Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Дмитрий Плетнёвнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари қандай?

Баҳо:
+ | -

«Сурхон»нинг Суперлигада «чақилмас ёнғоқ» даражасига чиқиб олганида маҳаллий футболчилар қатори россиялик легионерларнинг ҳиссалари ҳам катта.

Хусусан, Дмитрий Плетнёв барқарор ҳаракати билан ажралиб турибди. Гап 2018 йили «Зе­нит»ни бошқарган италиялик машҳур Роберто Манчини назарига тушган ва Санкт-Петербург жамоасининг асосий таркибида бир марта кўриниш берган ярим ҳимоячи ҳақида кетмоқда. Бироқ «Зенит» тарбияланувчиси ҳисобланган футболчи жонажон клуби сафида бошқа майдонга тушгани йўқ. Ваҳоланки, унга Россия футболининг келажак умиди сифатида қарашганди. Қисқаси, Плетнёв жонажон клубида имкониятга эга бўлмагач, тақдир тақозоси билан кейинчалик Марказий Осиёга келди. Яқинда Россиянинг championat.com сайти мухбири «Сурхон» ярим ҳимоячисини суҳбатга тортиб, унинг фаолияти хусусида гаплашди. Биз эса Плетнёв интервьюсини баъзи қизиқарли қисмлари, хусусан, ўзбек футболига тааллуқли жойларини ҳукмингизга ҳавола этишни маъқул кўрдик.

*** 

- Дмитрий, «Зенит» тарбия­ланувчиси сифатида айтинг­-чи, академияда рақобат нечоғли баланд эди?

- Илк қадам - «Смена»га саралаш - норматив топшириш, турли синовлар... Тўғри, ҳаммаси болалар даражасида. Хуллас, «Зенит»га йўл «Смена»дан бошланарди. Ке­йинчалик «Смена»га «Зенит академияси» номи берилди, Нидерландия тизими татбиқ этилди. Яъни даргоҳ болаларни ўқитиш баробарида шуғуллантирадиган махсус мактабга айлантирилди.

- Ҳозирги ҳолатингиздан келиб чиқиб баҳо берсангиз, ўша вақт яхши ўқиб, шуғулланганмисиз?

- Менимча, йўқ. Барча тарбия­ланувчилар бир хил даражада бўлишган. Тўғри, баъзилар қайсидир жиҳатда яхшироқ, бошқасида ёмонроқ. Болалар кейинчалик ўз имкониятлари ва қобилиятларига яраша ривожландилар.

- Академиядан асосий жамоага ўтиш йўлида энг қийини нима эди?

- Албатта, рақобат. «Зенит» ёшлар жамоасида ҳам, «Зе-нит-2»­да ҳам ҳар бир бола асосий таркибда ўйнашга интиларди - соғлом рақобат. Бу руҳий томондан футболчи фаолиятининг энг мураккаб босқичларидан биридир. Сен тезроқ асосий жамоага ўтишни хоҳлайсан, лекин яна 20 нафар тенгдошинг худди шунга интилади. Қисқаси, ёш футболчидан ҳар куни ўз даражасини кўрсатиш талаб этилади.

- 2018 йилнинг қиши. Роберто Манчини сизни асосий жамоа йиғинига жалб этганини кимдан эшитган ва қандай ҳолатга тушгандингиз?

- «Зенит-2» мураббийи Анатолий Давидов биринчи жамоа машғулотларига қўшилишимни айтганида, табиийки, хурсанд бўлдим ва дарҳол ота-онамга қўнғироқ қилдим. Ахир бу мен учун катта янгилик ва фаолиятимдаги муҳим бос­қич эди. Албатта, руҳий томондан тўлиқ тайёр бўлишим кераклигини тушунардим. Бинобарин, академиянинг ҳар бир тарбияланувчиси учун «Зенит» либосини кийиш катта орзу саналади. Шу маънода асосий жамоа йиғинига таклиф олишнинг ўзи - жиддий ютуқ.

- Йиғин давомида асосий футболчилардан қай бири билан кўпроқ мулоқотга киришдингиз?

- Далер Кузяев ва Антон Заболотний билан. Айниқса, Далер кучли таассурот қолдирди, ажойиб йигит, камтар ва самимий. У доим ёрдам беришга тайёр турарди.

- Кузяевнинг Францияга йўл олганига қандай қарайсиз?

- Далер - чинакам спортчи. Россияда етарлича соврин ютди ва тўғри қадам ташлади. Унинг учун хурсандман, ўз кучини Европада синаб кўришга ҳақли эди.

- Йиғинда Манчини билан гаплашганмисиз? У сизга умид боғлаганмиди?

- Йўқ, яккама-якка суҳбатлашмаганман, ҳаммаси режа бўйича давом этган - йиғиндан олдин умумий танишув, кейин амалий ва тактик машғулотлар.

- Яна бир неча ойдан ке­йин «Локомотив»га қарши ўйинда дебют қилгансиз. Ўзингиз эртароқ майдонга тушишни ўйлаганмидингиз?

