Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанец ва футболчимиз Одилжон Ҳамробеков Қирғизистон Республикаси терма жамоасига қарши учрашув олдидан матбуот анжуманида иштирок этди.
Бош мураббий мезбонларга илиқ кутиб олишгани учун миннатдорлик билдирди.
—“Авваламбор, самимий меҳмондўстлик учун ташаккур билдирмоқчиман. Тайёргарлик яхши ўтди, эртанги ўйинга тайёрмиз. Жаҳон чемпионатига йўл олиш учун ҳар бир учрашувда яхши натижа қайд этишимиз шарт.
Адаптация ҳақида
— “Биз қўшнилармиз, ўртадаги масофа жуда яқин ва икки мамлакат ўртасидаги масофани бор-йўғи бир соатда босиб ўтдик. Футболчиларга адаптация учун ҳеч қанча вақт керак бўлгани йўқ.
Сунъий қопламали майдон ҳақида
Афсуски, мен ҳеч нимани ўзгартира олмайман. Агар шу майдонда футбол ўйнашга рухсат берилган бўлса, биз ўйнашга мажбурмиз. Биз ҳеч нимадан қўрқишимиз керак эмас. Юқори техникага эга жамоамиз.
Футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳақида
—Жисмоний ҳолат ёмонлиги ўтган ўйиндан сўнг ортда қолди. Ўша баҳсда биз 11 нафар аскарларга қарши ўйнадик, дейишимиз мумкин. Улар жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда эди. Биз кўплаб вазиятлар яратдик. Ўйлайманки, эртанги баҳсда ҳам устунликка эришамиз.
Фақат югураверишнинг фойдаси йўқ, ақлни ҳам ишлатиш керак. Ўз ўйинимизни намойиш эта олсак, эртага барчаси яхши якун топишига ишонаман. Эртага уч очко учун майдонга чиқамиз”, деди Ўзбекистон мураббийи.
Матбуот анжуманида иштирок этган Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси ҳам эртанги ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— “Мураббийимиз таъкидлаганидек, аввало, меҳмондўстлик учун миннатдормиз. Бу босқичда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ, шундай экан, биз ҳам эртанги баҳсда фақат ва фақат ғалаба учун ўйнаймиз ҳамда ўзимиз учун керакли натижа билан ортга қайтишга ҳаракат қиламиз.
Жамоаларнинг сўнгги қарама-қаршилиги ҳақида
— Осиё кубоги олдидан Қирғизистон жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этганмиз, бироқ ўша баҳс иккала жамоа ҳам кўпроқ жисмоний жиҳатга эътибор қаратган пайтга тўғри келди. Эртанги бўладиган учрашувимиз эса мундиал йўлланмаси учун ҳақиқий саралаш ўйини бўлади. Эртанги учрашувнинг аҳамияти юқори, чунки рақибимиз ўртоқлик ва расмий ўйинларга умуман бошқача тайёргарлик кўради. Ўйлайманки, муросасиз ва қизиқарли баҳс бизни кутиб турибди”, дея футболчининг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси эртага, 10 сентябрь куни Қирғизистон жамоасига қарши майдонга тушади.
Мезбонларга қарши ўзбекистонликлар кўк либосда ўйнайди.