфаат йўқ. Ваҳоланки, қийналмасдан саҳифани интернетдаги материаллар билан тўлдириб, маош олганлиги ҳақидаги ҳисоботга имзо қўйиб кетавериши ҳам мумкин эди. Ёки, мен борман. Интернетда саволлар йўлласа, тайёр материал. Босиб чиқараверади. Лекин, у келиб ўз кўзи билан кўриб, масалаларнинг ҳар бир унсурини хитойча тарозу билан ўлчади. Чамалади. Тирик мақолалар тайёрлади.

Рус тилини биладиган таржимон билан интернет ўзи билганича Ўзбекистон Президентининг фармон ва фармойишлари, қарорлари ҳақида мақола ва ахборотлар топди. Ма Тошкентдалигида Хитойдаги таҳририят уларни таржима қилиб туришади.

Бир ҳафта бирга ишладик. У ортга “Бейджинг” билан жавоб ўйинига учаётган “Бунёдкор” билан қайтди. Мен ҳам ўша рейс билан Кореягача учдим. Самолётда ҳам саволларига жавоб олди. Инчеон аэропортида ажралдик: улар Пекинга, мен Куала Лумпурга.

Биз Ма билан учрашамиз. Хитойда. 6 июнда Хитой ва Ўзбекистон ўртоқлик учрашувини ўтказади.

Санжар Ризаев

Манба: www.sanjarrizayev.blogi.uz
Киритилди: 17:03, 27.04.2013.
Ўқилди: 9676 марта.
Фикрлар: 26 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.