16 ёшли пайтида Риккардо Калафьори «Рома» билан дастлабки профессионал шартномасини имзолаганида, кўпчилик унинг фаолиятини очилмай сўлган гулга қиёслаганди...
УЕФА ўсмирлар лигаси доирасидаги «Виктория» (Пльзен) клубига қарши учрашувнинг 82-дақиқасида унинг ўнг оёқ тиззаси Вацлав Свобода томонидан берилган кучли зарба таъсирида шунчалик шишиб кетдики, чап тиззасидан 3 баравар катта бўлиб қолганди.
Шикастланиш даражасини аниқлашга киришган айрим мутахассислар кўзларига ишонмай қолишди: тизза бўғимлари тўла-тўкис парчаланиб кетганди. Оқибатда, Калафьори 347 кунга сафдан чиқди ва 2019/20 йиллар мавсумини «Рома»нинг ёшлар жамоаси таркибида бошлади. Табиийки, ўта оғир жароҳатдан кейин Риккардонинг аввалгидек тўп сура олишига кафолат йўқ, ҳамма гумондор эди.
Римликлар клубида кўпчилик Калафьорини биларди. Ҳатто асосий таркиб ўйинчиларига ҳам ёш иқтидор яхши таниш эди. Риккардо шифохонага ётқизилганидан кейин бир неча соат ўтгач, Эдин Жеко юқорида зикр этилган «Виктория» дарвозасига гол ургач, захира ўриндиғи томон чопиб кетди ва Калафьорининг рақами туширилган футболкани баланд кўтарганди. Орадан 2,5 йил ўтгач, италиялик ҳимоячи «Аякс»га қарши беллашувда босниялик жамоадошини голли вазиятга олиб чиқиб, ҳисобнинг тенглашишига ва жамоанинг ЕЛ ярим финалига чиқишига ёрдам берди.
Ўшанда «бўрилар» мухлислари жамоа Франческо Тотти ва Даниэле Де Россидек афсоналар ўрнига муносиб номзод топа олганини мамнуният билан таъкидлашни бошлаб юборишган, бироқ ўша пайтдаги бош мураббий бу масалага анча эҳтиёткорлик билан ёндашган, навқирон Риккардо улғайиб олиши учун вақт керак эканлиги, ҳозир унинг зиммасига кучли босим бўладиган вазифаларни юкламаслик лозимлигини айтганди. Йигитчани порлоқ келажак кутаётганига ҳамма ишонч ҳосил қилганди. Бироқ бу юксалиш пойтахтдан ташқари ҳудудда намойиш этилди.
2021 йил ёзида Фонсеканинг «Рома»ни тарк этиши Калафьори учун ўта кучли зарба бўлди ва у «Стадио Олимпико»нинг доимий ўйинчисига айланиш имкониятидан маҳрум бўлди. Чунки жамоа ёш иқтидорларга ортиқча имконият бермайдиган Жозе Моуриньо тасарруфига ўтганди. Кутилганидек, португалиялик мураббий тез орада италиялик иқтидор билан ҳамкорликни тўхтатди.
Ўша йил октябрида Жозе ўзининг янги мутасаддиларига таркибнинг кучсизланиб бораётгани хусусида маълумот беришни режалаштирган бўлса, орадан 3 ойча вақт ўтар-ўтмас, Риккардони «Женоа»га ижарага бериб юборилди. 2021/22 йиллар мавсуми ниҳоясида эса атиги 10 млн. евро эвазига «Базел»га сотиб юборилди. Яқинда Даниэле Де Росси ҳанузгача Калафьорининг кетишини «тушуниш қийин бўлган йўқотиш», деб ҳисоблашини таъкидлаб ўтди. Январь ойида «Рома»га бош мураббий мақомида қайтган ва Моуриньо ўрнини эгаллаган мутахассис шундай келажаги порлоқ ўйинчини арзимас баҳога, кейинчалик қайтариб олиш ёки кейинги трансфердан фоиз олиш шартини қўймаган ҳолда сотиб юборишгани қаттиқ хафа эканлигини такрорлади.
Янги бош мураббий Риккардо ёшлиги сабабли ўша пайтда жамоанинг бошланғич таркибда мунтазам ўйнай олмаслигини, лекин ундаги юксак салоҳиятни тўлиқ ҳис этганлигини тан олди.