- Дебютгача кўплаб ўйинлар қайдномасига кирганман, аммо барчаси футболчи эмас, мураббийлар штаби қарашига боғлиқ. Муҳими, «Зенит» либосида ўйнаш орзум амалга ошди.

- Умуман, Манчини ҳақида нима дея оласиз?

- Жуда кучли мутахассис. Катта клубларда буюк футболчилар билан ишлагани шундоқ сезилиб турарди. У ҳар бир вазиятга жиддий ёндашарди, таҳлилий ишларга кўп вақт ажратарди.

- Мавсум якунида ижара келишуви асосида «Том»га йўл олгансиз. Нега?

- «Зенит»да мураббий алмашди. Семак илк учрашувдаёқ менга ўйин амалиёти зарурлигини таъкидлади ва шундай қарор қабул қилди.

- Сизнингча, «Зенит»да ўзингизни кўрсатиш учун нега тузукроқ имкониятга эга бўлмагансиз?

- Очиғи, билмайман, ортга назар солишга хоҳиш ҳам йўқ. Менимча, барчаси кучли рақобатга боғлиқ, лекин ваҳимали жойи йўқ. 

***

— 2024 йил бошида ўзингиз учун янги мамлакат - Ўзбекистон эшигини очдингиз. Таассуротлар қандай?

—Ўзига хос, меҳмондўстлиги юқори даражадаги ажойиб мамлакат. Шахсан менга жуда ёқди. Тошкент - юқори суръатда ривожланаётган замонавий ва чиройли шаҳар. Маҳаллий одамлар жуда меҳрибон ва самимий.

— Ўзбекча таомлар ҳам ёққандир...

— Ўзбек паловига етадигани йўқ, албатта.

— Ҳозир Ўзбекистон футболи кўтарилишда. Шундайми?

— Ҳа, бу ерда ҳаммаси тез ривожланяпти, тараққиёт учун ҳаракат кучли. Буни менга Ўзбекистон чемпионати ҳақида   маълумот берган мураббийлар ҳам эътироф этишмоқда. Қисқаси, ўсиш суръати ошиб бораётгани шундоқ сезилиб турибди.

— Қизиқ, нега айнан Ўзбекистон, хусусан, «Сурхон»ни танладингиз?

— Мураббийлар штаби билан боғланиш имконияти туғилди ва ўз ҳақимда маълумот юбордим. Кейин кўриб чиқиб, қизиқиш билдиришди ва жамоага йўл олдим.

— Клубингиз истиқболи ва вазифалари қандай?

— Чемпионат жадвали жуда зич, жамоалар бир-бирига яқин жойлашган, фарқ атиги 1-2 очкони ташкил қилади. Олдимизга катта вазифа қўйилган, жамоамиз ёш ва интилувчан. Ҳозирда қизиқарли футбол кўрсатишга интиляпмиз. Дейлик, Ўзбекистон кубоги ярим финалига чиқдик. Чемпионатда ҳам муҳим ўйинлар кўп ва жадвалда юқорилаш имкони йўқ эмас.

— Россиялик футболчилар нега Ўзбекистон чемпионатига йўл олишлари керак, сизнингча?

— Бу ерда майдонлар жуда яхши ҳолатда. Шунга яраша ўйин тезлиги юқори, тўпни паст­латиб ўйнаш яхши даражада, ривожланиш имкони бор.

— Ҳозир Аббос Файзуллаев Ўзбекистон футболининг энг машҳур вакилими?

— Албатта, у ҳақда кўп гапириляпти. Бу ерда Аббосга етарлича қайғуришади, ўзи ҳам ўсиши, ўзбек футболини ҳам ривожлантиришини исташади. Оддий айтганда, Файзуллаевни Ўзбекистон спорти тимсоли сифатида кўрмоқчилар. Яна унинг катта клуб - гранд футболга тезроқ ўтишидан умидворлар.

— Россиядан ташқари, Ўзбекистон, Беларусь ва Қозоғистон чемпионатларида ўйнадингиз. Уларни савия бў­йича санаб берсангиз.

— Ўзбекистон ва Қозоғистон чемпионатлари бир-бирига ўхшаш. Қозоғистон лигасида жисмоний кучга асосланган курашга кўпроқ эътибор қаратилади. Умуман, ҳар икки чемпионат жуда яхши ҳолатда. Шундан келиб чиқсак, Беларусь лигаси 3-ўринда.

— Ҳозир 26 ёшдасиз. Олдинда қандай режа ва мақсадлар бор?

— Олдимга узоқ келажакка қаратилган мақсадларни қўймайман. Ҳар куни кечагига нисбатан яхшироқ бўлишга интиламан. Асосий мақсад - майдонда ўз маҳоратимни кўрсатиш, самарали ҳаракатлар билан жамоам ғалабаларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:00, 03.09.2024.
Ўқилди: 1227 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.