Кириш Регистрация

Сергей Лушан: «Йигитларнинг финалдаги ўйинидан тўқсон тўққиз фоиз кўнглим тўлди»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон кубоги финалидан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” (2:3) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида наманганликлар бош мураббийи Сергей Лушан иштирок этиб, ўйин борасида ўз фикрларини билдирди.

Сергей Иванович одатдагидек, ўз сўзини беллашув борасидаги фикрлари билан бошлади.

— Рақиб жамоани ғалаба билан табриклайман. Улар бунга лойиқ эдилар. Рақибимиз стандарт вазиятлардан яхши фойдалана олиши ва қарши ҳужумларда устунликка эга эканлигини билардик. Қарши ҳужумлар ташкил қилишга имконият бермадик, аммо стандарт вазиятларда рақиб биздан устунлик қилди. “Андижон” футболчилари боши билан яхшироқ ўйнаш олишини исботлашди. Ўйин ҳақида кўп гапириш мумкин, аммо барчаси тарихга айланиб бўлди.

— “Андижон” жамоаси стандарт вазиятлардан яхши фойдалана олишини билардик, дедингиз. Бу аниқ факт эди, шунга яраша машғулотларда шундай вазиятларга алоҳида эътибор қаратилганмиди?
— Сиз қандай ҳужум қилишни ёки қандай тўғри ҳимояланиш устида ишлашингиз мумкин, аммо рақиб жамоанинг стандарт вазиятидан қандай  фойдаланишини билмайсиз ва шу сабабли бу жиҳат устида ишлай олмайсиз. “Андижон” бу жабҳада устунликка эга эканлигини билардик. Биз курашларда мағлуб бўлдик ва шу сабабли, ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик. Бу эса рақиб футболчилари боши билан яхшироқ ўйнай олишига исбот. Машғулотларда бунинг устида ишлаш иложсиз.

— Жамоангизга бугун ҳисобни ушлаб қола олиши учун нима етишмади? “Навбаҳор” ҳисобда олдинда бораётган вақтда “Андижон” ҳеч нима ярата олмаётганди...
— Эътибор ва концентрация. Рақибнинг ҳар бир урган голи қандайдир хато сабабли юзага келди. Андижонликларнинг биринчи голига эътибор беринг, мингта ҳолатдан бор-йўғи бир маротаба бундай гол урилиши мумкин. Бугунги ўйин сценарийси гуё осмонларда ҳал этиб бўлингандек. Иккинчи ва учинчи ўтказиб юборган тўпларимиз эса, ҳимоядаги қўпол хатолардан кейин юзага келди. Футболчилар рақиб ўйинчиларини персонал қўриқлай олишмади.

— “Сўғдиёна”га қарши кечган учрашувдан кейин ҳар бир машғулотларда жамоангиз пенальтилар сериясини машқ қилишди. Бу алоҳида режа эдими?
— Бу табиий ҳол. Ҳар бир жамоа бундай амалиётга қўл уради. Финалларда дуранг бўлмайди ва шу сабабли ҳар бир жамоа максимал тайёргарлик кўради.

— “Навбаҳор” жамоаси намойиш этган ўйиндан бош мураббий сифатида қанчалик қониқдингиз?
— Тўқсон тўққиз фоиз кўнглим тўлди. Йигитлар бугун барчасини тўғри бажаришди. “Андижон” биз учун энг ноқулай рақиблардан бири эди. Бизда етарлича муаммолар бор эди, ҳимоя чизиғимизда катта муаммолар бор. Биз барчаси камчиликларимизни беркитишга ҳаракат қилдик. Бугун Бубанья ва Маматказинлар бизнинг марказий ҳимоячиларимиздан яхшироқ ўйнашди. Футболчиларимга ҳеч қандай эътирозим йўқ, улар барчасини тўғри бажаришди, аммо бугунги натижа осмонларда ҳал этилгандек. Омад кимгадир кулиб боқиши керак эди. Омад бугун рақиб томонда бўлди.

— “Андижон” жамоаси ҳаводаги тўп учун курашларда жуда яхши ўйнай олишидан барча хабардор. Шундай жамоага қарши бўйи паст дарвозабонни майдонга тушириш қанчалик тўғри қарор бўлди, деб ўйлайсиз?
— Санжар Қувватов бугун жуда яхши ўйин намойиш этди. Суюновнинг бўйи баландроқ ва уни бугун майдонга туширсак яхшироқ бўлиши мумкин эди демоқчисиз, аммо ўтказиб юборган голларимизда дарвозабоннинг айби йўқ. Мен яна бир бор такрорлайман, рақиб ҳужумчиларига қарши персонал ўйнаши керак бўлган футболчиларимиз эътиборлироқ бўлишлари керак эди.

— Суперлигадаги “Сўғдиёна”дан, мана бугун эса “Андижон”дан учралган мағлубиятлардан кейин жамоа раҳбарияти сизга ишонишда давом этадими?
— Бу саволни раҳбариятга берасиз. Мени жамоага ёрдам бериш учун чақиришди ва мен келдим. Кетишим кераклиги ҳақида айтишса, кетаман.

— Бугун мураббий сифатида Хомяковга ютқаздим деб ўйлайсизми?
— Кубок финалида мағлуб бўлдик. Финалда руҳий ҳолат катта аҳамиятга эга. Ўйинни ўзингиз кўрдингиз ва футболни яхши тушунасиз. Бугун биз мағлуб бўлдик ва жуда муносиб рақиб бизни мағлуб этди.

— Мураббий сифатида ўз ҳамкасбингизга мағлуб бўлганингизни тан оласизми?
— Бундай майда гапларга аралашиб ўтирмайман. Биз ёш бола эмасмизку. “Навбаҳор” “Ал-Иттиҳод” ва “Ал-Ҳилол” билан дуранг ўйнаганди. Бундай натижалар мени “Ал-Иттиҳод” мураббийидан яхшироқ эканлигимни англатадими? Бу ғалати фикр.

— “Навбаҳор” икки мавсумдан буён ҳалқаро майдонсиз қолиб кетди. Бундай ёмон натижа раҳбарият томондан эътибор ва молиявий ёрдам камайиб кетишига олиб келиши мумкинми?
— Бу саволингизга менинг жавоб беришим нотўғри. Бундай масалалар билан раҳбарият шуғулланади.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: www.pfcnavbahor.uz
Киритилди: 07:00, 07.10.2024.
Ўқилди: 1265 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.