Калафьори Римни тарк этишни истамаган бўлсада, бошқа йўл йўқ эканлигини ҳам тушунди: «Моуриньо даврида озроқ тўп сурдим, лекин кўпроқ ўйнашни истадим ва Генуяга йўл олдим. Бироқ у ерда ҳам ишларим қовушмади - «Женоа»да ҳам ўрин беришмагач, «Базель»га ўтишга мажбур бўлдим».
Ўтган йил февралида Хайко Фогель «Базел»да Александр Фрай ўрнини эгаллагач, Риккардо марказий ҳимоячи позициясида тобора кўпроқ ўйин амалиётини ола бошлади. Уни синчковлик билан кузатиб юрган «Болонья» 24,5 млн. евро эвазига Италияга олиб кетгани туфайли, Калафьори Швейцарияда ягона мавсум билан кифояланишга мажбур бўлди. Итальян клубининг ўша пайтдаги бош мураббийи Тьяго Мотта айнан унинг 4-3-3 тактик схемасига мос келадиган ўйинчи эканлигига амин бўлганди. Келишув жараёнида «Базель» «Рома»нинг хатосини такрорламади ва кейинги трансфернинг 40 фоиз унга тегишини шартномага киритиб қўйди. Якунда Швейцария клуби анчадан бери топ-клублар нишонида юрган ҳимоячи туфайли бинойидек фойдага эга бўлди.
2023|24 йиллар мавсумида мухлислар Калафьорининг ёрқин парвозига гувоҳ бўлдилар. Риккардо «А» Серияда мавсумни 5-поғонада якунлаш ва ЕЧЛда саралаш босқичидан ўтиш билан Италия футбол жамоатчилигини лол қолдирган «Болонья»нинг муҳим ўйинчиси эканлигини исботлади. Ўйинни ўқий олиш ва тўпни хотиржам олиб юриш фазилатлари эвазига у жамоага катта манфаат келтира бошлаганди. Мавсум якунига яқинлашган сари, Риккардони Лучано Спаллетти жамоаси таркибида Европа чемпионатида иштирок этишини талаб қилувчилар сони кўпайиб борди. Бу борада айрим гумондорлар ҳам бўлсада, Франческо Ачерби ва Жоржио Скальвинининг жароҳат олишгани Калафьорига Еврога йўл оладиган асосий терма жамоа эшикларини очди.
Риккардо ўзининг узатмалари билан рақиб тўсиқларини осонликча бартараф этиши ва жамоадошлари учун бўшлиқ яратиш хусусиятлари билан танилди. Ўтган мавсумда у 2та гол ва 5та самарали узатмани амалга оширди. Ҳимоячи учун рисоладагидек кўрсаткичлар. «Ювентус» билан қайд этилган жанговар (3:3) дурангдан сўнг унинг жамоадоши ва номдоши бўлмиш Риккардо Орсолини адашини афсонавий Паоло Мальдинига қиёслади. Чунки Калафьори худди Паоло каби марказда ҳам, чап қанотда ҳам ишончли тўп суради. Фабрицио Раванелли эса апрелда Риккардони «Манчестер Сити»да Жон Стоунзнинг идеал ўринбосари бўлишини тасдиқлаганди.
Дарҳақиқат, италиялик ҳимоячи Англияга йўл олди, лекин «Сити»га эмас, балки «Арсенал» сафига ўтди. Келишув қиймати 45 млн. еврога тенг бўлди. Агар «шаҳарликлар» унга қизиқиш билдиришганида, Риккардо ўйин нуқтаи-назаридан, жиддий йўқотишга дуч келмасди. Чунки Микель Артета - Пеп Гвардиоланинг шогирди ва устози каби, у ҳам универсал ҳимоячиларни хуш кўради. Мазкур трансфердан ҳамма улкан муваффақиятни кутмоқда. Бунга Риккардонинг ўзи сабабчи. 6 йил аввал фаолияти «Рома»да бошланиб, ўша мавсум ўша ернинг ўзида поёнига етиши тахмин қилинган ўйинчини энди «Арсенал»даги порлоқ келажак кутмоқда.
Содиқ СОБИР тайёрлади.